Ушбу саҳифага мактублар орқали ҳам, қўнғироқ қилиб ҳам дардини айтаётганлар кундан кун ортиб бормоқда. Улар кўплиги боис, табиийки, биз чоп этиб улгурмаяпмиз. Аммо аста-секинлик билан барчасини эътиборингизга ҳавола қилиб бориш ниятидамиз. Ушбу мухлисамизнинг ҳам мурожаат қилганига анча бўлганди. Унинг қалбига жо бўлган кечмишларини оққа кўчириш бугунга насиб этган экан...
— Илтимос, менинг исмимни сир тутинг. Эртага бу гапларим опамнинг бошига бало бўлишини истамайман. Тўғри, улар воқеалар ривожидан таниб олишлари мумкин. Шундай бўлса-да, ёзмаганингиз яхши, — дея гап бошлади қўнғироқ қилган қиз. — Ишонасизми, мен опамнинг бунақа тақдиридан кейин турмушга чиқиш ва бахтли ҳаёт кечириш ҳақидаги гапларга ишонмай қўйдим. Ҳатто, қўрқаман ҳам.
Очиғи, опамнинг кечмишларини худди ўзимникидек билиб шу вақтгача юрагимда сақлаб келаётгандим. Лекин ўйлай-ўйлай шундай қарорга келдим. Менинг бу сўзларимни ўқиб, балки айримлар инсофга келар, баъзилар хулоса чиқарар...
Келинг, сизга бошидан айта қолай. Опам биринчи марта аммамга келин бўлди.
— Қариндошчилигим узилмасин, ўзимники барибир ишончли-да, — дея эшик қоқиб келишини канда қилмади аммам.
Ким билсин, опам турмуши яхши бўлишини билганми ё кўнгил қўйгани бўлганми, рози бўлмади.
— Мен ота десанг, аммангга келин бўласан, — деди охири отам қатьий.
Бундай пайтда қиз бола нима ҳам қила оларди?
Тақдирга тан бериб аммамнинг ўғлига турмушга чиқди. Афсуски, борган кунидан бошлаб аммам ўзгарган. Ўзини қаҳри қаттиқ қайноналардек тутган. Бунинг сабабини тушунмаган опам ичидан эзилиб юраверган. Бунинг оқибатида тўрт марта ҳомиласидан жудо бўлди. Албатта, бунинг учун ҳам аммамдан турли кесатиқлар, пичинглар эшитган. Лекин бирор марта бизга айтмасди.
— Опа-уканинг орасини бузмай дердим. Ҳамма дардимни ичимга ютардим, — дейди опам ҳозир.
Сиқилишлар, асаббузарлик болага ҳам таъсир қиларкан. Жиянчам жуда нимжон бўлиб дунёга келди.
— Ўзинг касалмандсан, боланг қаёққа борсин? — дея яна “чақа” бошлаган аммам.
Ундан кейин ўғли дунёга келди.
“Дардни яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деганлари рост экан. Энди биз аста-секин опамнинг ҳаёти ҳақида била бошладик. Бора-бора опамнинг сабри тугади ва охири жанжалларининг устидан чиққан отам ҳам барчасини билди.
— Опа, қизим сизнинг кўнглингиздан чиқа олмаётган экан, майли, олиб кетаман. Сиз ўғлингизни уйлантиринг. Фақат опа-укачилигимизни бу тарзда бузманг! Мени ўзингиздан ҳам, қизимдан ҳам совутманг, — дея отам опамни болалари билан уйга олиб келди.
Укасидан бунақа қарорни кутмагани учунми, алам устидами аммам дарров яна ўғлини бошқага уйлантирди.
— Яхши бўпти, бир пайтлар укамнинг хотини юзимдан “олган”ди. Мана, қасосимни олдим, — дебди тағин тўйга борган бошқа қариндошларимизга.
Бизга ўйга толдик. Наҳот, қайнопа ва келин ўртасида бўладиган майда-чуйда келишмовчиликларни деб опамнинг бахти ҳазон бўлди? Бундан қайси ота-онам эзилмайди, дейсиз? Айниқса, отам ўзини еб битирди. Чунки не ниятларда опамни турмушга берган, тағин мажбурлаб узатган эди-да.
— Уйда болаларинг билан ўтирсанг, зиқ бўласан. Невараларига, ана, ойинг қарайди. Сен ишла, бир иш чиқяпти, — деди бир куни отам айбини ювишга урингандек.
Ростдан бу опам учун жуда яхши овунчоқ эди. Буни қарангки, шу ишхонада қайта бахтини топди, ҳам. Бир бефарзандлик туфайли аёли билан ажрашган эркак қўлини сўради.
Анча кенгаш-маслаҳат билан опамни яна узатдик.
— Мен шунча йил тирноққа зор бўлдим. Агар рози бўлсаларингиз, мен болаларни ўз номимга расмийлаштирсам, — дебди бир куни поччам.
Бунинг учун олдинги поччамнинг яъни, аммаваччамнинг розилиги керак экан. Қўрқа-писа олдига боришди.
— Менга сенинг нимжон боланг нимага керак? Мана, уйландим! Хоҳлаганимча, фарзандли бўлавераман, — дебди беписанд собиқ поччам.
Шундан сўнг поччам тезда жиянчаларимни ўз номига расмийлаштирди. Бу воқеаларга ҳам анча бўлди. Ҳозир улардан бахтли одам йўқ. Афсуски, дунёнинг ками сира битмаскан. Бахт ва қайғунинг ёнма-ён юриши рост экан. Яқин кунлардан буён собиқ поччам опамнинг уйи ёнида пайдо бўла бошлабди. Нима дермиш, денг?
— Менинг сенларга бериб қўядиган болам йўқ! Қизим ва ўғлимни ўзимга қайтариб беринглар! — дея жанжал қилмоқда.
Унинг хотини эса яширинча опамнинг ёнига келиб бошқача гапириб кетибди:
— Болангизни берманг! Берсангиз, кун бермайман! Менинг қўлимда хор-зор бўлиб ўлиб кетади.
Билсак, аммамнинг ўғли ҳозир бефарзанд эмиш. Шунинг учун болаларини опамдан тортиб олмоқчи.
Мен бир нарсага сира тушунмайман: аммам ва унинг ўғлининг асл нияти нима? Нима учун опамни тинч яшашга қўйишмайди? Ахир биз бегоналар эмасмиз-ку! Опам жуда тушкунликка тушиб қолган. Мен сизлардан маслаҳат олиб, унга йўл кўрсатиш учун юрагимдагиларни тўкиб солдим. Айтинг, опамнинг бахтли бўлиши учун қандай йўл тутайлик?
Н.УСАНБОЕВА оққа кўчирди