1

Отасидан айро яшаётганлар дарди

СУҒДИЁНА 25.11.2016, 12:11
Теглар: Аёл, Она, Ота, Ота-она, Оила, Бола, Она ва бола, SUGDIYONA
Отасидан айро яшаётганлар дарди

Ажрашиш — эр-хотин ўртасида юз берадиган жараён. Бундан фарзандлар энг кўп жабр чекади. Улар икки ўт орасида қолишади: ё отасини, ё онасини танлаши керак. Бу мажбурий «танлов» эса болаларнинг руҳиятига, келажак ҳаётига таъсир ўтказмасдан қолмайди... Ушбу мавзу юзасидан мурожаат қилган муштарийларимизга ҳам маънан, ҳам руҳан кўмаклашиш учун саҳифамизда бу гал руҳшунос маслаҳатларини ҳам бердик...

 

«Болаларим ташлаб кетишидан қўрқаман…»

Гулсара, 44 ёш, Урганч шаҳри:

— Уч нафар фарзандим бор. Қайнонам билан чиқиша олмаганим сабабли турмушим бузилган. Аслида эрим яхши инсон эди, аммо ҳеч қачон ёнимни олмас, уйда жанжал бўлса, доим мени айбларди. Охири, ота уйимга кетдим. «Мен керак бўлмасам ҳам, эрим болалари учун бизни олиб кетиб, алоҳида уйда яшайди», деб ўйлагандим. Афсуски, хато қилибман. Бирорта жиддий муаммо бўлмаса ҳам, биз ажрашдик. Эрим эса уйланди. Бу менга қаттиқ таъсир қилгани учун фарзандларимни отасига қарши рухда тарбияламоқчи бўлдим. Уларга доим собиқ эримни ёмонлардим. Учрашишларига эса умуман йўл қўймасдим, чунки фарзандларим мени ташлаб, отаси билан кетишларидан қўрқардим. Мана, болаларим катта бўлиб қолишган.

Ўғлимнинг ўқиши, хулқи яхши эди. Ажрашувимиз ёмон таъсир қилдими, бебош бўлиб ўсди. Қизларим ҳам мендан яширинча аммалари, амакилари билан алоқа ўрнатишган. Ҳозир собиқ эрим ёки унинг қариндошлари ҳақида ёмон гап гапиргудек бўлсам, қизларим «Улар бизнинг қариндошларимиз. Дадам билан сиз ажрашгансиз, биз эмас! Ўшанда уришмай яшаганингизда, биз ҳам отамиз билан бир уйда яшардик. Отам ҳам, аммаларим ҳам сиз айтгандек ёмон одамлар эмас экан. Доим бизни меҳр билан кутиб олишади. Уришишмайди, яхши кўришади. Нега энди уларни ёмон кўришимиз керак?» дейишади. Бу гаплардан кейин жуда қийин аҳволда қолдим. Яқинда ўғлим бир кун уйга келмади. «Қаерда эдинг?» десам, «Дадамникида, кичкина укамнинг туғилган кунига боргандим», деб жавоб берди. «Нега шуни бир оғиз айтмадинг?», деган сўроғимга «Рухсат сўраганим билан барибир «боравер» демасдингиз-ку!», дейди. Фарзандларимнинг бундай муносабатидан кейин ўйланиб қолдим. Наҳотки, бир бошим билан катта қилаётган болаларим менга қарши бўлиб қолишган?! Баъзан эримнинг сингиллари уларни иссиқ-совуқ қилиб, ўзларига иситиб олишганми, деб ўйлаб қоламан. Бу вазиятда нима қилай? Маслаҳат беринг?..

Маслаҳат: — Аввало, хато ўзингиздан ўтган. Ахир, нимагадир эришиш учун ҳаётнинг қайсидир синовига чидаш керак. Энди эса яна хатога йўл қўймоқчисиз. Болаларингизни ота меҳридан жудо қилиб, нимага эришасиз?! Унутманг, она отанинг ўрнини босолмайди. Фарзандларингиз отасини қўмсашган. Буни шунча йил боқиб катта қилганингизга қарши жавоб деб нотўғри тушунманг. Уларга отаси билан муносабатларни тиклашига рухсат ва имконият беринг.

