1

Панжара ортидан мактублар:“Ўйламай гапириб, ўйланиб ўтирибман”

МУТОЛАА 01.04.2016, 16:49
Панжара ортидан мактублар:“Ўйламай гапириб, ўйланиб ўтирибман”

Исмоил Шомуродов

“Даракчи” газетасида чоп этилган “Панжара ортидан мактублар” туркумидаги ҳикоялардан бирини тақдим этмоқдамиз.

Хоним, бир кун келиб сенга хат ёзишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган.

«Хоним», деганимга хафа бўлма, шундай деб ўрганиб қолганман-да. Ёзувда ярашмас экан, лекин исмингни ёзиш ундан-да хунук бўлса керак. Хуллас, колонияга келишимнинг эртаси куниёқ сенга хат йўллаяпман, бурун-сўғин қилиб юрмаган ишим… Билганча, қўлдан келганча ёзавераман. Хатоси бўлса, кулма, мактабда аълочи бўлгансан, ахир.

Қўлга олинганимдан кейин сен билан бафуржа суҳбатлашиш насиб қилмади, қандай қилиб «тилимдан илинганим»ни айтай. Чунки сенинг олдингдан гердайиб, «ҳеч ким айбимни бўйнимга қўёлмайди», деб чиқиб кетганимдан ҳамон уяламан.

Терговчининг ёнига бошлаб киришганда, кўзим компьютер қаршисида ўтирган, ўттиз ёшга ҳам етмаган йигитчага тушиб, «терговчининг шогирди чиқар», деб ўйладим. 

- Ака, ўтиринг ҳозир, - деди йигитча хиёл бошини кўтариб.

- Тезроқ келса бўларди устозингиз, болалар кутиб қолди, - дедим норозилик билан.

Йигитча ғалати қараш қилди-да, яна ёзишга шўнғиди. Кутдим. Асабийлашдим.

- Терговни бошлаймизми? – деди ниҳоят йигитча монитордан бош кўтариб. – Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз борми? 

Анқайдим – шу бола терговчи эмишми? Кўринишидан ўғлимиз Ҳуснидай-да. Ҳусни сен дамлаб бермасанг, чойиниям ичолмайди. Бу бўлса, тергов қилармиш. Бир жиҳатдан севиндим ҳам. Буни бир деганда лақиллатиб, ноғорамга ўйнатаман. Бўйнимдан айбни ечиб ташлаганини ўзи билмай қолади.

- Мана, бир ҳазилни деб ёнингизда ўтирибман, ўртоқ капитан, - дедим терговчига уни менсимай турган эсам-да, ўзимни паст олиб. Кўриб турибман, унвони «катта лейтенант», лекин «капитан» деб ғурурини қитиқламоқчи бўлдим.

- Яхши ҳазил экан, бир одам ўлиб кетибди, - кесатди терговчи паспортимни ўқиётган маҳали ва жиддийлашди. – Нимада айбланаётганингизни биласизми?

- Биламан, «хавф остида қолдириш», деган моддангиз бор эканми?

- Меники эмас… Жиноят кодексининг моддаси… - аниқлик киритди терговчи. - Жабрланувчи билан муносабатларингиз қандай эди?

- Зуфар биланми? Қанақа жабрланувчи? Ўлиб кетди-ку, бечора, - мийиғимда кулдим.

- Саволга жавоб беринг, - терговчи ҳазилни тушунмади.

- Зўр эди, ўлади, деб хаёлимга келмаган. Тасодиф-да… Бахтсиз тасодиф.

- Бахтсиз?! – терговчи шундай деди-да, бирдан ҳовури босилди, совуққонлик билан сўради. - Қўйилаётган айбнинг нималигини тушундингизми ўзи? 

Тўсатдан ҳаяжонини кўрсатиб, бирдан ўзини босганидан тушиндимки – тажрибасиз, ҳаяжонини билдириб қўяяпти. Билишимча, терговчи совуққон бўлиши, ҳар қандай ҳолатга босиқлик билан қараши лозим. Бир вақтнинг ўзида ҳаяжонланиши у мен томонда эмаслигини, Зуфарнинг ўлимидан таъсирланганини билдиради. 

Қизиқ, бунга нима экан? Зуфарнинг оиласи даъво қилаётгани йўқ, бу оддий бахтсиз тасодифлигини ҳамма билади. Мени қамаган билан бу боланинг шохи чиқармиди?

- Тушундим, тушундим, адвокатим ҳаммасини айтиб берди, - шошиб «ҳужум»га ўтдим. 

Бу билан терговчини бурчакка қисиб қўймоқчи бўлдим. «Биз ҳам анойи эмасмиз, адвокатниям биламиз», дегандай-да.

