АсосийIqtisodiyot

Халқаро молия ташкилотларининг Ўзбекистоннинг қисқа ва ўрта муддатли иқтисодий ўсиши ҳақидаги прогнозлари қандай?

'Халқаро молия ташкилотларининг Ўзбекистоннинг қисқа ва ўрта муддатли иқтисодий ўсиши ҳақидаги прогнозлари қандай?'ning rasmi

Халқаро молиявий-иқтисодий ташкилотлар (ХМТ) мамлакатлар миллий иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим рол ўйнамоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилдан буён мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари янги тарихий босқичга кўтарилди.

Давлатимиз раҳбарининг республикадаги ХМТ фаолиятига муносиб муносабатининг яна бир мисоли – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилишидир. Кенгаш фаолиятининг асосий йўналиши – бу Ўзбекистондаги қулай, шаффоф ва конструктив ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш. 

2017 йилда бошланган иқтисодий ислоҳотлар иқтисодий ўсишнинг янги омилларини фаоллаштириш – инвестиция муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ташқи савдони фаоллаштириш ва макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Бу ХМТларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини мустаҳкамлашда ўз аксини топди, бу эса йирик халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ва грантлар ҳажмининг ошишига олиб келди. Aҳолининг фаровонлигини ошириш, камбағалликни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш ва коммунал хўжаликларни давлат томонидан реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тадбирлар турмуш тарзи, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган энергия, сув таъминоти, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун катта ҳажмдаги инвестицияларни талаб қилади.

Ички имкониятлар чекланганлиги сабабли ХМТ томонидан ажратилган кредитлар ва грантлар инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини молиялаштириш учун ишлатилмоқда. Хусусан, 2021 йил 1-январь ҳолатига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 17,5% ёки 3,7 млрд. долл. давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,4% ёки 2,6 млрд. долл. энергетика соҳасига, 13,7% ёки 2,9 млрд. долл. электр энергетика соҳасига, 11,5% ёки 2,4 млрд. долл. транспорт ва транспорт инфратузилмаси соҳасига, 11,0% ёки 2,3 млрд. долл. эса уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига йўналтирилди.

Давлат томонидан жалб қилинган ташқи қарзларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,0 млрд. долл.), Жаҳон банки (3,7 млрд. долл.) ва Ислом тараққиёт банкига (0,9 млрд. долл.) тўғри келади. Шуни таъкидлаш керакки, ташқи қарз олиш манбаларининг диверсификацияси таъминланди ва хорижий давлат молия институтларининг давлат ташқи қарзидаги улуши 44,0% ташкил этади.

Миллий иқтисодиётни ривожлантиришни молиялаштиришда ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фаол роль ўйнаган ХМТ иқтисодий вазият мониторинги ва таҳлилини амалга ошириб, доимий равишда унинг ривожланиш истиқболларини баҳолайди. Бундай прогнозларнинг аҳамияти шундаки, халқаро ташкилотлар дунёнинг ривожланаётган мамлакатлари бўйича таҳлил ва прогноз қилишда етарли тажрибага эга.

Прогноз йилининг бошланишидан ярим йил олдин, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон ЯИМ бўйича халқаро молия ташкилотларининг ретроспектив прогноз баҳоларини таққослаш инқирозсиз ривожланиш шароитларида ХМТ прогнозларининг юқори аниқлигини кўрсатмоқда. Жаҳон банки ва Ислом банкининг прогноз баҳолари ушбу кўрсаткичнинг 2017-2019 йилларга мўлжалланган қийматларидан деярли фарқ қилмади. 

Осиё тараққиёт банкининг прогноз баҳоси фақат 2017 йилга келиб ҳисобот қийматидан 2,5 фоиз пунктга ошди, кейинги 2 йил давомида эса ушбу оғишлар нолга тенг бўлди. Fitch Ratings, Moody`s и Standart&Poor`s рейтинг агентликларининг прогноз баҳоларида ҳам одатий ўзига хос жуда кичик оғишлар бўлди. Буларнинг барчаси эса мамлакат ва жаҳон иқтисодиётининг инқирозсиз ривожланиш даврида ушбу Халқаро молия ташкилотларининг прогноз баҳоларини етарлича ишончли деб ҳисоблашга имкон беради.

2020 йил охири – 2021 йил бошларида ушбу Халқаро молия ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон ЯИМнинг прогноз баҳоларига кўра, жорий 2021 йилда иқтисодий ўсиш 4,3%дан 6,8%гачани (консенсус баҳоси 5,6%) ташкил этади. Ҳисобот даврининг кейинги йиллари учун одатда худди шундай баҳолар мавжуд. Бу эса 2017 йилдан буён мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни ўз ичига олган сиёсатига халқаро ташкилотларнинг бўлган юқори даражадаги ишончидан далолат беради.

