Тошкент вилоятининг Чиноз туманида рўй берган фожиали оилавий можаро бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов берган маълумотга кўра, укаси томонидан пичоқлаб ўлдирилган аёл иши юзасидан жиноят иши якунланди.
Маълумотларга кўра, марҳума аёл икки фарзанди билан ажрашганидан сўнг, онаси ва укаси билан бирга яшаб келган. Оиладаги молиявий муаммолар, хусусан кредит тўловлари сабабли опа-ука ўртасида тез-тез келишмовчиликлар кузатилган.
Судланувчининг айтишича, ҳодиса куни опаси унга пичоқ билан ҳужум қилиб, қўлидан жароҳатлаган. Ўзини йўқотган ҳолда укаси 60 марта опасига пичоқ билан зарба берган. Аёл оғир жароҳатлар туфайли воқеа жойида вафот этган. Судланувчи эса жасадни гиламга ўраб, бир ҳафта давомида балконида сақлаган.
Суд жараёнида марҳуманинг онаси даъво қилмаслигини билдирган. Онасининг сўзларига кўра, қизлари оилада тез-тез можаролар келтириб чиқарар, укаси эса руҳий босим остида бўлган.
Тошкент вилояти Чиноз туман суди судланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди (ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш) бўйича айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.