1

«Ўғлим онаси кимлигини билмайди...»

МУТОЛАА 04.10.2016, 10:35
Теглар: Эркак, Ота, Ота-она, Оила, Эр-хотин
«Ўғлим онаси кимлигини билмайди...»

Дилшод исмли бу йигит уч опа-сингилнинг эркатой укаси эди. Бир уй аёллар орасида ўсгани учунми, табиати ҳам ҳалимдек, қарашлари мулойим, хуллас, дийдаси қаттиқлардан эмасди. Шунинг учун ҳам унинг дўстлари орасида қизлар кўп. Ўқиган, ишлаган жойида ҳам аёллар билан тезда тил топишарди. Устига устак, ҳамма унга сирлари-ю дардини ишониб айтарди. Кўпчилик дўстлари унинг аёлларга қайишқоқлиги, ҳурмат-эъзоз қилишини тушунмай, калака қиларди. Дилшод бундай гап-сўзларга эътибор бермас, аёл дарди-муаммоси, қувончи ва қизиқишлари билан ҳар бир эркак киши ҳисоблашиши керак, дерди…

Мактабда ўқиб юрганида қўшни синфдаги қизга кўнгли тушиб, уни зимдан кузатиб юрди. Кейинчалик ўша қиз билан мактабга бориб-келадиган, узоқ-узоқ суҳбатлашадиган бўлди. Мактабни тамомлаганидан сўнг ажралмасик учун биргаликда шаҳарга келиб, битта олий ўқув юртига ҳужжат топширишди. Битта партада ўтиришди, Дилшод унинг учун ҳам имтиҳон саволларини ечди, талаба бўлишди. Иккиси ҳамманинг кўз ўнгида орасидан қил ўтмас дўст эдилар. Иккинчи босқичда ўқиб юрганларида севган қизининг атрофида катта курсда ўқиб юрадиган йигит ўралашиб қолди. Энг қизиғи, қиз ҳам ўша йигитга бефарқ эмасди, эндиликда Дилшодга рўйхушлик бермай, ўзини олиб қоча бошлади. Ўзини қўярга жой тополмай қолган Дилшод қизга кўнглини очди:

— Шунча йилдан бери сени севаман, ҳар доим ортингдан юрганман, сен билан бирга ўқиб, бирга ишлашни, бирга яшашни орзу қилганман. Мени ташлаб кетма, илтимос.

Қиз эса киприк қоқмай жавоб берди:

— Дилик, ҳазиллашяпсанми? Мен сени фақат ўртоқ сифатида кўрганман. Иккита қиз бир-бири билан қандай дўст бўлса, худди шундай. Бу гапингни биров эшитмасин, ҳамма устимдан кулади.

Ёшлик қилибми ё Дилшоднинг жиддийлигига ишонмайми, қаттиқ гапириб қўйган қиз йигит ғурурига тегиб кетди. Дилшод ўйлаб ҳам ўтирмай, ўқишини бошқа институтга кўчирди. Институтда ўқиш билан бирга ишлай бошлади. Диплом  ҳимоясига тайёргарлик кўраётган вақтида ҳаётида кутилмаган воқеа юз берди.

Бир куни эрта тонгда ижара уйининг эшиги тагида биғиллаб йиғлаган чақалоқ овози эшитила бошлади. Уйқусираб ўрнидан туриб, эшикни очди ва қаҳратон қишда юпқагина латта-путталарга ўралган чақалоқ ётганини кўрди. Дилшод уни дарҳол қўлига олди-ю бир зум гангиб қолди, гўдак ё совуқдан, ё қорни очлигидан чирқиллаб йиғлар, шунчалик кўп йиғлаганидан овози ҳам бўғилиб, юзлари кўкара бошлаганди. Сўнг тепа қаватдаги қўшнисининг хотини икки ой олдин кўзи ёриганлиги эсига тушиб қолди ва болани қучоқлаб, юқорига кўтарилди.

— Эшигимни очсам, ерда чақалоқ ётибди. Сизларнинг болангиз эмасми? — деб сўради салом-алик ҳам қилмай.

