Трамп хориж киномаҳсулотларига 100% бож киритмоқчи.
АҚШ президенти Дональд Трамп Голливуднинг ҳолатидан жиддий ташвиш билдирди. Унинг таъкидлашича, Америка киноиндустрияси "жуда тез ўлиб бораётган" тарзда инқирозга юз тутган. Бунинг асосий сабаби сифатида бошқа мамлакатлар томонидан американ киноижодкорларини, актёр ва студияларни ўзларига тортиб олиш ҳаракатлари кўрсатилди.
"Голливуд ва АҚШдаги кўплаб кино марказлари бўшаб қоляпти. Бу тасодифий эмас — бошқа давлатлар буни атайлаб, мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширмоқда. Бу — Миллий Хавфсизликка таҳдиддир", — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social тармоғида.
У шу муносабат билан АҚШ Савдо вазирлиги ва Савдо вакилига чуқур таҳлил асосида чет эл фильмларига 100 фоизли бож жорий қилиш жараёнини тезда бошлашни буюрди.
Таъкидлаш керак, Америка киноиндустрияси Трамп жорий қилган импорт божларидан маълум даражада аллақачон зарар кўрди: Хитой, бу божларга жавоб сифатида, ўз кино бозорида АҚШ фильмлари учун ажратилган квотани қисқартиришга қарор қилди.
"Хитойга нисбатан божлардан нотўғри фойдаланиш — АҚШ ҳукумати томонидан йўл қўйилаётган хатодир. Бу албатта мамлакатимиз ичидаги аудиториянинг Америка фильмларига бўлган қизиқишини камайтиради", — деб баёнот берди Хитойнинг кинотарқатишни назорат қилувчи муассасаси.
"Биз бозор қоидаларига риоя қиламиз, аудитория танловига ҳурмат қиламиз ва Америкадан импорт қилинадиган фильмлар сонини эҳтиёткорлик билан қисқартамиз", — дейилади баёнотда.
Америка киноси, хусусан Голливуд, 20-аср давомида дунёдаги энг нуфузли маданий экспорт воситасига айланган. «Gone with the Wind», «Titanic», «Star Wars» каби фильмлар нафақат миллиардлаб доллар ишлаган, балки Америка маданиятини ҳам дунёга танитган.
Бироқ XXI асрга келиб, кинобозор глобаллашди — Жанубий Корея ("Паразитлар"), Ҳиндистон (Bollywood), Хитой (Tencent Pictures) ва ҳатто Туркия (Serdar Akar) ўз киноижодкорлари ва тармоқлари билан халқаро майдонга чиқмоқда.
Айрим давлатлар ўз студияларига катта субсидиялар, солиқ имтиёзлари, техника ва кадрлар учун қулай шароитлар яратиб, АҚШ продюсерларини ўз ҳудудига жалб қилмоқда. Мисол учун, Канадада фильм суратга олиш арзонроқ, шу боис Netflix ва Disney каби студиялар у ерда кўп ишлашмоқда.
Трампнинг фикрича, бу жараённи чеклаш учун Америка ўз бозорини ҳимоя қилиши шарт. 100 фоизли бож киритилиши билан, чет эл фильмлари АҚШ кинотеатрларида қимматга тушади, шу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенгроқ йўл очилади.
Бу фикр, албатта, баҳсли. Айрим кино мутахассисларига кўра, бу нафақат цензурага олиб келиши, балки Америка бозоридаги маданий хилма-хилликни камайтиради. Аммо Трамп учун маҳаллий иш ўринлари, ижодкорларни сақлаб қолиш ва миллий кинонсониятни ҳимоя қилиш — биринчи ўринда.
Агар Трамп божлари амалга оширилса Netflix, Hulu, Amazon каби стриминг платформалар чет эл контентини камайтириши мумкин. Шунингдек, Голливуд қайта тикланиш имконига эга бўлади, аммо бозорда рақобат ҳануз катта. Қолаверса, Айрим халқаро продюсерлар Америка билан келишувларини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид