1

Ғаройибот: Тутунсифат шарпа

МУТОЛАА 04.08.2016, 11:30
Ғаройибот: Тутунсифат шарпа

Бу хатни ўқиётиб, бироз сескандик. Албатта, бу дунёда биз билган ва билмаган синоатлар, ҳодисалар жуда кўп. Аммо сирдарёлик мухлисимиз Диёр Алиевнинг гапириб берганлари ҳар қандай юракка ғулғула солади... 

“Мен ўшанда ҳали уйланмаган, ҳаётнинг оқу-қорасини ажрата олмайдиган, ғўр, ўйинқароқ эдим. Оиламизда ва амакиларимнинг хонадонида ҳам қиз фарзанд кўплиги боис, бобомнинг биргина ўғил набираси ўзимлигим туфайли эрка, сўзини ўтказишга уринадиган бўлиб ўсгандим. 

Бобом мени бир зум кўрмаса туролмас, кўзидан йироқлашсам, қидиришга тушарди.

—  Қаерга кетаётганингни айтиб кет. Мен хавотирда қолмай. Сенинг тўйингни кўрмагунча ўлмайман агар, ўзинг илҳақ қилиб ўлдирмасанг, — дерди у киши дарвоза томон қадам боссам. 

—  Бобо, футбол ўйнагани боряпман, — дердим. 

Гоҳида ўртоқларим билан сигирларимиз учун даладан ўт олиб келгани борардик. Баъзида сигир-бузоқларнинг ўзини далага ҳайдардик. Хуллас, у-бу юмуш туфайли бобом ўзи ҳовлида қолар, келишим билан қилган ишларимни суриштирарди. 

Ана шундай кунларнинг бирида энг яқин ўртоғим Асқар илтимос қилди. 

—  Диёр, мен билан Саратепага бориб кел. Ойим тандир қурмоқчи экан, ўша ердан сариқ тупроқ олиб келиб бермасам бўлмайди. Биласан, пича узоқ. Ўзим боргани... йўлда зерикаманми, деб...

—  Қўрқаяпман де, — қаҳ-қаҳ отдим мен. 

Ростдан ҳам Саратепага унча-мунча одам ёлғиз бора олмасди. Чунки у ер катта тепалик бўлиб, ўртасидан бўлингандек иккига ажралиб турар, оралиғида бир гиёҳ ўсмас, бу ҳам етмагандек доимо сукунат ҳукмронлик қиларди. 

—  Ёзда чигиртка чирилламайди, у ерда, — дерди бобом тепалик ҳақида гап кетганида. 

У ерда ўт-ўлан ўсмаслигининг ҳам сабаби, тупроғининг сариқ ва заранглиги эди. Қишлоқ аҳли ундан фақат тандир қуришда фойдаланарди. Кимдир “Одамлар тупроқ ола-ола тепаликни иккига айириб қўйган”, деса, айримлар “Тепалик жинлар макони, шунинг учун у ердан қуш ҳам учиб ўтмайди”, дерди. 

Биз бўз йигитлар учун эса бу ер тупроқ макони, ўйин майдони. Ҳар саратонда, тандир қуриш мавсумида келиб, тупроқ кавлай туриб, роса бақириб ўйнардик. Сабаби, иккига айрилган тепалик орасида овоз кучли акс-садо берарди. Биз кўпинча, қайсидир қизиқчимиз айтганидек, бор овозда “Мен уйландим”, деб бақирардик. Товушимиз акс садо бергач, бошқа биримиз “Бекор қилибсан”, деб кулардик ҳам. Айниқса, кулгилар бошқача жарангларди, бу ерда. 

—  Бобо, Саратепага кетяпмиз, тупроққа. Яна қидириб юрманг! — дедим бобомга кета туриб.

—  Эҳтиёт бўлинглар. У ерда жинлар бор... — деди бобом чин ихлос билан. 

—  Жин нима қилади? Бўлганида шунча вақтгача кўрардик-да! — дедим эшагимга мина туриб. 

Етиб боргунимизча, жўрам билан фақат тепалик ҳақида гаплашдик. Уям тепаликда негадир жин борлигига ишонди. Мен эса устидан кулдим. Келгач, бирдан ишга киришмадик, роса бақирдик. 

—  Бор жинлар ҳам қочиб кетди, овозимиздан, — дедим Асқарга кулиб. Кейин яна бақирдим: — Қочиб кетди, қочиб кетди... 

—  Жим бўл! Ишлайлик, — деди жўрам. 

—   Кўп сув ичдим, шекилли. Аввал бир енгиллашиб келай, — дедим-у панароқ  жой қидирдим ва тепалик бағридаги ковакка қараб...

Шу пайт ёнимда ўртоғим пайдо бўлди. Тутун ичидами-ей, тутунми-ей...

—  Асқар... — дедим кўзларимни очиб-юмарканман. 

—  Асқар... — деди у ҳам. 

—  Асқа-а-а-ар! — унинг чинданда тумансифат бўлиб турганидан даҳшатга тушиб бақирдим. 

—  Ҳа-а-а! — тупроқ кавлаётган томонимиздан ростмана Асқарнинг овози келди. 

—  Ҳа-а-а! — деди ёнимдаги “тутун” Асқар ҳам. 

—  Тавба қилдим, тавба қилдим... — дедим кейин оёқ-қўлим титраб. 

—  Тавба қилдим, тавба қилдим, — деди қаршимдаги ҳам. 

Шу билан хушимдан кетибман. Овозимдан югуриб келган Асқар тупроқ ҳам олмай эшакка амаллаб ўтқизиб уйга қайтибди. Бобом мени кўриб қўрқиб кетган. Сув ичиришди, олов ёқиб, “Қўрқоқ” деган ирим-сиримларни ҳам қилишди. 

—  Кавакдан оқ илон чиқиб турган экан, шундан қўрққан, — деди кўзимни очиб ўзимга кела бошлаганимда Асқар. — Мен чақиб олибдими, деб қўрқибман. 

—  Илон кўрганим йўқ... — дедим шивирлаб. 

—  Жин... — деди бобом ва дуо ўқишга киришди.

Мен эса кўрганимларимни ҳеч кимга айтмадим. Лекин бобом кавакка бовил қилиш мумкинмаслигини, жинлар оқ илон шаклида, тутун шаклида кўришини мумкинлигини айтганида, бошимдан ўтганлари рўё эмаслигига ишондим...”

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1