- Ўзингизни айбдор санайсизми? – терговчи кўзларимга бақрайди.

- Нега айбдор бўларканман? Шунчаки ҳазил-ку… - шундай дедим-да, бирдан хаёлим қочди. Шошиб тўғриладим. – Йўқ, ҳазил эмас… Латифа айтди, кулиб юбордим, эҳтиросга берилиб, «э, маладес-э», деб елкасига бир шаппати урган эдим, маст эмасми, қалқиб, сувга йиқилди. Бош билан шўнғиб, қайтиб чиқмади. 

- Нима, шўнғиди-ю, чиқмадими?

- Чиқмади, - дедим кўзларимни жўлайтириб. – Олдинига қайиқнинг остидан ўтиб, мениям сувга итариб юбормоқчи, деб ўйлаб, нариги томонга ўтдим, боши чиқиши билан «вах» деб қўрқитмоқчи бўлдим.

- Чиқдими? – бу саволдан кўра кўпроқ кинояга ўхшаб кетди, лекин жавоб беришим зарур. Ҳар ҳолда терговчи.

- Чиқмади-да… Шу кетгандан йўқолди.

- Зуфар дўстингиз сувдан чиқмаслигини қачон билдингиз?

- Анча кутдим, ўн дақиқалар ўтди, чўкиб кетдиёв, деб ўйладим, - дедим бошимни хам қилиб ғамгин оҳангда. Ҳар ҳолда вафот этган дўст ҳақида гапиряпман.

- Олиб чиқишга уринмадингизми?

- Уринаман?! Ўзим ҳам чўкиб кетаман-ку. Ўликни ғаввослар бир соат деганда зўрға олиб чиқишди-ку, менга йўл бўлсин?

Терговчи олайиб боқди, юзидан норозиликми, асабийлашишми, шунга ўхшаш бир нима йилт этиб ўтди. Сездим, гапим ёқмади. Ҳужумга ўтдим:

- Ўша ҳолатда ҳеч нима қилолмасдим, қўлимдан келмасди. Адвокат тушунтирди… Айбим йўқ! Биласиз, адвокатим сизга ўхшаб терговчи бўлган, ўттиз йил жиноят тергов қилган.

Адвокатни эслатиб, тўғри қилдим чамаси, терговчи нигоҳини четга олди, ўзини ортга ташлаб, креслосига суянди. Бир хўрсиниб  қўйди ва яна энгашиб, компьютерига боқди-да, ёзишга чоғланди:

- Сув омборига нега борувдингиз?

- Чўмилмоқчи эдик.  Ҳаво исиб кетди-ку, кўряпсиз, - бўйнимдан қуйилиб келаётган терни дастрўмолча билан артдим. Бироз ҳаяжонланаётгандим, сезилмасин деб юзимни бир-икки силадим ва нолиган бўлдим. – Қирқдан ошдиёв… Сиздаям кондиционер йўқ экан.

Бу билан «ўзинг кимсан, мени тергов қиласан?» демоқчи эдим. Терговчи менга бошдан оёқ разм солди. Гапимнинг мазмунини тушунди, чамаси.

- Зуфар Зафарович Сафаровни қачондан бери биласиз? – сўради дўриллаб. Негадир овозидан юрагим музлади, ёш болаям шунақа совуқ гапирадими? Билдирмасликка ҳаракат қилдим.

- Зафарович?!. А?! Ҳа!!! Болалигимдан бери… Боғчагаям бирга борганмиз.

- Шунақами? – терговчи ҳайрон. – Мактабдаям бирга ўқиганмисиз?

- Ўн йил!

Терговчи ўйланди. Бир ўгирилиб, ортга, деразага боқди, сўнг эшикка ўгирилди, клавиатурани ўйнади, сичқончани силкитди.

- Чўмилишни яхши кўрасизми? – гапини йўқотди, чамаси, терговчи мавзудан улоқиб кетди.

- Нима?! – тушунмадим.

- Сузишни дейман, ёқтирасизми?

- Зуфарнинг болалари айтдими? Ўша куни сув омборига борамиз, деб уни уйидан олиб чиққан эдим… 

- Сузишни қаерда ўргангансиз, дейман? – терговчи саволни бошқачасига қўйди.

- Ҳа, уни айтасизми? Бир пайтлар қурувчи бўлганман, ўша, сув омбори қурилишида ишлаганман… Ўша пайтларда сув омбори ўрнидан анҳор оқарди. Кейин кўлмак пайдо бўлди, ўшанда кун иссиғида чўмилиб, сузишни ўрганганман.

Жавобим терговчини қониқтирдими, маъноли қилиб қош чимирди.

- Дўстингиз, Зуфар ҳам ишлаганми сув омборида?

