Бироз аввал Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар кўрсатишни ривожлантириш 777орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳақида хабар берган эдик.
Хусусан, давлат раҳбари сал аввал иш ўрни яратиш бўйича қониқарсиз ишлаётган вилоятларни бирма-бир санаб ўтди.
Шу жумладан, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга ҳам кўрсатма берилди.
Айни вақтда ўтказилаётган ушбу тадбирда Президент янги сайланган маҳалла раисларини табриклаб, улар бажриши шарт бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди.
“Хабарингиз бор, ўтган икки ҳафта давомида республиканинг барча маҳаллаларида сайлов ўтказилиб, 9 минг 349 нафар маҳалла раислари сайланди. Ушбу оқсоқолларни халқимиз, биринчи галда, маҳалла аҳолиси ўзига муносиб кўриб, ишонч билдиргани билан табриклайман",-дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси маҳалла раислари халқни рози қилишда бош ўринларда туришлари кераклигини билдирди.
"Бир нарсани аниқ тушуниш лозим. Маҳалла раиси бўлиш бу – жуда катта масъулият. Ислоҳотларни ҳар бир хонадонга кириб боришида раислар ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспекторлари бошини қовуштириб, хонадонбай муаммоларни ўрганиб, ҳокимлар олдига аниқ масалалар қўйиб, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул ва жавобгар бўлади”, деди у.
Йиғилиш якунида ҳудудлар раҳбарлари ва мутасаддилар ахборотлари эшитилган.






