АсосийЖАМИЯТ

ЙПХ, ППХ ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилади

Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти чоғида маълум қилинди.

'ЙПХ, ППХ ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилади'ning rasmi

Тақдимотда қайд этилишича, ЙПХ, ППХ ва қўриқлаш хизмати ходимлари хизмат йўналиши ёки бириктирилган ҳудудидан қатъи назар, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириши жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда уларга сабаб бўлувчи омилларни эрта аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш энг самарали профилактика чораси экани таъкидланган.


Тақдимот давомида жиноятчилик ҳолатини баҳолашда ҳали ҳам рақамлар ва статистик кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан тўлиқ воз кечилмагани кўрсатиб ўтилган. Шу муносабат билан криминоген вазиятни баҳолашда фақат статистикага эмас, балки аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончи, ҳуқуқбузарликларнинг такроран содир этилиши ҳамда хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан ишлаш самарадорлиги асосий мезон бўлиши лозимлиги қайд этилган.


Шунингдек, жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини «аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим» тамойили асосида белгилаш таклиф этилган. Бунда асосий мақсад аҳолининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан розилиги ва ишончини таъминлашдан иборат.


Бунинг учун профилактика инспекторлари, ЙПХ, ППХ ҳамда қўриқлаш хизматлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш, аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб бериш, фуқаролар билан очиқ мулоқот олиб бориш ва хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш вазифаларини ягона тизим асосида ташкил этиш назарда тутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    ЙПХ, ППХ ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилади - Darakchi.uz