Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.08.2020 йилдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумот берди.
Жумладан, ўтган давр мобайнида туманнинг “Чимён”, “Хўжакент”, “Сойлиқ” ва “Навобод” ҳудудлари ҳамда “Чирчиқ” ва “Угам” дарёларининг муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар хатловдан ўтказилди.
Ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий яшаш шароитини яхшилаш бўйича нима ишлар қилинди?
Жумладан, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида, жорий йилнинг август-ноябрь ойларида 857 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, бутун дунёда ва шу жумладан, мамлакатимизда ҳукм сураётган короновирус падемияси даврида туман аҳолисини ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида уйма-уй юриш натижасида 715 та оилалар аниқланди, уларга 13 турдаги 200,0 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 25 та оилага 26 млн. сўм нақд пул маблағлари пластик карточкаларига ташлаб берилди. Айрим ночор ва ногирон фуқароларга 1 та музлатгич, 15 та тирик майда шохли чорва моллари, 82 та оилага 20 тадан парранда, 10 та оиланинг ҳар бирига 1 тадан асал ари қутиси тарқатилди.
Куз-қиш мавсумига аҳолини эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда зарур бўлган ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлар билан таъминлаш борасида кескин чоралар кўрилди. Хусусан, 3 та кўп қаватли уй-жойларнинг том ва ер тўла қисмлари таъмирланди, 2 маротаба марказдан узоқлашган аҳолига бепул дори-дармон воситалари малакали шифокорлар билан бирга махсус автомашиналарда юборилди, 5382 тн. кўмир ёқилғиси келтирилиб, узоқ тоғли ҳудудларга автотранспорт ҳаражатларисиз етказиб берилди. Ўз навбатида, 20 та ночор оилага 1 тн.дан жами 20 тн. бепул кўмир маҳсулоти етказилди.
Шунингдек, 2-сектор ҳудудида жами 3 та кўчма экобозорлар ташкил этилиб, улардаги нарх-наволарнинг барқарорлиги устидан департамент ходимлари билан ҳамкорликда назорат тизими яратилди.
Таъмирланган йўллар, янги симёғочлар ва чиқинди муаммолари
Ўтган даврда, 58,1 км. ички йўллар жорий таъмирланди, 25,5 км. пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 8.680 та бетон лотоклар ўрнатилди, 350 та эскирган электр сим ёғоч устунлари олиб ташланиб, эвазига 361 та бетон устун ва таянчлар ўрнатилди, 11 та турли босимдаги трансформаторлар ва 97 та газни тақсимлаш қувурлари жорий таъмирланди, 352 та тунги чироқлар ўрнатилди, 11,1 км. электр симлари янгиланди, 2,2 км. ичимлик суви қувурлари таъмирланди, 25 км. газ қувурлари бўялди, 28.932 та дарахт ва кўчатлар экилди, 3 км. оптик кабеллар тортилди, 14,1 км. масофадаги йўл четида жойлашган уйларнинг ташқи қисми пардозланди.
Ҳудуддан 1.622 та юк автомашинасида 13.880 м.кубдан ортиқ чиқиндилар олиб чиқилди. Шунингдек, 7 та ҳудудга чиқинди тўплаш пунктлари ўрнатилди.
Коммунал тўловларни тўланиши аҳволи ўрганилиб, электр энергиясидан 1.980 млн. сўм, табиий газдан 1.219 млн. сўм қарздорлик ундирилиб, 165 дан ортиқ ноқонуний тармоққа уланган ҳолатлар бартараф этилди.
Ўрганилган ҳудудларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини бузганлиги учун 168 нафар ҳуқуқбузарга 98,1 млн. сўм маъмурий жарима қўлланилди, 285 нафари эса огоҳлантирилди.
Санитария – гигиеник ҳолатлари бўйича аниқланган қонун бузилиши юзасидан 184 нафар шахс маъмурий тартибда 113,4 млн. сўм жаримага тортилди, 361 нафари расман огоҳлантирилди.
Солиқ тўловчи сифатида 4 мингдан ортиқ субъект (дала ҳовли) рўйхатга олиниб, бюджетга 3,1 млрд. сўм солиқлар ундирилиши таъминланди.
Тадбирга мингдан ортиқ шахслар (шундан 65 нафари прокуратура ходимлари)жалб қилинди.
1535 та ҳолатда 85,08 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Муҳофаза ҳудудидларидаги жами 1.535 та ҳолатда 85,08 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва бинолар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан:
– сув ва йўл бўйининг муҳофаза зонасидаги 576 та ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бузиш юзасидан мулк эгаларига огоҳлантириш хатлари берилди;
– 32,64 га ер майдонидаги 396 та ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича судларга даъво аризалар киритилди;
– ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 290 та ҳолатда 35,52 гектар ер майдони заҳирага қайтарилиб, 16,33 гектарда жойлашган 875 та ноқонуний қурилмалар буздирилди.