Руҳшунос маслаҳати: — Сизда аламзадалик бор. Арзимаган сабаб туфайли оилангиз дарз кетган. Бироқ бу ҳис-туйғунгизни болаларингизга билдирмаслигингиз керак. Болаларингиз айни отаси билан сизни таққослайдиган ёшда. Қўрқув, ҳадик, алам билан уларни ўзингиздан узоқлаштирасиз. Бунинг ўрнига собиқ турмуш ўртоғингиз ва унинг яқинлари ҳақидаги фарзандларингизнинг ижобий фикрларини «Балким болам, тўғри гапираётгандирсан. Отанг ҳаётни тушуниб қолгандир», деб тасдиқланг. Улар ҳозир ўз тарозиларида ҳаммасини ўлчашади. Тарозининг паллаларини тенг тутиш эса сизнинг қўлингизда. Отаси ҳақидаги салбий фикрлар билан энди ҳеч нарсани ўзгартиролмайсиз. Фақат болалар учун соғлом муҳитни яратинг. «Болалар отаси тараф бўлиб кетаяпти», деган салбий фикрларни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Бу соғлигингизга ҳам зарар.

 

 

«Дадамни кечирайми?»

Умид, 27 ёш, Сурхондарё вилояти:

— Дадам бундан ўн йил аввал бизни ташлаб, бир аёлга уйланиб, пойтахтга кўчиб кетган. Иккинчи турмушидан фарзандлари йўқ. Онам бир боши билан бизни катта қилди. Уйлантирди, қизларини узатди. Болалагимизда отасизликдан жуда қийналардик. Тўғриси, онамнинг эзилганларини кўриб, қалбимда дадамга нисбатан нафрат уйғонган. Тўрт йил давомида пойтахтда ўқиган бўлсам-да, бирор марта на дадам мени, на мен дадамни йўқламадик. Бунга менда хоҳиш ҳам йўқ эди. Қолаверса, онам ҳам ёш болаларининг келажагини ўйламаган дадамиз билан кўришишимизга қарши эди. Отасизлик сабаб рўзғор юкини жуда эрта бўйнимга олдим. Болалигимда мен ҳам бошқаларга ўхшаб отамнинг соясида юришни истардим. Афсус…

Дадам туманимизга йилда бир-икки марта келиб туради. Фақат бизнинг уйга келмайди. Биз ҳам у киши билан тўй-маъракаларда қуруқ салом-алик қиламиз, холос. Бирортамизнинг тўйимизга онам дадамни чақирмаган. Яқинда эшитсам, дадам бетоб экан. Ҳозир пойтахтда шифохонада даволанаяпти. Бобом «Бориб, дадангнинг ҳолидан хабар ол. Сен катта ўғилсан! Илк муродисан. Ўтган ишларга саловат», деб айтди. Нима қилишни билмай бошим қотган? Ҳозир ҳаётда ўз ўрнимизни топганмиз. Энди у кишини кечирсак, онамнинг кўнглига қаттиқ ботмасмикан?..

Маслаҳат: — Оиласини ташлаб кетган, бирор марта «болам» деб йўқламаган бўлса-да, у отангиз! Имкониятингиз бор экан, албатта отангизнинг ҳолидан хабар олинг. Бу — фарзандлик ва инсонийлик бурчингиз. Онангиз сизни тушунади. Отангиз ҳам боши ёстиққа теккач, ўтмишини тахлили қилгандир, хатоларини тушунгандир. Сизлардан бошқа йўқлогувчи фарзандлари йўқ экан. Албатта отангизни кечириб, у кишидан хабар олинг.