Миллий иқтисодиётни ривожлантириш истиқболларини баҳолашда ЯИМнинг прогноз баҳоларига қараганда ХМТларнинг муҳимроқ фикри ушбу прогноз-мақсад кўрсаткичларига эришишни таъминлайдиган шарт-шароитлар ва омиллар бўлиб ҳисобланади. Ушбу ташкилотларнинг Ўзбекистонни ривожлантириш истиқболларига боғлиқ бўлган баёнотларини умумлаштириш шуни кўрсатадики, пандемия инқирози оқибатларини тезда бартараф этиш чоралари муҳим аҳамият касб этади. ХМТ таҳлилига киритилган деярли барча шартлар республика аҳолисини ва Марказий Осиё минтақасининг барча давлатларини кенг миқёсда эмлаш жараёнини имкон қадар тезроқ бошлаш зарурлигини тақазо этмоқда.

Шартларнинг иккинчи гуруҳи аҳолининг кенг қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини қамраб олиш, бюджет ташкилотларида банд бўлган ходимлар иш ҳақини ошириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, саноат, хизмат кўрсатиш ва тармоқлараро муносабатларда таъминот занжирларини тиклаш орқали ички талабни қайта тиклаш билан боғлиқ. 

ХМТ мутахассисларининг фикрига кўра, ташқи омил ҳам муҳим роль ўйнайди. Миллий иқтисодиёт ўсишининг 5 фоиздан юқори даражада тикланишининг шарти – бу Ўзбекистон экспорт товарларига ташқи талабнинг тикланиши ҳисобланади. Бунда халқаро иқтисодий интеграция лойиҳаларига, шу жумладан, Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусига қўшилиш муҳим шарт ҳисобланади. Шу билан бирга, иқтисодий ривожланишнинг бир лаҳзали конъюнктураси олдида миллий манфаатларнинг устуворлиги тамойилига риоя қилиш муҳимдир.

Шу билан бирга, инқирозгача бўлган даврдаги иқтисодий ўсиш суръатларини тиклаш учун зарур бўлган шарт-шароитларни шакллантириш йўлида хавф-хатар ва тўсиқлар мавжуд. 2021-йил бошланиши учун хос бўлган Марказий Осиё минтақаси аҳолисини оммавий эмлаш билан боғлиқ ноаниқлик ҳолати шундан далолат беради. Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсишни 3 фоизгача тиклаш, янги трансчегаравий транспорт коридорларини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, чет эл инвестициялари ва замонавий технологияларни жалб қилиш учун шароит яратиш хатарлари юқори бўлиб қолмоқда.

Уй хўжаликлари даромадлари ва ички талабнинг тикланишига нархлар ўсишининг юқори даражасининг сақланиб қолиши, ташқи савдо балансининг мувозанатлашмаганлиги, миллий валюта девальвациясининг юқори суръатлари, ишсизликнинг юқори даражаси ҳамда яширин бандлик тўсқинлик қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига эса ноқулай иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг етишмаслиги, логистика тизимининг ривожланмаганлиги тўсқинлик қилмоқда, бу эса сабзавот ва меваларни қўшни давлатларга экспорт қилиш имкониятларини чеклайди.

Инқирозгача бўлган даврдаги иқтисодий ўсишни тиклаш учун хавф туғдирадиган бошқа тўсиқлар ҳам мавжуд. Уларнинг чекланиши минтақа давлатларининг пандемия инқирози, салбий иқлим ўзгаришлари оқибатларини бартараф этиш, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишни таъминлаш, мулк ҳуқуқи ва давлат муассасаларининг салоҳияти кафолатларини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қўшимча чораларни кўришни талаб қилади.

Иқтисодиётнинг хомашёга йўналганлигини енгиб ўтишда қайта ишлаш саноатини ва замонавий хизмат турларини жадал ривожлантиришга, ички ривожланиш манбаларини фаоллаштиришга, янги барқарор иш ўринларини яратиш ва камбағалликни камайтиришда иқтисодий ўсишнинг қўшган ҳиссасини оширишга йўналтирилган янги ресурстежовчи иқтисодий ўсиш моделига ўтишда янада кўпроқ қатъиятли қадамларни талаб этади.

Ушбу муаммоларнинг ечими амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, мавжуд иқтисодий бошқарув тизимини модернизация қилиш, уни индикатив стратегик режалаштириш тамойилларига ўтказиш, долзарб иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда давлат аралашувини чеклаш, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга кўпроқ ҳуқуқ ва эркинликлар бериш билан боғлиқдир.

 

Сергей Васильевич Чепель, Иқтисод фанлари доктори, 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти бош илмий ходими

Нодиржон Садирович Садриддинов, мустақил изланувчи, 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари ўринбосари

 

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар