АсосийIqtisodiyot

Йил якунига қадар 100 минг тонна қувватдаги 29 та омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади

'Йил якунига қадар 100 минг тонна қувватдаги 29 та омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади'ning rasmi

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси озуқа базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Маъулм қилинишича, жорий йилда чорвачилик субъектларига озуқабоп экинлар экиш учун 339,7 минг гектар ажратилган асосий ер майдонлардан 37 минг гектарига янги беда (100 минг гектар эски беда мавжуд), 158,5минг гектарига маккажўхори силос учун, 31,8 минг гектарига оқ жўхори, 
13,8минг гектарига ҳашаки лавлаги экинлари экилди.

Шунингдек, бугунги кун ҳолатига кўра ғалладан бўшаган 176,4 минг гектарер майдонларига такрорий озуқабоп экинлар экилди. Олдинги даврларда чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган ер майдонларига пахта ғалла экинлари экилган.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон қарорига асосан чорвачилик субъектларига ажратилган ер майдонларида фақатгина озуқабоп экинлар экилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларига яйловлар ва фойдаланишдан чиққан захирадаги ерларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига 2 минг 166 гектар озуқа-ем ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Республикада чорва қишловини беталофат ўтказиш мақсадида барча тоифа хўжаликлари томонидан 18,4 млн.  тонна (2017 йилда 9 млн тонна) дағал хашак жамғарилди.

2016 йилларда озуқа етиштиришда интенсив технологияларни қўллаб, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларни жорий қилган, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштирган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан имтиёзлар яратилмаган.

Бугунги кунда “Лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадида 68 та туманда суғориш тик қудуғини бурғулаш истагини билдирган озуқабоп экинлар етиштирувчи 314 та ташаббускорлар томонидан 2 минг 40 та тик қудуқларни қазиш ва бунинг натижасида 38 минг гектар ер участкаларини ўзлаштириш ишлари бошланган. Бу технологияни ўрнатган хар бир чорвачилик субъектига эндиликда субсидия ажратилиши белгилаб берилган. Ваҳоланки, 2016-2017 йилларда бу имтиёз мавжуд бўлмаган.

Чорва озуқа базаси учун омухта ем ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича ҳозирги кунда амалда 29 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 
19 гектар майдонга қурилиш ишлари ва 1 503 гектар майдонга донли озуқалар экиш учун ер майдони ажратилди. Йил якунига қадар 100 минг тонна қувватдаги 29 та корхона ишга туширилади.

Республикада чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилигини етиштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Охангарон филиалининг илмий тажриба станциясида бирламчи озуқабоп экинлар уруғчилиги, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилик илмий ишлаб чиқариш марказлари учун 2 минг 200 гектар ер майдонлари ажратилиб, тоғ, тоғ олди ва чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғлигини етиштириш йўлга қўйилди. 

Халқаро тажрибага таянган ҳолда, озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида маккажўхорининг юқори ҳосилдор уруғлари Франция, Туркия, Сербия, Россия, Украина, Хитой ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилиб, фермерларга етказиб берилмоқда.

Маккажўхорининг чет давлатлардан олиб келинган “АК-2580”, “АК-2550”, “PIONEER”, “PL-700”, “PL-630”, “PL-618”, “PL 538”, “HUNTER”, “RANGER”ва “TORRO” дурагайларининг 1 гектар майдонидан 70 тоннагача ҳосил олинмоқда. (2016-2019 йилларда 1 гектардан 35-40 тоннани ташкил этган).

Бугунги кунда, Туркиянинг “AKDENIZ TOHUM” ва “POLEN” уруғчилик ширкатлари, Франциянинг “MAISADOR” компаниясининг "AGROHOUSE" МЧЖлари билан маккажўхорининг гибрид уруғликларини Ўзбекистонда етиштиришни жорий этиш бўйича ишлар ташкил этилди.

Оралиқ экин сифатида тритикаленинг “Кумушсимон праг” нави, сулининг “Ўзбекистон кенг баргли” нави, беданинг Германия давлатидан олиб келинган “GEA” гибрид уруғликлари 
ва мамлакатимизда етиштирилган “Оқ қашқарбеда” навини экиш жорий этилди.

Ширали озуқа сифатида ҳашаки лавлагининг юқори ҳосилли “Ўзбекистон ним қанд”, “Эккендорф сариқ” ва “Ўзбекистон 83” каби навлари экилмоқда.

Шунингдек, самарали ва кам харажатли озуқа етиштириш бўйича гидропоника технологияси жорий йилнинг ўзида 265 та чорвачилик субъектида ташкил этилди. 2017-2018 йилларда бу технология асосида озиқлантириш механизми мавжуд бўлмаган. 2026 йилда гидропоника усулида кўк масса етиштириш 6 500 та хўжаликда ташкил этилиши режалаштирилган.

 

    Бошқа янгиликлар