Бироз аввал Украиналик журналист Ўзбекистонни Россияга Эрон дронларини етказиб беришда айблагани ва депутат Алишер Қодиров Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берган эдик.
Мудофаа вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди:
Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси баъзи бир оммавий-ахборот воситаларида тарқатилаётган, гўёки Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий харакатларда қўлланилаётган эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратларининг (жанговар дронлар) ишлаб чиқариш (йиғиш) майдони эканлиги тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этади.
"Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаганлиги ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаётганини маълум қилади.
Шу муносабат билан, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ОАВ орқали текширилмасдан туриб тарқатилаётган бу каби хабарлар жамоатчилик эътиборини ёлғон маълумотлар билан чалғитиши ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди" дейилади хабарда.






