АсосийIqtisodiyot

Ўртача маош бугунги кунда қанча? Уни статистика қўмитаси вакиллари ўйлаб топадими?

'Ўртача маош бугунги кунда қанча?  Уни статистика қўмитаси вакиллари ўйлаб топадими?'ning rasmi

       Маошлар... кимнинг қанча маош олиши, ойига қанча пул топиши ҳамиша бошқалар учун қизиқ бўлган ва шундай бўлиб қолади. Айниқса, давлат тизимида ишлаётган, бюджетдан ойлик олаётганлар, халққа хизмат қилиши керак бўлган қатламнинг фаолияти, яшаш тарзи жамоатчилик учун ҳар доим қизиқ. Бунга яқиндагина кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган “Ўзбекистонда судьялар қанча маош олади?”, “Ҳокимларнинг ойлиги қанча?”, “Футболчиларга нега бунча катта маблағ тўланган?” каби қатор саволлар ва уларнинг муҳокамаси ҳам мисол бўла олади. Давлат статисика қўмитаси бўлим бошлиғи Умид Тожимуҳамедов кўпчиликни қизиқтирган шу ва шу каби саволларга жавоб берди. 

– Кўпчилик ўртача иш ҳақини Давлат статистика қўмитаси тахминлар асосида чиқаради, деб ҳам ўйлайди. Аслида бунинг учун йилига тўрт марта, яъни ҳар чоракда фермер хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларидан бошқа ҳаммадан ҳисоботлар йиғиб олинади. Ҳар бир йирик корхона ва бюджет ташкилотлари ҳар уч ойда бир марта, фермерлар ва кичик тадбиркорлар эса йилда бир марта  ишчиларга тўланаётган иш ҳақи ҳақидаги ҳисоботни статистика қўмитасига тақдим этишади.

Тўғри, футбол жамоалари ҳам бизга ҳисобот топширади. Бироқ, ундаги рақамлар умумий бўлади, бизга шахслар кесимидаги ҳисобот келмайди. Мисол учун, 30 нафар ходими бор корхона умумий сўммани 30 миллион сўм, деб ёзиб топширади. Негаки, бизга ишчилар сони ва маош ҳажми юборилади. Биз 30 миллионни 30 га бўлсак, киши бошига бир миллиондан маош чиқиб келади. Аслида эса кимдир 2 миллион, бошқаси 500 минг олаётган бўлиши мумкин. Негаки, ташкилотда қоровул ҳам, бўлим бошлиғи ҳам меҳнат қилади. Уларнинг маоши бир-биридан фарқ қилиши табиий. 

                                  КИМНИНГ МАОШИ КЎП?

Статистика қўмитаси 2021 йилнинг 6 ойи бўйича ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маошига оид  статистикани эълон қилганда  саноат ва қурилиш соҳаларида энг юқори маош Навоий вилоятига, қолган барча соҳалардаги юқори маош Тошкент шаҳрига тўғри келишини кўрсатиб ўтган...

–Тўғри, бизга топширилган ҳисоботлар асосидаги ҳисоб-китоблар натижасида шундай хулосага келинган. Пойтахтимизда фаолият юритаётган йирик корхоналар орасида  катта миқдорда маошлар тўланиши ҳақиқат. Шунингдек,  ўртача иш ҳақининг энг юқори  ўсиш суръати Тошкент шаҳрига (24,5 фоиз), энг паст ўсиш эса Aндижон вилоятига (8 фоиз) тўғри келмоқда.

Статистика қўмитасини таҳлиллари ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори даражаси молиявий ва суғурта иқтисодий фаолиятида 7 млн. 111 минг сўм ёки республика кўрсаткичидан 2,4 баробар юқори эканлигини кўрсатди.

Энг кам маош эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятида 2 млн. 49 минг сўм ёки республика ўртача ойлик иш ҳақидан 69 фоизга кам эканлиги кузатилди.

Қайд этиш керакки, 2021 йил январь-июнь ойларида саноат соҳасида (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари) ўртача ойлик иш ҳақи 3 734,6 минг сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоизга ўсган. 

1. Молиявий ва суғурта фаолияти – 7 млн. 111 минг сўм. 29,6 фоиз ўсиш.

2. Aхборот ва алоқа соҳаси – 5 млн. 138,4 минг сўм. 21,3 фоиз ўсиш.

3. Саноат соҳаси – 3 млн. 734,6 минг сўм. 2020-йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоиз ўсиш.

4. Ташиш ва сақлаш соҳаси – 3 млн. 712,6 минг сўм. 10,3 фоиз ўсиш.

5. Қурилиш соҳаси – 3 млн. 690,7 минг сўм, 22,1 фоиз ўсиш.

6.Савдо соҳаси –  2 млн. 977,3 минг сўм. 21,7 фоиз ўсиш.

7. Таълим соҳаси – 2 млн. 250 минг сўм. 14,4 фоиз ўсиш.

8. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси – 2 млн. 49 минг сўм. 15,1 фоиз ўсиш.

                ИШ ҲАҚЛАРИ ҚАНДАЙ АСОСЛАРГА КЎРА ФАРҚЛАНДИ?

– Корхоналар учун аниқ белгиланган иш ҳақи меъёрлари борми? Умуман олганда иш ҳақлари қандай асосларга кўра фарқланади?

- Аниқ, белгиланган иш ҳақлари ҳақида меъёрлар ишлаб чиқилмаган. Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида ташкилотлар ўзининг ички имкониятлари асосида маошларни белгилайди. Шунингдек, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига қўшимча тўловлар, мукофот пуллари, рағбатлантирувчи тўловлар, конпенсация ва ишламаган вақти учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшмасига ажратмалар киради. 

                                                                                                                        Сайёра ШОЕВА тайёрлади

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар