АсосийSiyosat

Бир олманинг икки юзи

'Бир олманинг икки юзи'ning rasmi

Бир хил тарихга, умумий кечмишга эга Озарбайжон ва ўзбек халқлари орасидаги дўстлик ва қардошлик илдизлари мозийнинг чуқур қатламларига бориб тақалади. Ўзбеклар ҳар доим Озарбайжон адабиётига, маданиятига катта қизиқиш билан қараб келишган. Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Имодиддин Насимий сингари мутаффаккирлар ҳар доим ўзбек маданий-адаабий муҳитида, ижтимоий ҳаётида пухта ўрганилган ва тарғиб қилинган. Ўрта асрлардан бошлаб буюк шоир Низомий Ганжавийнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинган, ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида Низомий анъаналари катта ўрин тутган. 

Совет ҳокимияти йилларида туркий халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга турли тўсиқлар қўйилгани, сиёсий таъқибларга йўл қўйилганига қарамасдан, халқларимиз орасидаги алоқалар узлуксиз давом этиб келди. 

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги бу кун ўзининг юксак ривожланиш даражасига етган адабий-маданий алоқалар хусусан, Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев Озарбайжонга раҳбарлик қилган йилларда ривожланган. Бу даврда Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳар икки мамлакатнинг кино, театр кунлари, маданият декадалари, санъат кўргазмалари ўтказилган, икки қардош халқнинг бир-бирига янада яқинлашуви учун муҳим тадбирлар ўтказилган. Ўша йилларда Низомий, Насимий, Фузулий, Саид Азим Ширвоний, Мирзо Алиакбар Собир, Бахтиёр Ваҳобзода, Наримон Ҳасанзода, Анор, Залимхон Ёқуб сингари шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ўзбек тилида нашр қилинган. 

70-80 йиллар адабиётида қардош ўзбек халқи билан боғлиқ бадиий адабиёт намуналарига дуч келиш мумкин. Ижодида туркийлик, туронсеварлик ғояларини тараннум этган Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Салом Ўзбекистон” номли шеъри шу жиҳатдан ниҳоятда қадрлидир. 

Бахтиёр Ваҳобзода ушбу шеърида совет қатағон машинасининг таъқиб ва тазйиқига қарамай, турк халқларининг бирлигидан, қардошлигидан, тилимиз, илдизларимиз, Ватанимизнинг яхлитлигидан сўз очган. Шоирнинг фикрича, Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам ҳар биримиз учун Ватандир, буюк турк дунёсининг икки парчасидир, бир тан-у бир жондир. 

Биз бир жонмиз, ягонамиз азалдан, 

Бу Ватанга у Ватандан саломлар.

Бир бир йўлнинг йўлчисимиз ҳар замон, 

Сенга мендан, менга сендан саломлар!

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, икки мамлакат орасидаги адабий-маданий алоқалар ривожида вақти-вақти билан Ўзбекистонда яшаган, ўз тақдирини бу ўлка билан боғлаган озарбайжонлик зиёлилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишган. Бу сафда ўзбек адабиётининг забардаст вакили, шоир, драматург, таржимон, аслида, Қазах туманининг Салоҳли қишлоғида туғилиб ўсган Мақсуд Шайхзоданинг, таниқли журналист, педагог, адабиётшунос Саид Ризо Ализоданинг, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Фирудин Сафаровнинг, Озарбайжон миллатига мансуб рассом Айнулла Фатҳуллаевнинг номларини фахр билан тилга олиш жоиз. 

Озарбайжон ва Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, тарихий дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада ривожлантириб, кўп йиллик синовлардан сўнг бугунги даражага етди. Мустақиллик йилларида икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, давлатлараро муносабатларни шакллантиришга Миллий етакчимиз Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримовнинг беқиёс хизматлари бор. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳар икки давлат раҳбарининг тарихий хизматларини юксак баҳолаб, шундай деди: “Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар шўролар даврида ҳам яқин эди, улар қардошлик асосида қурилган. Шунингдек, айниқса, мустақиллик даврида икки давлат раҳбарлари – Ҳайдар Алиев ва Ислом Каримов икки томонлама муносабатларни бугунги кун даражасига олиб чиқишда жуда муҳим роль ўйнади”. Яъни дўстлигимиз буюк тарихга, тарихий илдизларга эга. Ваҳоланки, Ўзбекистон ва Озарбайжон мустақил давлатлар сифатида кейинги йилларда бу ҳамкорликни юқори даражага кўтарди.