Бундан ташқари, “Угам” дарёси қирғоқларида жойлашган 136 нафар фуқаролар томонидан ноқонуний қуриб олинган 251 та темир каравот (тапчан), 44 та омборхона, сув насослари, тандир, 37 та ёзги ошхона, 47 та ҳожатхона, 28 та ҳовуз, қишки ошхона ва 6 та гаражлар буздирилди.
Ўрганишда, 232 та деҳқон хўжаликлари томонидан ўз вақтида тўланмаган 110 млн. сўм солиқ тўловлари ундирилди.
Биргина, дарёнинг “Беш тут” маҳалласидан оқиб ўтган қисмидаги муҳофаза зонасида фуқаро Қ.Мухторов томонидан ноқонуний равишда 0,02 га ер майдони девор билан ўраб олиниб, ўзбошимчалик билан 2 та бостирма, 1 та ошхона қуриб олинганлиги аниқланиб, ноқонуний қурилмалар бузилиб, ер майдони туман заҳирасига қайтарилди.
Тадбир давомида туман ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги 97 та ноқонуний қарорлари аниқланиб, прокурор протести асосида бекор қилиниши ҳамда 111,8 гектар ерларни заҳирага қайтарилиши таъминланди.
Назорат тадбирлари: 15 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди
Назорат тадбирлари давомида ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича 576 та ҳолатда огоҳлантириш хатлари берилди, туман ҳокимининг ер ажратиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги 97 та ноқонуний қарорлари протест келтириш йўли билан бекор қилинди, судларга 396 та даъво ариза киритилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят ишлари қўзғатилиб, 15 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Масалан, фуқаро М.Балтабаев Бўстонлиқ тумани, Кичиксой м.ф.й., Кўхнақўрғон кўчасидаги давлат заҳирасидаги ер майдонидан 0,0330 гектарини сохта ҳужжатлар асосида, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Бўстонлиқ тумани филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, ВМнинг 461-сонли қарорига зид равишда Бўстонлиқ туман ҳокимининг 24.07.2019 йилдаги 6002-сонли қарорини чиқартириб, ноқонуний эгаллаб олган.
Макур ҳолат юзасидан, фуқаро М.Балтабаев, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Бўстонлиқ туман филиали раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи А.Абдуллаев ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ноқонуний қурилма объектлари ва бино-иншоотлари қурмаслик тушунтирилмоқда
Тошкент вилояти ва туман прокуратураси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан мунтазам равишда фуқароларга муҳофаза минтақасида ноқонуний қурилма объектлари ва бино-иншоотлари қурмаслик ҳақида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Мисол учун, ўрганилган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ноқонуний қурилмалар, темир каравот (тапчан), ёзги ошхона ва бассейнларни давлат ва жамият манфаатларига келтираётган зарарлари, ҳуқуқий оқибатлари ва жазо муқаррарлиги хусусида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Айниқса қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ер билан боғлиқ фирибгарлик муносабатларини олдини олиш мақсадида аҳоли гавжум (бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа) жойларида прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари билан ишлаб чиқилган буклетлар тарқатилиб, аҳолининг ҳуқуқий саводҳонлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси фаолияти бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 августдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора - тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6053-сонли Фармонининг 13-бандида Тошкент вилояти табиатини муҳофаза қилиш, ер ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилаш ҳамда экотуризмни ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан самарали назоратни ташкил этиш ҳамда ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ноқо- нуний объектлар қурилишининг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура тизимида Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ҳамда ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратурани ташкил этиш белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорнинг 2020 йил 14 октябрдаги 1152-сонли буйруғи билан Тошкент вилояти прокуратураси тизимида Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ташкил этилди.
Шунингдек, Бош прокурорнинг 2020 йил 18 сентябрь кунидаги 45 - Б - сонли буйруғига асосан Бўстонлиқ тумани ҳудудида туризмни ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат фаолиятини мувофиқлаштириш ва унга раҳбарлик қилиш Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Юлдашев зиммасига юклатилди.
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасида прокуратура органлари тизимига туман прокуратураларига тенглаштирилган, ҳудудий ҳарбий, транспорт ва ихтисослаштирилган прокуратуралар кириши кўрсатилган.
Қонуннинг 12 - моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бош бошқармалар, бошқарма ва бўлимлар тузилиши белгиланган.
Шу боис, Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси туман прокуратурасига тенглаштирилган ихтисослаштирилган прокуратура сифатида Тошкент вилояти прокуратураси тизимида ташкил этилди.
Ихтисослаштирилган прокуратура 10 та тезкор ва 4.5 та техник ходимлар билан тўлиқ таъминланган. (Прокурор, 2 та прокурор ўринбосари, 3 та прокурор катта ёрдамчиси, 3 та ёрдамчи, 1 та терговчи).
Ихтисослаштирилган прокуратурага Мажбурий ижро бюросининг Бўстонлиқ туман бўлимининг Бўстонлиқ тумани, Ғазалкент шаҳри, Шифокорлар кўчаси, 4-уйдаги маъмурий биносидан 15 та хона ажратилган: мебель, оргтехника, компьютер, алоқа ва электрон ҳужжатлар айланиш дастурига уланиш воситалари билан таъминланган.
