Шарқ халқларида қадим-қадимдан оиланинг ўзига хос тарбия ва маънавият мактаби яратилган. Унда умумахлоқий, умуминсоний қадриятлар ўз ифодасини топган бўлиб, асрлар давомида сайқалланиб келмоқда. Афсуски, айрим ота-оналар фарзанд тарбияси борасидаги ўз бурчларини унутиб қўймоқдалар.
Баъзилари эса нафс балосига йўлиқиб, ўз жигарбандини жиноят йўлига етаклаб, қотилликка қўл урмоқда. Сирдарё вилоятининг Ховос туманида содир бўлган фожеа фикримиз далилидир.
Ўтган йили декабр ойининг бошларида Ховос шаҳарчаси, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Фирдавсий кўчаси, 96-уй, 2-хонадонда яшовчи Валентина Косицина кўринмай қолади. Қўшнилари нафақадаги қариянинг эшиклари очилмаётганидан хавотирланиб, маҳалла раисига мурожаат қилади.
Дастлаб, Ховос шаҳарчаси милиция бўлинмаси 1943 йилда туғилган Валентина Косицинанинг бедарак йўқолганлиги ҳолати бўйича, суриштирув-қидирув ишларини бошлаб юборади. Қўни-қўшнилар, таниш-билишларнинг гапига қараганда Валентина Косицинанинг яқин қариндошлари бўлмаган. Ховос шаҳарчасидаги ўрта мактабда рус тили фанидан сабоқ берган, нафақага чиқиб, тинч-тотув яшаб келаётган эди.
Аммо 17 декабрь куни Жанубий Мирзачўл каналидан топилган аёл кишининг мурдаси ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборди. Зудлик билан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, воқеа жойига етиб борилди.
Ҳаммага меҳр-мурувват кўрсатувчи, ҳамманинг кўнглини олгувчи, сер-салом, собиқ ўқитувчи, нафақадаги Валентина Косицинанинг ўлими кимга керак бўлдийкин? Бутун умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаб, турмуш қурмай, фарзанд кўрмай ўтган аёлнинг фожеали тарзда ўлим топиши ховосликлар юрагига қаттиқ зарба бўлиб урилди.
Ховос қўрғони — бировнинг оёғига тикан кирган кирса ёки бирор бола бехосдан йиқилиб тушиб йиғласа, ҳамма эшитадиган, тўғрироғи булбулнинг инидай жой. Одамлар бу шаҳарчада яқин-ўртада бундай фожеанинг гувоҳи бўлмаган эди. Бироқ, ўлим ҳақ, экпертиза қария кампирнинг қийнаб ўлдирилганлиги ҳақида хулоса бераяпти.
Тергов гуруҳи Валентина Косицинанинг ўлими билан боғлиқ турли тахминларни текшириб чиқиш борабарида кейинги пайтларда қария кампирнинг уйига Гулнора Давлетова деган тадбиркор аёл серқатнов бўлиб қолганлигини аниқлади.
Гулнора Давлетова, Ховос қўрғонида обрў-эътиборли, ўз шахсий бизнесига эга ишбилармон аёллардан бири. Гулноранинг таниш-билиши, ёру жўраси, олди-берди қиламан, деса атрофидаги одамларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Хуш, унда нафақада яшовчи кампир нимаси билан Гулноранинг эътиборига тушдийкин? Балки, ёлғиз қариянинг ҳолидан хабар олиб туришни, иссиқ-совуғидан, бор-йўғидан хабардор бўлишни қаттиқ кўнглига солгандир. Янаям ким билсин.
Ҳа, халқимизда “Оч бола билан тўқ бола ўйнамайди” деган гап бор. Гулнора Давлетова бекордан-бекорга Валентина Косицинанинг уйига серқатнов бўлмаган экан. Аввал, ўзи кейин ўғли Баҳодирни кампир билан таништириб, электромассаж аппаратлари ёрдамида массаж қилиб, нима қилиб бўлсада кўнглини овлаб, мол-мулкини, уй-жойини қўлга киритиш йўлларини излай бошлайди. Ҳатто ўзини насронийликни қабул қилган аёл қилиб кўрсатиш учун Валентина опа билан икки марта Тошкент шаҳридаги Миробод тумани ҳудудида жойлашган черковга бирга бориб ҳам келган. Аммо Валентина Косицина Гулноранинг алдовларига кўнмаганидан кейин зўрлик ишлатиб бўлсада ниятига эришмоқчи бўлади.
Халқимида “Мол молга етгунча, азроил жонга етади” деган гап бор. Бу- очкўз, мечкай, молпараст одамларнинг ҳаддан ташқари мол-дунё йиғаман деб ўзини ўтга-чўққа уриб, умри тугаб кетиши яъни охири ўлим билан тугаши деганидир.
Гулнора Давлетова, Валентина Косицинанинг уй-жойига, банкдаги жамғариб келаётган пенсия пулларига эгалик қилиш учун қилган ҳаракатлари зое кетганидан кейин уни дастлаб уйига, сўнгра, бозор ичидаги омборхонага ғайриқонуний равишда қамаб қўяди. Калтакланган кампирни, баданининг турли жойларига етказилган тан жароҳатлари битиб кетгунча оч-ноҳор ўшлаб туришади. Ва бу ҳақда маслаҳат олиш учун қариндоши, муқаддам бир неча бор судланган Улуғбек Арзиқуловнинг олдига боради.
15 декабр куни кеч соати тўққизларда Улуғбек Арзиқулов, ўзининг “жигули” автомашинасида Гулнора Давлетованинг Ховос шаҳарчасидаги уйига боради. Режага биноан, Улуғбекнинг кўрсатмасига асосан аввал кампирнинг қон томирига ухлатадиган укол қилишади. Сўнгра, уриб-калтакланган Валентин Косицинани, Гулнора Давлетова ўғли Баҳодир билан мажбурлаб машинага олиб чиқишади.
Улуғбек Арзиқулов ўз бошқарувидаги машинасини Жанубий Мирзачўл каналининг Ховос шаҳарчасидан анча олис томонига қараб ҳайдаб боради. Машинасини канал яқинига тўхтатиб, аввалдан тайёрлаб қўйилган арқон билан кампирни Улуғбек билан Баҳодир бўғишади. Типирчилаб жон талашиб ётган қариянинг бўйнига эса Гулнора Давлетова пичоқ тортиб юборади. Сўнг мурдани йўқ қилиш учун каналга ташлаб юборишади
Қўлини қонга ботирган, фарзандини эса жиноятга бошлаган ховослик Гулнора Давлетовага бир муштипар аёлнинг уй-жойи, мисқоллаб йиғган нафақа пули керакмиди? У шунга муҳтожмиди? Унинг Ховос шаҳарчасида данғиллама уйи, савдо дўкони яна қанчадан-қанча тадбиркорлик йўли билан келадиган даромадлари бор эди, бахти бекам эмасди. Қайта-қайта турмуш қуриб ҳам тинчимаган Гулнора Давлетованинг кейинги пайтларда кўзини мой босиб, қандайдир одамлар билан ишқий муносабатларга киришиб юрганини бутун ховосликлар биларди. Уни ана шу жирканч ишлари тубанлик сари етаклаб, тубсиз жарга ташлаб юборди. Афсус, минг афсус...
Жўра БОБОРАҲМАТОВ