1

“Ўзимни кечаси керак бўлиб қоладиган жонсиз қўғирчоқдек сезаяпман” бир муаммога уч ечим

СУҒДИЁНА 26.09.2016, 13:49
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин
“Ўзимни кечаси керак бўлиб қоладиган жонсиз қўғирчоқдек сезаяпман”  бир муаммога уч ечим

Таҳририятимизга ташриф буюриб, холироқ жойда гаплашиб, шу пайтгача ҳеч кимга айтолмай келаётган ҳасратлари ҳақида сирлашиш нияти борлигини билдирган аёлнинг ҳикоясини ўзгачароқ тарзда ҳукмингизга ҳавола этиш фикрини берди. Чунки уни қийнаётган, ўйлантираётган муаммолар ҳаётда кўп учрайди. Танишиб кўринг, балки бу ҳасратлар сизга ҳам танишдир…

 «…Дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Кимгадир айтсам ҳам мени нотўғри тушунишларидан қўрқаман. Уяламан ҳам… Лекин шундай давом этаверса, кун келиб оилам бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Чунки ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Мен бошқа чидолмайман…

Гап шундаки, эрим билан севишиб турмуш қурганмиз. Тўйдан олдин у мени еру кўкка ишонмасди. Ўғлим туғилгунча ҳам ҳаммаси яхши эди. Кейин эрим ўзгара бошлади. Бўлар-бўлмасга бақирадиган, ҳеч бир ишимдан кўнгли тўлмайдиган бўлди. Қизим туғилгандан кейин эса аввалги меҳрибон эримдан асар ҳам қолмади. Бўлар-бўлмасга дўппослаб қолишига ҳам кўникиб қолгандим. Лекин ҳамманинг олдида иззат-нафсимга тегадиган гаплар билан ҳақоратлаши алам қилади. Буниси ҳам майли, энг алам қиладигани… уриб-уриб, ҳовуридан тушгач, ўша заҳоти ётоқхонага судрайди. Калтакларидан сўнг йиғлаяпманми, бирор жойим оғрияптими, ёки ой кунларимми, булар уни қизиқтирмайди. Ахир мен ҳам инсонман! Аёлман! Менинг ҳам севиб-севилгим келади, болаларимнинг отаси — жуфти ҳалолимдан ширин сўзлар эшитишни, менга эътиборли, меҳрибон бўлишини хоҳлайман! Ҳозир-чи? Бир уйда яшасак-да, бегоналардекмиз. Ўзимни аҳён-аҳёнда кечаси керак бўлиб қоладиган жонсиз қўғирчоқдек сезаяпман. Бу мавзуда онам билан гаплашолмасам. Болаларимнинг келажаги учунгина чидаб келаяпман. Менга маслаҳат беринг, қандай йўл тутай? Оиламни сақлаб қолиб, тинч-тотув яшашнинг имконини топа оламанми?..»

 «Битим» тузинг!

Камола ҚАРШИЕВА, руҳшунос: — Хоҳлаймизми-йўқми, кўп гап ётоқхонадаги муаммоларга ҳам бориб тақалади. Бу ўринда муаммо аёлнинг лоқайдлиги ёки эркакнинг қаноатсизлигидан келиб чиқаяпти. Эҳтимол аёл меҳри, эътиборини фарзандларидан орттириб, эрига кўрсатолмаётгандир. Ёки оддий муомала жараёнининг ҳам бунга таъсири бор. Масалан, эр ишдан қайтганда аёли пешвоз чиқиб кутиб олмаса, ширин сўзлар, мазали таомлар билан сийламаса, эркак учун бу катта эътиборсизлик. У ўзини кераксиздек ҳис қилади. Бора-бора бу ҳис мураккаблашиб, невроз ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Демак, эркакни аёлнинг ўзи шу ҳолатга олиб келган. Натижада эр бунинг учун аёлини «айблаб», «қасд олиш» учун уни дўппослаш, ётоқхонада «аламини олиш» йўлига ўтади. Бунда нафақат руҳшуноснинг, балки сексопатологнинг ҳам маслахати зарур.

Нима қилиш керак? Жуфтингиз билан руҳий осойишталик муҳитида бафуржа гаплашиб олинг. Эътиборсиз бўлганингизни «тан олинг». Барча оилавий, руҳий муаммоларни ҳамфикрликда ҳал қилишга келишиб олинг. «Битим» муваффақиятли якун топгач, жуфтингиз учун вафодор, эътиборли, ширинсўз, гўзал, озода ёрга айланишга урининг. Эркаклар мақтовларни жуда яхши кўришади. Шунинг учун уни тез-тез мақтаб туринг. Лекин меъёрни унутманг. Олтин ўрталикни ушлай олсангиз, марра сизники!

Ҳаммаси ўз қўлингизда!

Л.Аҳророва, сексопатолог: — Бу кенг тарқалган, лекин яширин муаммо. Бизда бу борада гапиришни уят билишади, оиласи жар ёқасида турган бўлса ҳам андиша қилишади. Аммо унутмаслик керакки, оила мустаҳкамлиги, эр-хотиннинг ўзаро муносабатларида, оилавий муҳитнинг ижобий тусда бўлиши кўп жиҳатдан жинсий ҳаётга ҳам боғлиқ. Чунки ётоқхонадаги муаммолар оилавий муҳитнинг салбий томонга ўзгаришига, муносабатларнинг зиддиятли ҳолга келишига ҳам сабаб бўлади. Ушбу вазиятда фарзандли бўлгандан кейин эрнинг ўзгариб қолишига бир қанча омиллар таъсир этган бўлиши мумкин. Масалан, бунда биринчи сабаб туғруқ билан боғлиқ. Маълумки, туғруқдан сўнг аёл жинсий йўллари илгаригидек бўлмайд. Бу эса эркакка қониқиш ҳиссини бермаслиги мумкин. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, муносабатлар совий боради. Бундай вазиятда аёл туғруқдан кейин мутахассислар Билан маслаҳатлашган ҳолда жинсий йўллар мушакларини таранглаштириш, торайтириш учун махсус машқлар бажариб туриши лозим.

