Юрагимда сақлаганларим: Армон исканжасидаги аёл

МУТОЛАА 10.10.2016, 16:13
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Юрагимда сақлаганларим: Армон исканжасидаги аёл

Ёшим қирқда, уч фарзандим — икки қиз, бир ўғлим бор. Катта қизимни узатганман, неваралик ҳам бўлдим. Иккинчи қизимни ҳам унаштиргандим... Аммо унинг фотиҳаси бузилди. Қизимнинг кўзларидан оқаётган ёшга тоқат қилолмаяпман. Шу кунгача бошимга қанчадан қанчага савдолар тушган бўлса, ҳаммасига чидадим, сабр-бардош қилдим, йўқчиликкаям, тўқчиликкаям кўниб яшадим. Бироқ фарзандимнинг йиғлаётганини кўриб, ичим ёниб кетяпти. 

Келинг ҳаммасини бир бошдан гапириб берай...

Ота-боболарим аслида узоқ вилоятнинг тоғли қишлоғидан бўлган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида чўлни ўзлаштириш мақсадида Мирзачўлга кўчиб келишган. Дадамнинг аксарият қариндошлари ўша узоқ тоғли қишлоқда яшарди. Меҳр кўзда деганларидек, вақт ўтган сари уларнинг орасидаги қариндошлик ришталари узила борди. Мактабни битирган йилим ўша олис тоғ қишлоғида яшовчи қариндошимизнинг ўғлидан менга совчи келди. Уйдагилар қариндошчилигимиз узилмасин, борди-келдимиз мустаҳкамлансин, деб совчиларга розилик беришди. Ҳали ёш бўлганим учунми ҳеч балони тушунмай, қудалар олиб келган ялтир-юлтир матолар билан андармон бўлдим. Куёв билан тўйдан олдин атиги бир марта учрашдим. Ота-онаси яхши, зиёли инсонлар, фарзанди ёмон бўлармиди деб ўйладим.

Афсуски, янглишибман. Ҳар доим ҳам яхши инсонларнинг фарзанди  яхши бўлавермас экан. Тўйдан кейин чиллам чиқмасдан туриб, эрим менга қўл кўтарди. У эрка, тантиқ, қўлидан иш келмайдиган, ота-онасининг топганига кун кечирадиган одам эди. Йигирма йиллик турмушим давомида бу одам билан бирор кун тинч яшамадим. 

Қайнукаларим уйланганидан кейин биз алоҳида рўзғор қилиб чиқдик. Ҳақиқий қийинчилик кейин бошланди. Эрим бирор жойда тайинли ишламас, рўзғорнинг барча оғирликлари менинг зиммамда эди. Қийналиб кетган пайтларим, “Одам меҳнатдан ўлмайди, сабр қилишим керак”, деб ўзимга-ўзим далда берардим, далага чопиққа ҳам чиқдим, пахтаям тердим, уйга бир бурда нон олиб келиб, болаларимнинг қорнини тўйдириш учун қилмаган ишим қолмади. Қўлингда ҳунаринг бўлмаса, жуда қийин экан. Қизларим келажакда менга ўхшаб қийналмасин деб, уларни тиббиёт коллежида ўқитдим. 

Вақт ўтган сари соғлигим ёмонлаша борди, барибир ҳеч нима изсиз кетмас экан, юпун кийимда, оёғимдан зах ўтиб, далада бажарилган оғир меҳнатим ўз кучини кўрсатди. Касалхонага борсам, врачлар “Зудлик билан операция қилиш керак, тухумдондан ўсимта чиққан, анча ўткизиб юборибсиз”, дейишди. Ака-укаларимнинг ёрдами билан операция столига ётдим. Анча вақт касалхонада қолиб кетдим. Чиққандан кейин ҳам оёқ узатиб ётолмадим. Рўзғор тебратиш мақсадида чойхонага идиш ювувчи бўлиб ишга кирдим. Эрта тонгдан ярим тунгача силлам қуриб, идиш ювардим, уйга базўр оёғимни судраб келсам, эрим “Ярим тунгача қаерда юрибсан? Қайси ўйнашинг олиб келиб ташлади?”, деб тўполон бошлар, жазаваси қўзиб калтакларди.

Ишламай десам, болаларим оч қолар, ишласам ҳар куни жанжал-тўполон кўтариларди. Шундай бесаранжом кунлар билан болаларим катта бўлиб қолганини ҳам сезмай қолибман. Тўнғич қизимга совчи келди. Ўзим севиб-севилмай турмуш қурганимдан, қизим йигитни севаман дегани учун розилик бердим. Бўлажак куёвимнинг отаси вафот этган, онаси уни ёлғиз вояга етказган экан. Қийинчилик кўрган йигит экан, қизимнинг қадрига етади, деб ўйладим. Унаштириш маросимидан кейин қуда аёл ҳозирча тўй қилишга шароити йўқлигини, бироз шошилмасликни билдирди. Ўзим ҳам зўрға кун кечираётганимдан унинг бу гапига рози бўлдим. Энди рўзғордан орттириб, қизимнинг сепига ҳам нарса қилишим керак, деб тиним билмадим.

