АсосийJamiyat

Ўқитувчилар шу касбни танлаганидан афсус қилишмасин. Ёхуд жамиятда ўқитувчиларни беқадр қилаётганлар кимлар?

'Ўқитувчилар шу касбни танлаганидан афсус қилишмасин. Ёхуд жамиятда ўқитувчиларни беқадр қилаётганлар кимлар?'ning rasmi

Бу дунёда ҳамма маълум бир маънода устоздир. Ҳар биримиз ота-онамиз, фарзанд тарбиялаймиз, кимгадир панд-насиҳат қиламиз, кимнингдир тақдирида муомала ва фикрларимиз билан роль уйнаймиз.

“Салласини олиб кел деса, калласини қўшиб олиб келади”, деган мақолни кейинги йилларда тез-тез эшитишга тўғри келмоқда. Бу маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хатти-ҳаракатига ўхшаб кетади, десак ҳам бўлади. Масалан, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида директор бошчилигида, ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан ўқитувчилар мактабдаги таълим сифати ва битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш даражаси пастлиги учун ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилинди. Буни қандай изоҳлаш ва оқлаш мумкин? Нима учун юртимизда бундай ҳолатга йўл қуйилди? Ахир, Андижонда ҳатто чақалоқларни ҳам сизлаб гапирар эдиларку...

Энг даҳшатлиси, устозларнинг елкалари букилди, юзлари ерга қаратилди, уларни руҳан синдиришди. Ёш устозлар очиқ-ошкора “ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсусдаман”, дея хулоса қилишмоқда. Ҳеч бир замонларда, ҳеч бир жамият ва давлатларда бундай ҳолат бўлмаган. Аксинча, масалан, Ҳиндистонда устозларнинг ҳурмати шу даражада юқорики, ҳатто уларнинг соясига ҳам оёқ босишмайди ёки Японияда устозларга нафақат мактабда, балки ҳамма жойда бирдек таъзим-ҳурмат бажо келтирилади ҳамда ҳар бир япониялик болакай ўқитувчи бўлишни орзу қилади.

Дарҳақиқат, Иоганн Гёте ўз замонида бетакрор фикрларни айтган: “Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради”. Бугунги ҳолат эса, устознинг нафақат обруйини тўкишга, балки фарзандларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Улар устозидан узоқлашган сари, илм-фан, маърифат ва дунёвий тафаккурдан узоқлашмоқда. Шунинг учун бўлса керак, бугунги кунда баъзи ёшларнинг хатти-ҳаракатлари тушунарсиз ва уларни оқлаш, англаш жуда мушкул бўлмоқда. Бундай ҳолатлар таълим тизимидаги муаммоларнинг янада чуқурлашиши, мураккаблашиши ва чигаллашишига олиб келмоқда.

Тан олиш керак, бугун таълим тизимида муаммолар йўқ эмас. Уларнинг ечимлари босқичма-босқич ҳал қилинмоқда. Янги Ўзбекистонда таълимни рақамлаштириш, миллий ва хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, инновацион таълим тизими шаклланмоқда. Баъзида биз эътиборсиз қолдирган, майда-чуйдадек туюладиган ҳолатлар айнан муаммоларнинг олдини олишда бошланғич нуқта бўлиши мумкин.

Аввало, бугунги жараёнларга баъзи инсонлар ўз муносабатини ўзгартириши зарур. Туб ўзгаришларнинг мақсадини кимнидир енгил-елпи гапидан эмас, балки ўзи ўрганиб, тушиниб олиб, иштирок этиши муҳимдир. Шундагина “салла деса, каллани олиб келиш”ларга чек қуйилади.

Тан олиш керакки, таълим мураккаб жараёндир. Ундаги “бўшлиқ”ларда кимнидир айбдор қилиш ўринсиз. Таълимда мактаб-лицей-олий таълим-оила-маҳалла биргаликда яхлит, кластер тизимида фаолият олиб борсагина, ютуқларга эришиш мумкин.

Энг муҳими, ўқитувчиларни тепадан назорат қилиш эмас, балки устозларнинг ўзини-ўзи назорат қилишига имкон яратиб бериш давр талаби бўлиб қолмоқда. Яъни ўқитувчиларни аниқ вақт ва муддатда малака оширишга юбориш ва уни қаттиқ назорат қилиш шарт эмас. Бугунги рақамлаштирилаётган замонда ўқитувчилар ўзига қулай бўлган вақтда ўзининг малакасини ошириши, синаши учун онлайн (бепул) тарзда платформа яратилиши керак. Бу эса, ўз навбатида, устознинг янги ғояларини мустақил равишда амалга оширишга замин яратади.

Хулоса қилар эканмиз, устоз бўлиш ўта масъулиятли ва шарафли касбдир. Халқимизда “устоз отангдек улуғ”, деган яхши гап бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Демак, устоз фарзандларимизни қўлидан қаттиқ ушлаган ҳолда, янгича фикрлашга, дунёвий билимларга эга бўлишига, мустақил фикр ва ғоялар яратиш сари етаклайди.

Феруза УСАРОВА, 

ЎзРФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича 
Мувофиқлаштирувчи-методик марказ директори вазифасини бажарувчи,
сиёсий фанлар номзоди, доцент

    Бошқа янгиликлар