Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётгани фонида инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори шаклланаётганлиги кузатилаётгани таъкидланган.
"Жорий йил якунида умумий инфляция прогноз коридорининг юқори чегараларида бўлиши кутилмоқда. Инфляцион жараёнларни ва кутилмаларни ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизлик таргетигача пасайтиришга замин яратиш мақсадида пул-кредит шароитларининг қатъийлиги жорий даражада сақлаб қолинди", — дея қайд этган регулятор.
Сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бироз пасайиб, ноябрь ойи якунида 10 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келди.
Марказий банк баёнотига кўра, иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.
"Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совиши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашди", — дейилади баёнотда.
Шунингдек, сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7,0 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганлигини кўрсатаётгани қўшимча қилинган.
Ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик ҳам мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бераётгани айтилган. Қайд этилишича, иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
"Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6−6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Аҳоли реал даромадларининг ошиши шароитида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни самарали жиловлаш ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда", — дея қайд этган Марказий банк.
Регулятор пул бозоридаги фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги даражалари пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий даражада шаклланаётганини кўрсатаётганини таъкидлаган. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини оширмоқда. Кредитлаш суръатларининг мақбул даражада ўсиши ва депозитлар ўсишининг юқори суръатлари умумий талабни мувозанатлаштириб, инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтириши кутилмоқда.
"Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларини етарлича қатъий даражада шаклланиши таъминлаб борилади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратилади", — дейилади баёнотда.
Регулятор иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини қўшимча қилган.