Айнан икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасида 1995 йилда сиёсий алоқалар ўрнатилди, 1996 йилда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги ва 1998 йилда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги элчихоналари очилди. Ана шу муносабатларнинг давоми сифатида мамлакатларимиз ўртасида турли йилларда давлат раҳбарлари даражасида ўзаро ташрифлар амалга оширилиб, турли соҳалардаги ҳамкорлик, дўстлик ва шериклик муносабатларига асос солган ҳужжатлар имзоланди. Қардош Ўзбекистон умуммиллий етакчимиз фаолиятини юксак баҳолаб, буюк йўлбошчимизга доимо юксак ҳурмат-эҳтиром билан қараган, туркий дунёнинг буюк фарзандига юксак меҳр ва ҳамдардлик изҳор этган. 

Ана шу олий меҳр-муҳаббат ифодаси сифатида 2010 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида Президент Илҳом Алиев ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштироки ва дуолари билан Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилди. Таъкидлаш жоизки, Марказ буюк йўлбошчимиз номидаги кўчада жойлашган. Бу ерда Ҳайдар Алиев музейи, Озарбайжон давлатчилиги тарихи музейи, Озарбайжон ва Ўзбекистон қўшма тарих музейи ташкил этилган. Мазкур музейларнинг ҳар бирида намойиш этилаётган тарихий ҳужжатлар, нодир экспонатлар мамлакатларимиз ўртасидаги қадимий тарихий-маданий алоқаларнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистондаги элчихонамиз қошида фаолият юритаётган Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази икки қардош давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Марказга Боку давлат университетининг кутубхона-ахборот факультети битирувчиси, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият атташеси Самир Аббосов раҳбарлик қилади.

Қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқалар Озарбайжон Республикаси Президенти, умуммиллий лидеримизнинг муносиб давомчиси Илҳом Алиев раҳбарлик қилган йилларда янада чуқурлашди. Бу даврда сиёсий, дипломатик, иқтисодий алоқалар билан бир қаторда адабий-маданий ҳамкорлик ҳам ривожланди. Бу даврда Ўзбекистонда буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийга, Бокуда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди. Атоқли озарбайжон ва ўзбек мумтозларининг асарлари ўзаро таржима қилиниб, оммавий тиражда нашр этилган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан Озарбайжон илм-фан ва таълими етакчиси Боку давлат университети ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов БДУга ташриф буюриб, фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. БДУ ва Тошкент юридик университети ҳамда Самарқанд давлат университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ушбу шартномалар икки қардош давлат университетлари ўртасида академик, илмий ва маданий алмашинув имкониятларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни кўзда тутади. 

Таъкидлаш жоизки, буюк йўлбошчимиз Ҳайдар Алиев билан биргаликда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов Боку давлат университетининг фахрий доктори ҳисобланади.

Буюк йўлбошчимиз Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистон Республикасининг собиқ Президенти Ислом Каримов асос солган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари бугунги кунда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан муваффақиятли давом эттирилиб, ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда Озарбайжон минтақанинг етакчиси сифатида барча туркий давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам юқори даражада дипломатик алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш борасида муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда, турк ҳамжамиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

ТУРКСОЙ, ТУРКПА, Турк академияси, Турк маданияти ва мероси жамғармаси, Турк ишбилармонлар кенгаши ва бошқа ташкилотлар доирасида Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистондаги юқори даражада ташкил этилган озарбайжон диаспораси бу муносабатларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

44 кунлик Ватан урушидаги ёрқин ғалабамиз билан қардош Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этишда Озарбайжоннинг адолатли позициясини доимо қўллаб-қувватлаб келган, халқаро ташкилотлар, икки ва кўп томонлама учрашувларда давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги юзасидан ўзининг аниқ позициясини бир неча бор билдирган. 

Озод Қорабоғдаги қурилиш ишларига Ўзбекистон ҳам қўшилгани ғурурга тўла. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистон давлати маблағлари ҳисобидан Фузулий туманида катта мактаб қуриш лойиҳаси Озарбайжон ҳукуматига тақдим этилди. Ишончимиз комилки, қардош ўзбек халқи ва ўзбек давлати озод Қорабоғимизни тиклашга янада катта ҳисса қўшади, икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик муносабатлари бундан буён ҳам ривожланиб, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Элчин Бобоев,
Боку давлат университети ректори

Бошқа янгиликлар