Руҳшунос маслаҳати: — Бир нарсани унутманг, бу дунёга келишингизга шу ота сабаб бўлган. Кечириш — инсоний фазилат бўлиш билан бирга, руҳингизни енгил ҳис қилдирадиган хислат. Сизда алам бор, аммо бу нафрат эмас. Меҳр кўзда дейишади. Отангизни бориб кўринг. Эртага ота бўлсангиз, дадангизни тушунасиз. Йиллар ўтган, онангизнинг кўнглидаги яра ҳам битиб кетмаган бўлса-да, усти қопланган. Уни тирнамасдан, отангиз томон қадам ташланг. Эртага отангизга бўлган муносабатларингиз фарзандларингизга ўрнак бўлиши керак.

 

«Отамнинг қўшниси билан курсдошман…»

Мавлуда, 16 ёш, Хоразм вилояти:

— Ота-онам олти ёшимда ажрашган. Сабабини аниқ билмайман. Билганим шуки, уйда жанжал бўлгудек бўлса, онам дарров ойисига қўнғироқ қилар, кейин бувим келарди. Ва охир-оқибат бувим бизни олиб кетди. Шу кундан бошлаб отам ҳақида фақат ёмон гаплар эшитиб, катта бўлдим. Мени уларга кўрсатишмасди. Мактабга отам ёки у кишининг бирор яқини кўришга борса, қочиб кетардим. Онам билан бувим: «Отанг билан ҳам, унинг қариндошлари билан ҳам учрашма. Улар сени олиб қочиб кетади. Кейин онасиз қоласан», деб қўрқитишарди. Ҳозир коллежда ўқийман. Курсдош дугонам отамнинг қўшниси экан. У билан танишгач, отамнинг оиласига, ҳаётига қизиқа бошладим. Дугонам ойисига менинг отамнинг ҳаётига қизиқаётганимни айтгач, «Қизим, бу ҳақда мен эмас, ўз яқинлари билан гаплашгани яхши эди. Бобоси билан бувиси ҳам қариб қолишган. Келиб уларнинг дуосини олсин. Шунда бўлиб ўтган воқеаларни ўз яқинларидан эшитар...» дебди. Мен бу ҳақда онамга айтишга қўрқаяпман. Дугонамнинг айтишича, отам ҳам, унинг ака-укалари ҳам зиёли, маҳаллада ҳурмат топган инсонлар эмиш. Тўғриси, мен ҳам тенгқурларим каби отам бўлишини истайман! У кишини кўргим, суҳбатлашгим, «Отажон» деб суянгим келади... Лекин онамнинг отамга бўлган муносабати бунга тўсқинлик қилади. Нима қилай? Отамни, қариндошларимни кўришга борайми? Шундай йўл тутсам, тўғри бўладими?..

Маслаҳат: — Бу вазиятда онангиз, каттароқ ёшли яқинларингиз билан маслаҳатлашинг. «Онам мени уришади» деган ҳадикларни кўнглигингиздан чиқариб ташланг. Ҳис-туйғунгизни ошкор этинг. Онангиздан яширинча асло иш қилманг. Отангизнинг ўзи дугонангизнинг онасидан қизи ҳақида  эшитиб, сизни  излаб топар. Ёки онангиз, ё бирор қариндошингиз муносабатларингизни тиклашга кўмак берар. Лекин ҳеч қачон ота-онангизга нисбатан қалбингизда салбий туйғу уйғонмасин.

Руҳшунос маслаҳати: — Сиз ўсмир ёшдасиз, шу сабаб биринчи қадамни отангиз қўйгани маъқул. Дугонангизнинг онасими ёки бирорта ёши каттароқ инсон отангизга сиз уни излаётганингизни билдириши керак. Айни пайтда отангиз сизни қандай қабул қилади, у қай аҳволда, бу томони ҳам бор.

Шу ўринда ушбу мухлисамизнинг онасига айтар гапим бор: Қизингизга умуман бундай муносабатда бўлманг. Унинг ҳаракатларида камчилик топсангиз, отасини рўкач қилиб гапирманг. Бу она-болани ўртасига совуқчилик туширади. Қизингиз отаси билан сизни қиёслайди. Ва натижада сизга нисбатан қўрқув уйғонади. Шундан эҳтиёт бўлинг.

 

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА ёзиб олди

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1