АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт хавфини сунъий интеллект орқали аниқлайдиган тизим яратилади

Президент Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва соҳада прокурор назорати самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

'Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт хавфини сунъий интеллект орқали аниқлайдиган тизим яратилади'ning rasmi

Қайд этилишича, кейинги йилларда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича тизимли чоралар амалга оширилди. Хусусан, махсус ва ҳудудий комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди, солиқ ва божхона органларида хавф таҳлили ҳамда сегментлаш тизимлари жорий этилди. Шунингдек, яширин айланмаларга шароит яратаётган қонунчиликдаги қатор бўшлиқлар бартараф этилди ва қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги икки йил ичида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 35 фоиздан 23 фоизгача қисқарди. Бюджетга қўшимча 38 триллион сўм тушум таъминланди, расмий банд аҳоли сони 8,5 миллион нафардан ошди, ўртача расмий иш ҳақи эса қарийб 6,5 миллион сўмга етди.

Бироқ статистик маълумотларга кўра, яширин иқтисодиёт ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми қишлоқ хўжалигида 81,1 триллион сўм, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 24,5 триллион сўм, қурилиш соҳасида 23,9 триллион сўм, саноатда эса 6,7 триллион сўмни ташкил этган.

Тақдимотда таъкидланишича, яширин иқтисодиёт бюджет даромадларининг камайишига, соғлом рақобат муҳитининг издан чиқишига, норасмий бандликнинг ортиши орқали фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси сусайишига ҳамда тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва кафолатлардан тўлиқ фойдалана олмаслигига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартириш, расмий банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини эса 75 фоизга етказиш мақсад қилиб белгиланган.

Йиғилишда Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ва синов тариқасида ишга туширилган «Яширин иқтисодиёт харитаси» рақамли платформаси тақдим этилди.

Маълум қилинишича, мазкур платформа иқтисодиётнинг 22 та асосий тармоғи, 85 та соҳа, 14 та ҳудуд ҳамда 208 та туман ва шаҳар кесимида яширин иқтисодиёт хавфини аниқлаш имконини беради. Тизим орқали бюджет йўқотишлари баҳоланади, хавф юқори бўлган ҳудуд ва соҳалар автоматик тарзда аниқланиб, масъул идораларга манзилли топшириқлар юборилади.

Платформани яратиш жараёнида солиқ, божхона, молия, иқтисодиёт, статистика, эконометрика ва эҳтимоллар назарияси соҳалари мутахассислари жалб қилиниб, юздан ортиқ хавф мезонлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, 16 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари интеграция қилиниб, маълумотларни реал вақт режимида қайта ишлаш имконияти яратилган.

Тизим лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий товар айланмасини, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини яшириш, рентабеллик ҳамда фойдани сунъий равишда пасайтириш каби хавфларни автоматик тарзда аниқлайди.

Тақдимотда прокурор назоратини ушбу рақамли платформа орқали амалга ошириш таклифи ҳам илгари сурилди. Унга кўра, яширин иқтисодиёт хавфи юқори бўлган соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда белгиланади, муаммоларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, масъулларга манзилли вазифалар юкланади ва ижро назорати рақамли тарзда таъминланади.

Президент рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини кенгайтириш, инсон омилини қисқартириш ва назоратни манзилли ташкил этиш яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг асосий йўналиши бўлиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, масъулларга жорий йилнинг 1 октябрига қадар 70 дан ортиқ ахборот тизимини мазкур платформага интеграция қилиш, 2027 йил 1 январга қадар эса барча ҳудуд ва соҳаларни тўлиқ қамраб олган ҳолда тизимни ишга тушириш топширилди.

Президент барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши курашишда мутасаддилар масъулиятини ошириш мақсадида прокурор назоратини янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт хавфини сунъий интеллект орқали аниқлайдиган тизим яратилади - Darakchi.uz