Эрим эса парвойи-палак, дунёни сув босса тўпиғига чиқмасди. Куни билан тўйиб ухлар, яхшилаб дам олиб, ишдан қайтишимга жанжал кўтариш учун куч тўплаб турарди. Ўша куни чойхонамизда мижозлардан бири туғилган кунини нишонлади, вақт алламаҳал бўлишига қарамай, хурсандчилик қилишди, ўрниларидан қўзғалай дейишмади. Мен эса то улар кетмагунча, идиш-товоқларни саранжом-саришта қилмагунча кетолмасдим. Уйга борганимда катта жанжал бўлишини сезиб, юрагим сиқилди.

Ҳамма ишларимни битириб, уйга келганимда, ғира-шира тонг ёришганди. Эшикдан киришим билан, бошимга тушган зарбадан гандираклаб, деворга урилдим. Энг кучли зарбани олиб бўлганимдан, у ёғи унчалик таъсир қилмади, кўз олдим қоронғилашиб, йиқилдим. Узоқ-узоқлардан, элас-элас болаларимнинг йиғлаётган овозини эшитдим. Қанча ётганимни билмайман, кўзимни очганимда қизларим тепамда йиғлаб ўтирарди. Оғзи-бурним қонга тўлганди. Катта қизим “Онажон, бас, шунча қийналганингиз етади, дадамдан ажрашинг, жанжал-тўполонлар бизниям жонимизга тегиб кетди. Умуман уйга келгим келмайди! Агар шу кетишда давом этадиган бўлса, ўзимни осиб, жонимга қасд қиламан!” деди. Қиз узатадиган пайтимда эримдан ажрашсам, одамлар нима дейди, деб индамадим. 

Аммо ўшанда хато қилган эканман, эримга ақл кириш ўрнига ҳар куни тўполонни канда қилмагани учун, катта қизим даланинг бир чеккасидаги тутга ўзини осаётганини кўриб қолган  бўлажак куёвим уни қутқариб уйига олиб кетган. Ҳали тўй бўлмасдан куёвнинг остонасини ҳатлаган қиз “тўйгача чидолмай, қочиб кетибди”, деган номни орттириб, қишлоқда дув-дув гап бўлди. Бечора болам бизнинг касримизга қолиб, нотинчликдан зада бўлгандан шу ишни қилганини кимга ҳам исботлардим? Ҳамма азобларга чидаган одам бу миш-мишларга чидолмай ётиб қолдим, шундан кейин бир қўлим яхши ишламайдиган  аҳволга келди. 

Бу воқеалардан кейин эрим кўзимга балодай кўринадиган бўлди, болаларим ҳам унинг ёнида ўтиришни истамасди. Иккинчи қизим отаси сал овозини кўтариб гапирадиган, жанжал бошлайдиган бўлса, қўрққанидан ҳушдан кетадиган одат чиқарди. Ўзимнинг-ку, ҳаётим барбод бўлди, ҳеч бўлмаса болаларим тинч яшасин, жони соғ бўлсин деб, ажрашиш учун судга ариза бердим. Қишлоқда ҳамма мени муҳокама қилишга тушди, “Ёши бир жойга борганда, невара кўрадиган пайтида ажрашяпти”, деб устимдан кулганлар ҳам бўлди. Бировнинг дардини биров тушунармиди?  Суд қарори чиққунчаям эрим анча томоша қўйди. Ажрашдик, эрим мустақил ҳаёт кечира олмаслигидан ота-онасининг уйига, уларнинг нафақаси ҳисобига яшаш учун тоғли қишлоққа йўл олди. Ҳали битмаган, чала иморатда икки фарзандим билан ўзим қолдим. Иккинчи қизим ҳам тиббиёт коллежини битириб, касалхонага ҳамшира бўлиб, ишга кирди. 

Ишдан бўш пайтларимизда қизим, ўғлим билан лой қориб, ғишт қуйдик, кичкина бўлса ҳам ошхона, ҳаммом қурдик. Тинчлик, хотиржамликдан уйимизга барака, юзимизга ранг кириб қолди. Шундай кунларнинг бирида қизимга амакимнинг ўғлидан совчи келди. Яқин қариндош бўлгани учун кўнглим чопмади, аммо қизим “бир-биримизни севамиз”, деганидан кейин кўнишга мажбур бўлдим. Энди иккинчи қизимга кўнгилдагидек тўй қиламан, деб орзу-ҳавас қилдим. Аммо қизларимнинг тоши шунчалик оғир эканки, бу тўй ҳам ортга сурилди. Амаким яхши жойда, катта лавозимда ишларди, текшир-текшир туфайли катта камомад аниқланиб, судланди ва қамалиб кетди. Энди тўй ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмасди, чунки амакимнинг хотини жуда содда, қўлидан бир иш келмайдиган, эрига суяниб қолган аёл эди. Буни устига камомадни тўлаш учун бор-будларидан айрилганди.

