АсосийSalomatlik

Қандли диабетдан халос бўлиш учун нима қилиш лозим?

'Қандли диабетдан халос бўлиш учун нима қилиш лозим?'ning rasmi

Бугун, ​14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни! 

Қандли диабет нафақат халқаро майдонда, балки Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам кенг тарқалган касалликлардан бири. Хасталикнинг турларидан қатъий назар унинг белгилари бир хилда бўлади. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза ТОҲИРОВА ҳам айтиб ўтди ва тегишли тавсияларини берди.

 "Қандли диабетнинг бир неча турлари бор, аҳоли орасида унинг 2-тури кўпроқ тарқалган",-дейди шифокор. 

"Хавфлиси 1-тури ҳисобланади. Сабаби у кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида даволаш чоралари кўрилиб, назоратга олинмаса, кома ҳолатига олиб келиши мумкин. Диабетнинг 2-турининг эса олдини олса бўлади. Агар инсонда диабет олди ҳолат кузатилса, метформин дори воситасини қабул қилиш тавсия қилинади. Энг аввало, қандли диабет билан оғриган бемор ҳар ярим йилда стационар шароитда даволаниб туриши керак. Қандли диабет касаллигининг даво чоралари кўп. Бемор доимий равишда парҳезда бўлиши, қанд миқдорини пасайтирувчи воситаларни истеъмол қилиб бориши, жисмоний фаолликни ошириши зарур. 

Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъи назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим. Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрида юрсагина қандли диабетнинг асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Акс ҳолда стационар даволаниш ҳам бу касалликда ёрдам бера олмайди. Бемор йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтиши, умумий қон, умумий пешоб ва биокимик таҳлилларни ўз вақтида ўтказиши зарур. 

Қандли диабет билан касалланган беморлар, авваламбор, эндокринолог назоратида бўлиши лозим. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чораларини кўриши керак. Бемор билан суҳбатда бўлган шифокор шубҳали белгиларни сезса, оч қоринга бармоқдан қон олиш (қандли диабетга), глюкоза учун пешоб таҳлили, қондаги инсулин ва гликозил гемоглабин даражасини аниқлашга киришади. Қандли диабет белгиларини аниқлаш учун ушбу текширувлар етарли. Агар диабетнинг аниқ белгилари бўлмаса, лекин сиз хавф гуруҳида бўлсангиз, йилда бир марта қандли диабетга қон топширинг. Соғлом одамлар эса бундай текширувдан уч йилда бир ўтишлари керак",-дейди тиббиёт фанлари номзоди.

    Бошқа янгиликлар