- Йўқ, у бормаган, шунинг учун сув омборини ёқтирмайди. Меҳнати сингмаган-да.

- У билан тез-тез сув омборига бориб турармидингиз?

- Айтдим-ку ёқтирмасди, деб.

- Охирги марта қачон у билан борувдингиз?

- Бир ой олдин, мактабни битирганимизнинг йигирма йиллигини сув бўйида нишонлагандик.

- Зуфар Зафарович Сафаров ҳам чўмилганми ўшанда?

Рости, бу тушунмайдиган, ғалча терговчидан ҳайронман. Шунгаям ишониб иш топширишадими ҳеч замонда?

- Айтдим-ку, Зуфар сузишни билмасди, сувдан ўлгудай қўрқарди.

- Ҳа, шунақами? – терговчи нописандлик билан айтилган гапимни тушундими, юзи қизарди, соддалигидан хижолат тортди.

- Шунақа! – ўз устунлигимни яна бир бор таъкидлаб қўйдим.

Терговчи компьютерига нималарнидир ёзди.

- Олдин сўранг, кейин ўйнарсиз шу компьютерингизни, - дедим нописандлик билан.

Сезяпман, қўлим баланд келяпти, ҳозирча руҳий устунлик мен томонда. Босимни кучайтирдим.

Шу пайтгача, компьютерда фақат ўйин ўйналади, деб ўйларканман. Буям бекорчи, дангаса боланг - Ҳуснининг таъсири-да.

- Ҳозир, ҳозир, - деди терговчи соддалик билан.

Орага жимлик чўкди, бироз ўтиб, терговчи негадир юзи ёришиб, менга боқди.

- Ўша куни спиртли ичимлик ичганмидингиз?

- Қизиқ экансиз-ку, ким сув бўйига бориб, ичмайди? Унда қирғоққа боришдан мақсад нима? Ёш экансиз-да, ҳаётни билмайсиз.

Энди очиқ-ойдин терговчини менсимай бошладим. Муносабат ўзини тутишига қараб-да.

- Зуфар Зафарович Сафаров-чи, уям спиртли ичимлик ичганмиди?

Терговчининг гапидан бир кулгим келади, бир асабийлашаман. Нима дегани у «спиртли ичимлик ичганмиди?» «Ичганмиди?» де қўй, ҳаммаси тушунарли бўлади. «Зуфар Зафарович Сафаров» дегани-чи? Одамга ўхшаб гапирса бўлмасканми?

- Ичганди, ичганди, маст эди, - дедим овозимни бир поғона баландлатиб. – Ўлганнинг ортидан ёмон гапириш керак эмас-ку, лекин сиз учун Зафарович, деб улуғлашингиз шарт эмас, Шунчаки Зуфар деяверинг. У бечорани бир умр ҳеч ким «Зафарович» демаган… Сафаров эканини эса мактабдан кейин ўзиям унутиб юборган.

Терговчи яна нимадир ёзди.

- Нима қиляпсиз? – сўрадим бўй чўзиб.

- Айтган гапларингизни ёзиб боряпман, - деди у соддалик билан. – Эсимдан чиқмасин, дейман-да. Ахир бу тергов-ку.

- Тажрибангиз йўқ экан, - дедим истеҳзо билан. – Илгари бир марта ишим терговга тушган…

- Қанақа иш? –  терговчи сўзимни бўлиб, шошиб сўради.

- Бунга алоқаси йўқ, - унинг ҳовлиқишини тушунмадим, - шаҳарга мусобақа борганимизда жанжалга гувоҳ бўлганман. Гувоҳ сифатида чақиришган.

- Қанақа мусобақа?

- Сузиш бўйича мусобақага тумандан вакил бўлиб борганман. Лекин ўрин ололмаганман, шуни билмоқчи бўлаётган бўлсангиз…

Орага жимлик чўкди, бирдан боя бошлаган гапим ёдимга тушди.

- Ҳа, терговни айтаётган эдим… Ўшанда гувоҳ бўлиб борганимда, терговчи кўпни кўрган, тажрибали одам экан. Ҳеч нарсани сўрамай, бир варақ қоғозга қўл қўйдириб олган. Яхшилаб ўқиб олинг, судда сўрашса шу гапларни айтиб берасиз, деб тайинлаган ҳам. Ана терговчи, мен бормасимдан ҳаммасини ёзиб қўйган экан… Сиз бўлса…

Сўнгги сўзим маломатли жаранглади. Терговчи ўзини оқладими, киноя қилдими, тушунолмадим:

- Бизга улардай бўлишга ҳали анча бор…

Терговчи ишига шўнғиди, мен зерикдим. Манави она сути оғзидан кетмаган терговчининг асабимга ўйнаб, олиб ўтиришидан жаҳлим чиқаётган эди.