Шунингдек, ихтисослаштирилган прокуратура томонидан қонунчилик ижроси бўйича назорат қилиниши белгиланган объектлар рўйхати шакллантирилиб, келгусидаги фаолияти юзасидан йўл харита ишлаб чиқилди.
Фармон асосида Ихтисослаштирилган прокуратуранинг ташкил этилганлиги, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш имконини бермоқда.
Хусусан, Ихтисослаштирилган прокуратура томонидан 251 та ер ва ердан, 32 та сув ва сувдан, 3 та ер ости фойдали қазилмаларидан фойдаланишларда, 1 та ўсимлик дунёси ва ундан фойдаланиш, 18 та чиқиндилар, 24 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, 3 та туризм соҳасини ривожлантиришга оид қонунлар ижроси бўйича қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жумлдан, Бўстонлиқ туман бўйича 251 та ҳолатда 32 гектар ер майдони, яъни 27,8 гектар қишлоқ хўжалиги, 1,67 гектар ўрмон фонди, 2 гектар аҳоли пунктларидаги ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги ва ноқонуний қурилмалар қурилганлиги аниқланган.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолати бўйича 3,3 гектар ер майдонидаги қурилмалар буздирилган.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунлар ижроси ўрганилганда, Бўстонлиқ туманнинг Янгиқўрғон МФЙ ҳудудидаги Бурчимулло ўрмон хўжалигига қарашли 1 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, 4 та уй-жой қурилганлиги аниқланганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, туманда чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизими таҳлил қилинганида “Тоза ҳудуд” ДУК Бўстонлиқ тумани филиали томонидан туман аҳолисининг 66 фоизига (112.694 нафар) тасдиқланган йўналиш жадвалига асосан хизмат кўрсатиб келаётганлиги аниқланган.
Бироқ, тумандаги 7 та маҳалла фуқаролар йиғинидан9.115 нафар аҳолига бундай хизматлар кўрсатилмаган.
Таҳлиллар, ушбу ҳудуд аҳолиси томонидан атроф муҳитга бир ойда 205,1 тн, бир йилда 2.460 тн, сайёҳлар томонидан ёз ойларида бир кунда 60-67,5 тн мавсум давомида 5.400-6.075 тн. (80-90 минг нафар сайёҳ) атрофида ташланаётганлиги кўрсатмоқда.
Аниқланган қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 2 та тақдимнома киртилган.
Шунингдек, Тошкент туманидаги “Гранд милк” МЧЖ томонидан ўсимлик дунёси ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилиб, 41 туп 1,5 млрд. сўмга тенг манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб ташланганлиги аниқланган. Шу каби ҳолатлар Бўстонлиқ ва Қибрай туманларида ҳам аниқланган.
Жумладан, Салар каналининг Зангиота туманидан оқиб ўтувчи қисмида сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар ижроси текширилганида, юридик ва жисмоний шахслар томонидан 19 та ноқонуний қурилмалар қурилганлиги, 11 та ҳолатда оқова сувлари каналга ташланганлиги ҳолатлари бўйича 11 та расман огоҳлантириш, 6 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилган.
Шунингдек, тумандаги “IMRONBEK SERVIS” МЧЖга қарашли автомобиларни ювиш шаҳобчаси, “KAMRON” МЧЖга қарашли спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш корхонасиларидан ҳосил бўлаётган оқова-сувларни тозаланмасдан тўғридан-тўғри оқизаётганлиги ҳолати бўйича компенсация тўловлари ҳисобланган.
Шу каби ҳолатлар, Янгийўл туманида ҳам аниқланилган ҳолатлари бўйича 11 та расман огоҳлантириш, 6 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилган.
“Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонун ижроси устидан назорат тадбирлари жараёнида, Ангрен шаҳрида фаолият юритаётган “ART Techno Enjeneering” МЧЖ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан Жигаристон МФЙ, Навгарзон ҳудудидан 12939,2 м3 тоғ жинслари (кўмир), Паркент туманида фаолият юритаётган “Маъмуржон ғишт сервис барака” МЧЖ томонидан ғишт ишлаб чиқариш учун тегишли лицензия олмасдан 44952 м3 тупроқ қазиб олганлиги аниқланиб, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Соҳада назорат тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида, прокуратура ва экология ходимларини билими ва касбий малакасини ошириш борасида Бош прокуратура Академияси ҳамда Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Бош прокуратура академияси, Ихтисослаштирилган прокуратура ва Экология давлат қўмитаси томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва уларга нисбатан чора кўриш жараёнини шаффофлаштириш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан чора кўриш жараёнидаги коррупция ҳолатлари ва инсон омилига чек қўйиш, давлат ва жамоатчи инспекторлар малакасини ошириш мақсадида, электрон мобил илова яратилмоқда.