Қўшниси жонҳолатда болани қўлига олди ва хотинини чақира бошлади.

— Наргиз, Наргиз, бу ёққа чиқ?!

Аёли ҳовлиқиб югуриб келди.

— Нега бақирасиз, уйғотиб юборасиз. Сизга халақит бермасин, деб меҳмонхонада ухлатаётгандим. Тинчликми, ия, бу кимнинг боласи? — аёл йиғлаётган болани қўлига олди.

— Ростдан ҳам бу сизнинг болангиз эмасми? — деб сўради хаёлида мингта ўй ғужғон ўйнаётган Дилшод.

— Йўқ, ана ўғлимиз ухлаб ётибди...

Хуллас, бола қўшниники эмаслиги аниқ эди. Дилшод бирданига ҳаммасига тушунди. Наргиза болани дарҳол иссиқ уйга олиб кириб, уни ўраб-чирмади, йиғлаб тўхтамаётган болага термулиб туриб, чидай олмади, эридан рухсат сўради. Эри иккиланиб туриб, “болага нимадир бўлмасин, майли, розиман”, деди. Наргиза кимлиги, кимникилиги, қаерданлиги номаълум болага кўкрак тутди. Бола иссиқ оғушда узоқ эмиб ухлаб қолди.

Дилшод эса бу пайтда қўшниси Фарҳоднинг маънодор нигоҳларига дош беролмай, бошини эгиб ўтирарди.

— Ака, нега айнан менинг эшигим тагига ташлаб кетишгани ҳақида ҳар хил хаёлга бораётгандирсиз. Ўзим ҳам ҳозир ҳеч нарса билмайман, — дея олди зўрға.

— Дилшоджон, менинг нима деб ўйлашим муҳим эмас. Боланинг онасини билсангиз ё болани элтиб беринг, ёки аёлни уйингизга олиб келиб, никоҳ ўқитиб яшанг, — деди.

Ширин уйқуда ётган қип-қизил жиш болани кўтариб уйига келган Дилшод узоқ ўйлаб қолди. Онасига қўнғироқ қилиб, шу бугуноқ шаҳарга етиб келинг, маслаҳатли иш бор, деди.

Ўқишига, ишга ҳам бормай, бола уйқудалигида яна қўшнисиникига чиқди. Наргизадан сўраб-суриштириб, дўкондан болалар сунъий сути ва таглигини сотиб олди.

Кечга қолмай, онаси ва синглиси етиб келишди. Дилшод бу вақтгача чақалоққа ҳар уч соатда сунъий сут ичириб турди. Онаси ва синглиси гўдакни кўриб, ҳушлари бошларидан учишди. Дилшод гапни қисқа қилди:

— Ойижон, кўнглингизни хотиржам қилинг, Худонинг олдида юзим ёруғ, бу менинг болам эмас. Қасам ичишим ҳам мумкин. Лекин энди буни ҳеч кимга беролмайман, чунки айнан менга ташлаб кетишди. Мен бу болани боқиб олишимга ишонишди. У энди менинг ўғлим бўлади!

— Онаси кимлигини биласанми? Бола боқиш осон иш эканми, ўғлим? Соғ-касал бўлиши бор, ейиш-ичиши бор, таълим-тарбияси бор! Сен бир талаба бўлсанг, ўйлаб гапир гапингни! Даданг нима дейди, одамлар олдида юзимиз, шаънимиз қора бўлади, ўйлаяпсанми шуни?! Ҳеч кимга бола сенданмаслигини исботлай олмайсан! Онасини топ, қаердан бўлса ҳам! — гапира-гапира онасининг қон босими ошиб кетди. Ўша куни ҳеч ким мижжа қоқмади. Эшикни ҳам қоқиб ҳеч ким бола сўраб келмади.

