АсосийJinoyat

Сурункали ичкилик ортидаги ака-уканинг жанжали қотиллик билан якунланди

'Сурункали ичкилик ортидаги ака-уканинг жанжали қотиллик билан якунланди'ning rasmi

50 ёшли эркак маст ҳолатда ўзи билан бирга яшовчи акаси билан бир неча йилдан буён давом этиб келаётган ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолишади. Бир-бирларини ургандан сўнг, акасини қасддан ўлдириш мақсадида ошхона пичоғи билан чап кўкрак соҳасига икки маротаба уриб, тан жароҳати етказгани оқибатида акаси ҳодиса жойида вафот этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллабергановага хабар қилди...

“УЧ КУН ДАВОМИДА УЙГА БОРИШГА ҚЎРҚДИМ”

Судда судланувчиайбга тўлиқ иқрор бўлди...

— 5 йил олдин акам Россиядан қайтиб келди. Мен ва ота-онамиз билан яшай бошлади. Спиртли ичимлик истеъмол қилган вақтимизда ўртамизда келишмовчилик келиб чиқар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари қўзғатилган. 2019 йилда онам, 2020 йилда отам вафот этди. Сўнг акам кўп миқдорда спиртли ичимликлар ичадиган бўлиб қолди. Мен ҳам ишдан кейин ҳафтада 3-4 маротаба ичадиган бўлдим. Оилада акам билан ўртамиздаги келишмовчилик асосан мастлик ҳолатида юзага келган. Акам ишламасдан, доимий равишда мендан спиртли ичимликлар ва бошқа майда харажатларига пул талаб қилган. Оқибатда жанжаллашганмиз.

Ўша куни ишдан қайтаётганимда икки нафар ўртоқларим билан кафеда 2 шиша спиртли ичимлик ичдик. Уйга келганимда, акам маст ҳолатда ва кеч келганим учун ҳақорат қилди. Қўли билан юзимга, темир “вешалка” билан бошимга урганида зарбасидан лабим, бошим ёрилди. Хонамга кирганимда акам ҳам ортимдан кирди жанжаллашдик. Сўнг бир-биримизга қўлимиз билан тан жароҳати етказа бошладик. Акам гавдали бўлгани учун кучим етмасдан, ётоқхонамдаги ошхона пичоғини олиб, “яқинлашма, пичоқ билан жароҳат етказишим мумкин”, дедим. Огоҳлантиришларимга қарамай, менга ёпишиб жанжаллашишни давом эттирди. Шунда қўлимдаги пичоқ билан танасининг чап қисмига икки маротаба зарба бердим. Акам ҳаракатини тўхтатиб, ўтириб қолди. Тахминан 10-15 дақиқа ўтиб, акам сув сўради бердим. 

Эртаси куни тонгда уйқудан туриб, ювиниш хонасига кирганимда, акам полда ётганини ва нафас олмаётганини кўрдим. Акамни ўлдириб қўйганимни билиб, ишга чиқиб кетдим. 3 кун давомида уйга боришга қўрқиб, иш жойим яқинидаги кафенинг ҳовлисидаги тапчанда ётиб юрдим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман, ўлдириш мақсадим бўлмаган. 

“ПОЛДА УКАМ ЁТГАНИНИ КЎРДИК”

Судда жабрланувчининг қонуний вакили қуйидагиларни баён қилди...

— Икки укам бир уйда яшашган. Судланувчи укам оила қурмаган. Марҳум укам эса оиласи билан 1996 йилда, яъни рафиқасини пичоқлаб, тан жароҳати етказганидан сўнг ажрашиб кетган. Шунда марҳум укам ЖКнинг 104-моддаси билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. 2000 йилда озодликка чиққан ва ота-онам, ҳозир судланаётган укам билан бирга 1-2 йил яшаган. 2002 йилда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганидан сўнг яна судланиб, бир аёл билан шаръий никоҳда яшаган. 2011 йилда Россияга ишлаш учун кетишган ва 2016 йилда Россиядан бир ўзи қайтиб келди. Яна ота-онам ҳамда укам билан бирга яшай бошлади. Россиядан келганида жуда кўп спиртли ичимлик ичадиган бўлиб қолди. Укаларим ўртасида спиртли ичимлик истеъмол қилган вақтлари келишмовчиликлар келиб чиққан. Ҳатто маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жавобгарликка тортилган. Отам вафот этганида маракасини ўтказдик, ўшанда ҳам укаларим келишмаган. Шундан сўнг касал бўлиб қолиб, йилнинг ноябрида соғлиғим бироз тикланиб кўчага чиқдим. Укаларимнинг уйи олдидан ўтаётиб, деразаси ёпиқлигини кўриб, “уйда йўқ бўлса керак”, деб кирмадим. Эртаси куни яна деразаси ёпиқ. Хабар олиш учун кирмоқчи эдим, йўлакда қўшнисини кўриб қолдим. Укаларим ҳақида сўрасам, “уларни кўрмадим. Лекин бир неча кун олдин жанжал қилиб, шундан бери тинч”, деди. Эшикни тақиллатганимда, ҳеч ким очмади. Эшикка қарздорлик ҳақида квитанция қистириб қўйилганини кўриб, профилактика инспекторини чақирдим. Ўғлим иккинчи қават деразасидан хонадонга кириб, ичкаридан эшикни очди. Уйга профилактика инспектори билан кирганимизда, ювиниш хонасидаги полда укам ётганини кўрдик. Шунда профилактика инспектори мени ташқарига чиқариб, укам вафот этганини айтди. ИИБга борганимда укам акасини пичоқлаб ўлдириб қўйганини билдим. Қилмишидан пушаймон бўлиб, йиғлаб ўтирганди. Укаларимга спиртли ичимлик истеъмол қилмасликларини, тинч яшашликларини айтиб, бир неча маротаба койиганман. Лекин натижа бўлмаган... 

Қахрамон Мирсафаев, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси: 

— СудланувчиЖК 97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан мазкур модда билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Бошқа янгиликлар