1

COVID-19га чалинган болаларни уй шароитида даволаш мумкинми? Мутахассис жавоб берди

САЛОМАТЛИК 01.07.2022, 12:17
COVID-19га чалинган болаларни уй шароитида даволаш мумкинми? Мутахассис жавоб берди

Коронавирус инфекцияси ҳали ортга чекингани йўқ. Айниқса, сўнгги кунларда юртимизда ушбу касалликка чалинган беморлар сони бироз ортгани кузатилмоқда. Қолаверса, хасталик ёш болаларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Хўш, бундай вазиятда ота-оналар қандай йўл тутмоғи лозим? COVID-19га чалинган болаларни уй шароитида даволаш мумкинми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг ушбу саволларига Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Абдуманнон АБДУҚАЮМОВ жавоб берди.

— Бугун дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятга эътибор берсак, вирус болалар ва ҳомиладор аёллар орасида ҳам кўп кузатилаётганини кўриш мумкин, — дейди шифокор. — Албатта бунга қайсидир маънода касалликнинг тез-тез мутацияларга учраётгани ҳам сабаб бўлмоқда.  

Бироқ шуниси қувонарлики, айни пайтда юртимизда бу хасталик аксарият беморлар, айниқса, болаларда енгил кечяпти. У асосан тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи, бурун оқиши, йўтал, бош оғриғи, ич кетиши каби белгилар билан намоён бўлмоқда.

Шу боис, агар хасталик кичик ёшдаги болаларда енгил шаклда ўтаётган бўлса, шифокор уларни уй шароитида даволашга рухсат бериши мумкин.

Агар боланинг фибрил тутқаноғи бўлмаса, касаллик пайти тана ҳарорати 38-38,5 C° даражадан паст бўлганда иситмани туширишга ҳожат йўқ. Шундан ортсагина “Парацетамол” ёки “Ибупрофен” (болалар учун эритма) бериш мумкин.

Шуни унутмаслик керакки, тана ҳароратининг 37 С° даража экани иситма кўтарилганини англатмайди.  Қайта-қайта иситмани туширувчи дориларни ичириш эса ундаги терморегуляция марказига салбий таъсир этади.

Айниқса, антибиотиклар вирусли инфекцияларда умуман натижа бермайди. Қолаверса, баъзи шифокорлар ҳеч қандай зарурат бўлмаса-да коронавирусга чалинган кичик ёшли беморларга гормон муолажаларини буюради. Бу ҳам даволашнинг нотўғри тактикаси ҳисобланади.

Уй шароитида COVID-19га чалинган болаларга:

- 3 кунгача ҳар соатда оз-оздан суюқлик ичирилади;

-3-4 кун давомида ҳар соатда томоқ ва бурун оддий илиқ сув билан чайиб турилади;

- дармондориларга бой таом ва маҳсулотлар берилади;

- ўз вақтида ва меъёрида ухлаши чоралари кўрилади;

-турли витаминлар истеъмол қилинади.

Шуни унутмаслик керакки, кичик ёшли беморларда коронавирус фақатгина енгил шаклда кечгандагина уйда даволанади. Касаллик ўрта ва оғир даражада ўтаётган бўлса, зудлик билан шифохонага ётқизиш зарур.

Хусусан, болаларда касаллик давомида :  

- нафас етишмовчилиги;

- ҳансираш;  

- лабларнинг четлари кўкариши;  

- ҳолсизлик;

- чуқур йўтал белгилари пайдо бўлса, дарҳол яшаш манзили бўйича оилавий поликлиника шифокорига мурожаат қилиш ва даволашни стационар шароитда давом эттириш керак.

Шунингдек, иситма 5 кундан ортиқ давом этиб, пасаймаса ва пневмония аниқланса, (қандай оғирлик даражаси бўлишидан қатъи назар) болани шифохонага ётқизиш лозим.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1