- Ишингни тезроқ тугатсангиз бўларди, мени кутиб қолишди, - дедим ниҳоят бетоқатланиб. – Ҳар ҳолда ишли одаммиз.

- Ҳозир… Бирдан қарор ёзяпман, - терговчи бошини кўтармади.

- Қарорингизни мен кетгандан кейин ёзарсиз, - дедим баландпарвозлик билан.

Ниҳоят иши тамом бўлди чамаси, терговчи принтерга қоғоз қўйиб, нималарнидир чоп этди, сўнг уларни бир қур, эринмай ўқиб, менга узатди:

- Синчиклаб ўқинг-да, эътирозингиз бўлмаса, имзо чекинг.

- Нимасини ўқийман, қўл қўйиб юборавераман, биз сизга ўхшаб майдакаш эмасмиз, - дедим қўлимни узатиб, - ручкани беринг.

- Ўқинг, - деди кескин терговчи.

Ноилож ўқидим. Ҳаммаси тўғри, нима деган бўлсам ҳаммасини бирга бир ёзган.

- Тўғри, - дедим. – Ручкани узатинг, қўл қўйиб бераман.

Терговчи ручкани узатди:

- Ҳар бир варақнинг остига имзо қўйинг. Сўнгги варақ тагига, қўлингиз билан «ҳаммаси менинг сўзимдан, тўғри ёзиб олинган», деб битинг.

Ёздим-да, ручкани стол устига отиб юбориб, «омин» қилгандай икки қўлим билан шошиб юзимни силадим, ўрнимда турдим:

- Биз кетдик!

- Қайга?! – терговчи ҳам турди.

- Кузатиш шарт эмас, йўлни ўзим топиб оламан, - дедим ниҳоят бу мижғовдан қутулаётганимдан хурсанд бўлиб.

- Сизни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқардим, ҳозир санкция олиш учун судга борамиз, - деди терговчи қоғоздан ўқиб бераётгандай расмийлик билан. – Сиз ҳаёти хавф остида қолган, ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмасликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 117-моддаси билан айбланиб, ҳибсга олиндингиз.

Терговчининг гапларидан турган жойимда қотдим, баданим музлаб, бижирлади. Устимдан совуқ сув қуйилгандай бўлди.

- Нима?! Бу нима деганингиз? Қанақа жиноят?

Терговчи қоғозларга бир қур кўз ташлади, сўнг менга боқди.

- Тушунмадингиз, чамамда, - деди бу сафар одамга ўхшаб, - сиз Зуфар Сафаровни сувга итариб юбориб, сузолмаслигини, мастлигини билган ҳолда, унга ёрдам бермагансиз. Одам ўлишига сабаб бўлгансиз.

Тушунмай анқайиб турдим-да, ниҳоят терговчи Зуфарнинг мастлигини менга қарши ишлатаётганлигини пайқаб қолдим.

- Мен ҳам маст эдим, - дедим ҳовлиқиб. 

Бир зумда демак, мастлик одамнинг айбсизлигини билдираркан, деган хулосага келгандим.

- Ҳа, маст бўлгансиз. Бу сизнинг айбингизни оғирлаштиради.

- Айтдим-ку, қайтиб чиқмади, деб қандай ёрдам берардим, - ўзимни ҳимоя қилишга ўтдим.

Жойимга қайта ўтириб қолган эдим.

- Мана шу, айтганингиз учун сизни ҳибсга олишга қарор қилдим, чунки терговни алдамоқчисиз… Зуфар Сафаровнинг тирноқлари орасидан қайиқ бўёғи парчалари топилган. У қайиққа ёпишиб, ҳаёт учун курашган. Сиз ёрдам бермагансиз.

Билганини қара! Ўша пайтда тепамизда тургандай.

- Ёрдам берсам ўзимниям тортиб кетарди, - дедим ўзимни оқлаб.

- Сиздай устаси фаранг сузувчи қўрқмасангиз бўларди, - деди терговчи.

Кампир, қолганини ўзинг ҳам биласан. Суд… Ҳукм… Уч йил…  Ўтирибман… Алам қиладигани, буларнинг ҳаммаси ўз аҳмоқчилигимдан, терговчини менсимай, унга ўйламай гапирганимдан…

Қизиқ томони, бу ҳақда боя бир зиёлига дарду ҳасрат қилсам, у нодон: «ҳалиям тушунмабсан, сен бу ерда гапинг эмас, қилмишинг учун ўтирибсан», дейди. Гапини қара, аҳмоқнинг! Нима деганини ўзи билмайди.

Салом билан мен, эринг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1