Орадан ҳафталар, ойлар, ҳатто йиллар ўтди. Ҳамманинг гап-сўзларига, миш-мишларига, ғийбатларига қарамай Дилшод болани ҳеч қаерга олиб бормади, дадаси айтганидек, меҳрибонлик уйига ҳам топширмади. Нимжон туғилган чақалоқ тез-тез шамоллаб қолар, сал нарсага аллергия тошиб кетар, кўп  иситмаларди. Шифокорлар гўдакнинг онаси хомиладорлигида кўп дори ичган, ўзига қарамаган бўлса керак, деб ташхис қўйишди. Дилшод нозиккина чақалоқни “паҳлавон ўғлим” деб эркалаб, қўлидан қўймасди. Худди оналардек кечаси уйғониб боланинг қорнини тўйдирар, таглигини алиштирар, кундузи эса қўшни Наргизага боласини ташлаб, ишга борарди. Маош олган куни тенг ярмини Наргизага энагалик қилгани учун берар, топган пулини ўзи емай, киймай ўғлига сарфларди. Тақдирга тан берган ота-онаси, опа-сингиллари навбатма навбат шаҳарга келиб, болани боқишда ёрдам беришарди. Ҳақиқатан ҳам ризқ-баракани Худо бераркан, Дилшод биринчилардан бўлиб магистратурага ўқишга кирди, ишга ярим кунга борса ҳам масъулият ва сидқидилдан ишлагани учун тезда оғизга тушди.

Магистрлик диссертациясини ҳимоя қилган куни икки яшар ўғлини ҳам олиб келди. Ҳамма курсдошлари, ўқитувчилари болани эркалаб, кўтар-кўтар қилишди. Аввалги институтида бирга ўқиган яқин курсдоши Азиза ҳам уни табриклагани етиб келди. Дилшод “менинг ўғлим” деб таништирган болани кўриб, донг қотди:

— Мени алдаманг, Дилшод, бу боланинг онаси кимлигини юзи айтиб турибди. У ҳали турмушга чиқмаган-ку! — деди.

— Онаси кимлигини билмайман, лекин бу менинг ўғлим эканлиги аниқ. Бошқа бундай деманг, — деди қатъий қилиб.

Орадан олти ой ўтиб, Азиза Дилшодга қўнғироқ қилди.

— Биласизми, Дилшод, икки йил аввал, у аллақаёққа йўқолиб, сўнг имтиҳонларни қайта топшириб, диплом ҳимоя қилгани келган эди. Демак, бола уники! Агар иккалангизнинг болангиз бўлса, нега турмуш қурмайсизлар? Нима халақит беряпти? Балки ёрдамим керакдир?

— Азиза, бола меники, бошқа гапни эшитишни истамайман.

— У сиз кетгандан кейин катта курсдаги бир йигит билан илакишиб юрганини бутун институт билади, сиз қуруқ туҳматга қолганга ўхшайсиз, — деди яна бўш келмай Азиза.

Дилшод индамади, Азизага қаттиқ гапирмай “хотиржам бўлинг, мен яқинда уйланяпман, ҳеч қандай муаммом йўқ” деди. Чиндан ҳам ўша йили ёзда Дилшод ўзи бирга ишлайдиган қизга оғиз солди. Қиз ҳамма гапни очиқ-ойдин билмаса ҳам унга ишонди ва ота-онасини кўндирди. Улар турмуш қуришди. Ўғлини остонадан топиб олган кунга тўрт йил тўлганда қизли бўлишди. Туғруқхонадан оғзи қулоғида уйга қайтган ва маросимларга тайёргарлик кўраётган Дилшоднинг қўл телефонига аноним хабар келди: «Сизнинг яхши одамлигингизни ва боламга яхши оталик қилишингизни ва сиримни сақлашингизни билардим. Мени кечиринг, бошқа безовта қилмайман».

Азиза АБДУСОБИТ қизи

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Бухоролик эркак қўшхотинликда айбланиб, унга бир йил озодликдан чеклаш жазоси берилди

24.11.2019, 10:51

 Ғиждувонда Х.С. исмли фуқаро қўшхотинликда айбланиб судланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилган.1966 йили Ғиждувон туманида туғилган фуқаро...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1