Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий саҳифасида маълум қилинди. Келтирилишича, кеча 15-июль куни Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари янги тўрт томонлама маслаҳатлар платформасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Мазкур баёнотнинг тўлиқ матни:
2021-йил 15-июлда Афғонистон тинчлик жараёни ва можародан кейинги даврда тартибга солишни қўллаб-қувватлаш учун АҚШ-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон тўрт томонлама шаклининг эълон қилиниши
“АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари қисқача айтганда минтақавий боғлиқликни кенгайтиришга қаратилган янги тўрт томонлама дипломатик платформани ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.
Томонлар Афғонистондаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик минтақавий боғлиқлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди ҳамда тинчлик ва минтақавий алоқалар ўзаро бир-бирини мустаҳкамлайди деган якдил фикрни билдиради.
Самарали халқаро савдо йўналишларини янада ривожлантириш учун тарихий имкониятни англаган ҳолда томонлар савдони кенгайтириш, транзит йўлларни яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда.
Томонлар ушбу ҳамкорлик шартларини ўзаро консенсус асосида белгилаб олиш учун яқин ойларда учрашишга келишиб олдилар”.






