1

Президент иш ўрни яратиш бўйича қониқарсиз ишлаётган вилоятларни бирма-бир санаб ўтди

ЖАМИЯТ 07.06.2022, 15:00
Президент иш ўрни яратиш бўйича қониқарсиз ишлаётган вилоятларни бирма-бир санаб ўтди

Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.

2022 йилда хизматлар соҳасида 120 мингдан ортиқ янги лойиҳани ишга тушириш, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш (ўтган йили 283 триллион сўм бўлган) ҳамда соҳада 1,5 миллион иш ўрни яратиш режа қилингани таъкидланди.

“Лекин айрим туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ишларни тўғри ташкил эта олмаяпти.

Мисол учун, хизматлар соҳасида январь-май ойларида 756 минг иш ўрни яратилди. Лекин иш ўринларининг атиги 232 мингтаси ёки 31 фоизи янги объектларда яратилган.  

Қолган 510 мингта иш ўрни ўзини ўзи банд қилганлар ҳиссасига тўғри келмоқда”, — деди Президент.  

Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринлари яратиш бўйича Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари натижа кўрсатгани, Жиззах, Навоий, Хоразм, Қашқадарёдаги ишлар аҳволи эса қониқарсиз экани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда тадбиркорлар хизматлар соҳасида асосан 3 та масала – ер, бино ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилган, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилган.

Бунда, 63 та туман ва шаҳарда аукционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмайди.

Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.

Шу боис, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1