АсосийIqtisodiyot

Ўзбекистонда илк бор исломий облигациялар (сукук) чиқарилиши режалаштирилмоқда.

'Ўзбекистонда илк бор исломий облигациялар (сукук) чиқарилиши режалаштирилмоқда.'ning rasmi

Бу ҳақда  Олий Мажлис қуйи палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.  

Мамлакатда исломий молиявий хизматларни жорий этиш, бунинг учун зарур ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келганлиги Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири бўлди, дейди депутат. У исломий молиялаштиришни мамлакатимизда жорий этиш ва ривожлантиришнинг бир нечта ижобий натижаларни ҳам санаб ўтган. 

"Биринчидан, бугунги жадал иқтисодий ривожланиш жараёнлари ва ислоҳотлар олиб борилаётган вақтда давлат ва тадбиркорлар учун мазкур ислоҳотларни амалга ошириш ва молиялаштириш учун молиявий ресурслар керак. Ушбу ҳолатда исломий молиялаштириш тизимини жорий қилиниши мамлакат ривожланиши учун муҳим бўлган молиявий ресурсларни жалб қилишда янги манбаа бўлади.

Иккинчидан, ўзининг диний эътиқодидан келиб чиққан ҳолда анъанавий кредитлаш ва молия бозорларида иштирок этишни истамайдиган кўплаб салоҳиятли тадбиркорларимиз учун ўз бизнесларини кенгайтириш ва ривожлантириш қийин кечмоқда. Исломий молиялаштириш жорий қилиниши эса шу каби кўплаб тадбиркорларимизга "ҳалол" молиялаштириш  инструментларидан фойдаланган ҳолда ўз бизнесларини ривожлантиришга замин яратади.  

Учинчидан, ислом эътиқоди сабаб ўз шаҳсий жамғармаларини ёки ҳаж амаллари ва умра зиёратларини адо этиш учун бир неча йиллар жамғариб бораётган маблағларини тижорат банкларида омонат кўринишида сақламай келаётган, акция ва облигацияларни харид қилмаётган юртдошларимиз ҳам талайгина. Исломий молия тизими эса мана шу маблағларни ҳам капитал бозорига жалб қилишга, улардан иқтисодиётимиз ривожи учун фойдаланишга имкон беради.

Тўртинчидан, ҳозирда дунё бўйича жами исломий активлар қиймати 2,4 трлн. АҚШ доллардан ошган бўлиб, келгуси йилларда бу рақам юқори суратларда ўсиб бориши тахмин қилинмоқда. Исломий автивларнинг катта қисми асосан Малайзия, Эрон, Саудия Арабистони, БАА каби давлатлари ҳисобига тўғри келиши ҳамда минтақа давлатларида бу тизим етарлича ривожланмаганлиги инобатга олинса, Исломий молия тизимини жадаллик билан жорий этиш орқали нафақат мамлакат молия бозорини ривожлантириш, балки Ўзбекистонни минтақадаги асосий Ислом молия марказига айлантириш имконияти бор. Бу орқали мамлакат капитал бозорига Марказий Осиё, Афғонистон ва Россия Федерацияси мусулмонларининг катта ҳажмдаги жамғарма ва инвестицияларини жалб қилиш мумкин бўлади.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан жорий йил тажриба тариқасида Ислом тамойилларига асосланган Сукук облигацияларини (эмиссиявий қимматли қоғоз) мамлакатимизда илк бор жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда, Агентлик томонидан Ислом Тараққиёт Банкининг техник кўмаги асосида Сукук облигацияларини чиқариш бўйича кенг қамровли муҳокамалар олиб борилмоқда.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ислом молия тизимининг ривожланиб бориши учун мамлакатда соҳага оид мукаммал ҳуқуқий асослар яратиш, кадрлар тайёрлаш ва  аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш ўта муҳимдир. Мисол учун, айнан мукаммал ҳуқуқий асослар яратилмаганлиги Қозоғистон ва Озарбайжонда исломий молиялаштириш бозори ривожланишига асосий тўсиқ бўлганлигини кузатиш мумкин.  

Шу боис, жорий йилда Олий Мажлис палаталари олдида исломий молияга оид зарур ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш вазифаси турибди. Бунда бир қатор қонунлар, жумладан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ислом молия тизими ва тушунчаси, молиялаштириш турлари, уни жорий этиш тартиби аниқ ва мукаммал ёритиб берилиши талаб этилади.  

Умид қиламанки, Ислом тамойилларига асосланган Сукук облигацияларини мамлакатимизда тажриба тариқасида жорий этилиши муваффақиятли бўлади ҳамда капитал бозорнинг ривожланишига, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади" , дея таъкидламоқда Дониёр Ғаниев

    Бошқа янгиликлар