ССВ Матбуот хизмати коронавирус ва вакцинация ҳақидаги саволлар билан Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар ҲУСАНОВГА мурожаат қилди.
— Бугун одамлар орасида “коронавирусга қарши вакцина олса ҳам касалланиш мумкин экан”, деган гап-сўзлар юрибди. Бу қанчалик тўғри?
— Шуни айтиш керак, ҳозирда олинаётан барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, “COVID-19”га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди. Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилади.
Хусусан, айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ шаклланмаган даврда касалланиш юз берган. Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бундай беморларда хасталик енгил ва симптомларсиз ўтади. Яъни, оғир асоратлар ва ўлим ҳолатига олиб келмайди.
Аслида эса коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг 3 ҳафта давомида шаклланади. Шу даврда эмланган инсон ўзини шахсий муҳофаза қилиши ўта муҳимдир.
Шу маънода, коронавирус инфекцияси туфайли оғир аҳволга тушиб қолган беморларни даволаётган шифокор сифатида барча юртдошларимиздан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраган бўлардим.