Иккинчи сабаб эркакка эътибор етишмаётганлигида. Одатда аксарият аёллар туғуруқдан сўнг фарзандининг парваришига боши билан шўнғиб кетиб, эрини деярли унутиб қўйишади. Бу эътиборсизлик эса эркакка ёқмайди. «Энди унга керак эмасман» деган ўй туфайли эркакнинг ўзига бўлган ишончи сусайиб боради. Эркакнинг ўзига нисбатан ишончи йўқолганда эса, у ўзини ғурури топталгандек сезиб, аламини кимдан олишни билмай қолади. Натижада оилада келишмовчиликлар бош кўтаради. Шунинг учун фарзандингиз сиз учун қанчалар азиз бўлса ҳам турмуш ўртоғингизга нисбатан эътиборсиз бўлманг.

Учинчи сабаб аёлнинг гигиена қоидаларига риоя этмаслиги. Жинсий ҳаёт ўта нозик. Унга заррадеккина кўнгилсизлик ёки бир оғиз сўз ҳам, таралмаган сочлар ёки ярашмаган кийим ҳам таъсир этади. Шу боис ҳамиша жуфтингизга чиройли кўринишга, сиздан ёқимли ифор таралиб туришига ҳаракат қилинг.

Тўртинчи сабаб муомалада. Одатда эркаклар кўп гапирган ёки овозини баландлатаверадиган аёлларни хушлашмайди. Эрингиздан ширин сўзларингизни аяманг. Унга вазиятни ётиғи билан тушунтиринг. Ёқимли гаплар билан жуфтингизнинг ўзига бўлган ишончини оширишга ҳаракат қилинг. Ой кунларидаги яқинликнинг соғликка қанчалик зарарлигини босиқлик билан тушунтиринг. Чунки бу даврдаги яқинлик кўпгина касалликларни келтириб чиқаради. Масалан, инфекциялар осон юқади, эндометриоз ва шамоллаш хасталиклари авж олади.

Хуллас, бу каби муаммоларнинг ечими кўп жиҳатдан аёлнинг ўзига боғлиқ. Энг асосийси, эрнинг кўнглига йўл топа билишда. «Бўлар-бўлмасга бақирадиган, дўппослайдиган одат чиқарган»и сабабини топиш учун ўзингиздан айб излаб кўринг. Холислик билан қаерда хато қилганингизни топа олсангиз, муаммони ортда қолдиришнинг ҳам иложини топасиз. Энг муҳими юқорида келтирилган сабаб ва ечимларга караб ҳаракат қилинг. Жуфтингиз учун ҳамиша гўзал, сирли, қизиқарли бўлишга, муносабатларингизга ранг-баранглик киритишга интилинг.

Динимизда нима дейилади?

Эркак учун жуфти ҳалоли омонатдир. Бу омонатни яхши сақлаши, улар билан яхши ҳаёт кечириши, унга қўл кўтармаслиги, хўрламаслиги керак. Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в.: «Хотинлар ҳақига тажовуз қилишдан сақланингиз. Улар ҳар нарсада ёрдамчидирлар. Уларни Аллоҳ амри билан олгансиз. Жаноби ҳақ уларни сизга ҳалол қилгандир», деганлар. Эркак киши аёлини ҳар доим севиши ва ардоқлаши лозим. Агар оилада эру хотин ўз вазифаларини бажаришга ўрганса, турмушлари хотиржамликда ва ўзаро аҳилликда кечади. Оят ва ҳадисларда аёлларга яхши муомалада бўлиш ҳақида кўп маротаба таъкидланган. Ҳазрат Расулуллоҳ с.а.в.: «Мўмин киши мўмина аёлдан нолимасин, агар унинг бир хулқидан норози бўлса, иккинчи хулқидан рози бўлади», деганлар. Аёл киши фақат хотинлик вазифасини бажаргани учун эмас, балки турмушда ҳамроҳ-дўст, жуфти ҳалол, болаларининг меҳрибон онаси сифатида ҳам эъзозланиши керак. Эр-хотин бир-бирига муҳтождир. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 187-оятида шундай марҳамат қилади: «...улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз».

Аёлларнинг ой кунларида яқинлик қилиш энг катта гуноҳлардандир. Бу Исломда ҳаром ва энг асосийси, эркакнинг ҳам, аёлнинг  ҳам соғлиғига зарардир. Мабодо ҳайзнинг бошланғич кунларида яқинлик қилинган бўлса, бир олтин, охирида содир бўлган бўлса, ярим олтин миқдорда садақа берилади… Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «...то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз» (Бақара, 222).

Хулоса ўрнида Расулуллоҳ (с.а.в) дан яна бир ҳадисни келтириб ўтамиз:

«Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлу аёлига яхши муносабатда бўлганларингиздир. Мен сизлардан кўра ҳам ўз аҳлу аёлимга яхшиман. Хотинларни фақат яхши одамларгина иззат-икром қилур, аҳлу-аёлларни фақат ёмон одамларгина хору зор қилур».

Азиз мухлислар! Сизни қандай муаммолар қийнаяпти? Ҳеч кимга айтолмай юрган дардларингиз бўлса, келинг, сирлашамиз ва уларга биргаликда ечим топишга уриниб кўрамиз. Истагингизга қараб, шахсингизни ошкор этмаймиз. Мактуб йўлланг ёки қўнғироқ қилинг. Биз сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1