Унаштиргандан кейин тезда тўй қилинмаса, ёшларнинг орасига ҳам совуқчилик тушаркан. Қачон қарасам, қизим бурчак-бурчакда йиғлаб ўтирар, сабабини сўрасам, бўлажак куёв уни жудаям рашк қилишини, ишга нечада кетиб, нечада келишини қаттиқ назорат қилишини, агар телефонига тушолмаса, “атай ўчириб қўйгансан!” деб тўполон қилишини айтиб берди. Мен уни “қизим, мен ажрашганман, опанг тўйдан илгари қочиб кетди, энди сен ҳам фотиҳани қайтарадиган бўлсанг, одамлар нима дейди? Яна гап кўпаяди!”, деб юпатдим.

Бўлажак куёвим яқин қариндошим бўлса-да, қилиқлари эримни эслатарди. Бирор жойга ишга кирса, узоғи билан бир ой ишлаб, бўшаб кетарди. “Нима бўлди?” деб сўрасак, “Иш оғир, буни устига одамлари ҳам ёқмади”, деб жавоб берарди. Бекорчиликдан қизимнинг ҳар бир қадамини кузатар, кўчада бирор синфдошини кўриб қолиб, саломлашса ҳам жанжал кўтарарди. Уни чақириб, бир неча марта огоҳлантирдим, “Хўп, иккинчи қайтарилмайди!”, дерди-ю, яна эски қилиғини бошларди.

Унинг сўнгги қилиғи сабр косамнинг тошишига сабаб бўлди. Пахта териш мавсуми бошланганлиги учун, қизим ишхонасидагилар билан теримга чиқди. Дала жуда узоқ, чекка жойда жойлашгани учун алоқа ёмонлиги туфайли телефони ишламаган. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, тушолмаган куёв жаҳл билан қизим пахта тераётган далага отланган. Ҳеч нимага тушунмай, анграйиб турган қизимни ҳамманинг олдида оғзига келган гап билан ҳақоратлаб, “Телефонингни ўчириб қўйиб, қайси йигит билан гаплашаётгандинг?”, деб даладан уйгача турткилаб, калтаклаб келган. Қизимнинг терган пахтасиям, нарсалариям далада қолиб кетган, емай-ичмай олиб берган телефонимни тепкилаб, майдалаб ташлаган.

Сув олиш учун пақир кўтариб, кўчага чиқишим билан қизимни калтак билан туртаётган бўлажак куёвимга кўзим тушди. Илгарилари қизим унинг қилиқларини айтганда, “Қўй, қизим ҳаётда ҳамма нарса бўлади, сабр қил!”, деб таскин бергандим, аммо куёвим кўзимга эрим бўлиб кўриниб кетди. Пақирни ирғитиб, жон талвасасида қизимни қутқаришга югурдим. Уларни ажратиб, уйга олиб келдим. Жаҳл билан сандиқни очдим-у, куёв тараф юборган тугунни олиб, қўлига тутқаздим: “Мана юборган тўртта кўйлагинг! Боламни тинч қўй! Ўзим бахтсиз бўлганим етади, ҳали уйланмасдан туриб, қизимга шунчалик зулм ўтказсанг, турмуш қургандан кейин нима қилмоқчисан? Хотин дегани эрнинг шахсий буюми эмас! Униям кўнгли, хоҳиш-истаклари бор! Болали бўлиб, уларни тирик етим қилгандан кўра, ҳозироқ ажрашинглар! Майли, одамлар нима деса деяверсин, болаларим омон бўлса бас! Энди менга барибир!”.

Қизимга раҳмим келиб, фотиҳани буздим, бироқ бундан мен ҳам, у ҳам енгил тортгани йўқ. Қуда тараф “Онаси, опаси ким эди-ю, буниси ким бўларди?” деб гап таратибди. Қизим бу гапларни эшитиб, баттар эзилди.

Бу дунёга келган ҳар бир одам бахтли бўлишни, тинч-хотиржам яшашни орзу қилади. Айбим нима? Ажрашганимми? Эримни ҳар қандай шароитда ҳам тушунишга, ёрдам беришга ҳаракат қилдим, қўлимдан келганча оиламни сақлаб қолишга ҳаракат қилдим. Аммо қарсак икки қўлдан чиқаркан. Фаат бир тараф ҳаракат қилса, интилса, аммо иккинчи тарафдан садо чиқмаса, фойдаси йўқ экан. Болаларим тинч яшасин деб, эримдан ажрашдим, аммо қанчалик ҳаракат қилмай, уларни бахтли қилолмадим.

Буларни ёзишдан мақсадим, қизингизга совчи келганда етти ўлчаб, бир кесинг. Қариндошлар билан қуда бўлишга шошилманг, буни тиббиёт ҳам қоралайди. Ришталар узилмасин деб, дадам мени қариндошининг ўғлига узатганди, ажрашганимдан кейин яқин қариндошлар юз кўрмас бўлиб кетди. Қизим ҳам “Бир-биримизни севамиз”, дегани учун амакимнинг ўғлига унаштиргандим, уларнинг муносабатлари тўйгача ҳам етиб бормади, ўртада мен амакимдан айрилдим...

Аёлнинг дардини оққа кўчирувчи
ЛОЛА  ШОИМОВА

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1