ССВ матбуот хизмати тамаки ва унинг зарари ҳақида маълумот олиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Мирзағолиб Тиллашайховга мурожаат қилди:
— Никотин организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкогол ва бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўйади.
Шу тарзда тамакига жисмоний боғлиқлик шаклланади. Доимий никотин оқимига ўрганиб қолган одам тамакидан фойдаланишни тўхтатса, ташвиш ва хавотирга тушиб қолади. Бора-бора чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотича, чекиш таъсири остида 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон)ларнинг организмда ривожланиши кучаяди. Тиббий тадқиқотлар бўйича Британия Кенгаши олимларининг кўп йиллик изланишлари хулосаларида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган.
Юрак ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамларга тўғри келади. Статистик маълумотлар ҳар бир чекувчи одам ўз ҳаётини 18 йилга қисқартиришини кўрсатади.
ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотининг инсон организмига зарарли таъсиридан ҳар йили сайёрамизнинг 6 миллионга яқин аҳолиси вафот этади. Уларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаган (пассив чекувчилар)дир. Ачинарлиси шуки, болалар пассив чекувчилар бўлиб қолмоқда. Яъни улар атрофидаги одамларнинг чекиши оқибатида тамаки тутуни аралаш ҳаво билан нафас олишади.
Илмий тадқиқотларда ҳатто пассив чекиш ҳам одамда касалликка чалиниш, ногиронликка йўлиқиш ва ўлим хавфини оширишини исботланган.
Гарчи коронавирус инфекцияси хавфи сезиларли даражада чекинган бўлса-да, чекувчилар бу зарарли одатдан воз кечиш ҳақида жиддийроқ ўйлаши лозим. Чунки чекиш оғиз орқали COVID-19ни юқтириш хавфини оширади.
Бундан ташқари, зарарли одат туфайли ўпкаси зарарланган чекувчиларда коронавирус келтириб чиқарган пневмония қийинроқ кечади.
АҚШ олимларининг фикрига кўра, чекувчилар орасида коронавирус билан боғлиқ оғир ҳолатлар чекмаганларга қараганда кўпроқ учрамоқда. Шунингдек, тамаки тутуни касалликка қарши иммунитетнинг бирламчи курашувчан жавобига сабаб бўлувчи интерферонларни блоклайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, филтрли ёки енгил сигареталарни чекиш соғлиқ учун хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантириб, бу зарарли одатдан йироқ бўлишга чақиради.
Дунёда тамакидан воз кечишнинг юздан ортиқ усуллари мавжуд. Психологларга кўра, чекишни ташлаш жараёнида энг қийини дастлабки уч кунни бошдан кечиришдир.
Чекишдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлсангиз, ижобий жиҳатлар ҳақида ўйланг. Aсосий ва энг катта ютуқ — сизнинг соғлиғингиз ва фаровонлигингиздир.