Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 7 нафар ЙПХ ходими пора олгани учун судлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. ИИВ ЙҲХББ маҳкумлар орасида етти нафар эмас, тўрт нафар ЙПХ ходими борлигини маълум қилди. Шу билан бирга, улар жиноят иши қўзғатилгунга қадар ички ишлар органларидан бўшатилган.
darakchi.uz жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан чиқарилган ҳукм билан танишди.
Судланувчилар орасида 32 ёшли ЙПХ инспектори, карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳининг 36 ёшли оддий ходими, ЙПХ махсус отряди 1-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари 31, 29 ва 31 ёш, "Умакай" карантин чегара пункти 34 ёшли инспектори ва 33 ёшли ишсиз фуқаро бўлган.
Маълум бўлишича, ИИБ ходимлари бир неча ой давомида "Умакай" пости орқали қора металл парчалари ортилган юк машиналарини текширмасдан ва ҳужжатлаштирмасдан ўтказиб юборган. Ушбу ҳаракатлар металломнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тасдиқланган режани четлаб ўтган ҳолда амалга оширилган. Бунинг учун инспекторлар шахсан, учинчи шахслар орқали ёки пластик карталарга ўтказиш йўли билан 100 минг сўмдан 5 млн сўмгача пора олган.
Суд, шунингдек, судланувчиларнинг ҳар бири алоҳида хизматларда ишлагани, ҳеч ким бир-бирига бўйсунмагани, баъзилари эса бир-бирини шахсан танимаслиги ва мулоқот қилмаганини аниқлади. Суд ишда уюшган жиноий гуруҳ белгилари йўқлигини маълум қилди.
Судланувчилар судда ўз айбларини тан олишмаган бўлса-да, пора олиш фактлари исботланган.
Суд судланувчиларни ЖКнинг 210-моддасида (пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Уларнинг уч нафарига 5 йил, тўрт нафарига 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Улар жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Шунингдек, судланувчилар 2 йил муддатга давлат органлари ёки ташкилотларида маъмурий ва моддий жавобгарлик функцияларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Шунингдек, судланувчилардан олинган 20,2 млн сўм миқдоридаги пора давлат даромадига ундирилади.