АсосийДунё

Францияда 1 июлдан бошлаб пляж, боғ ва автобус бекатларида чекиш тақиқланади

Бу ҳақда Франциянинг соғлиқни сақлаш ва оила масалалари бўйича вазири Катрин Вотрен маълум қилди.

'Францияда 1 июлдан бошлаб пляж, боғ ва автобус бекатларида чекиш тақиқланади'ning rasmi

Франция болалар кириши мумкин бўлган барча очиқ жойларда — жумладан, соҳилларда, хиёбонлар ва автобус бекатларида 2025 йил 1 июлдан бошлаб чекишни расман тақиқлайди. Бу ҳақда Франциянинг соғлиқни сақлаш ва оила масалалари бўйича вазири Катрин Вотрен маълум қилди.

Қаҳвахона айвонларида сигарет чекиш, ёмғир ёғиб турган кўчаларда сигарет билан юриш — Франция маданиятининг бир қисми сифатида машҳур бўлиб келган. Бироқ охирги йилларда мамлакат жамоат жойларида тамаки истеъмолига қарши чораларни изчил кучайтириб келмоқда.

Вотреннинг таъкидлашича, янги тақиқ “болалар бор бўлиши мумкин бўлган барча жойлар — соҳиллар, оммавий хиёбонлар, мактаб атрофлари, автобус бекатлари ва спорт иншоотлари”ни қамраб олади.
“Болалар бор жойда тамаки йўқолиши керак”, — деган вазир Ouest-France нашрига берган интервьюсида. Унинг таъкидлашича, чекиш эркинлиги “болаларнинг тоза ҳаво нафас олиш ҳуқуқи бошланган жойда тугайди”.

Тақиқ, шунингдек, мактаб олдида ўқувчиларнинг чекишининг олдини олиш мақсадида уларнинг атрофига ҳам татбиқ этилади. Қоидабузарлар 135 евро (тахминан 154 доллар) миқдорида жаримага тортилади.
Бироқ, Вотреннинг сўзларига кўра, Франция тимсолларидан бири бўлган қаҳвахона верандалари бу тақиққа киритилмайди. Электрон сигареталар ҳам бу тақиқ доирасига тушмайди.

Айни пайтда Францияда иш жойлари, аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва болалар майдончалари каби жамоат жойларида чекиш аллақачон ман этилган. Аксил-тамаки фаоллари эса янада кенгроқ тақиқлар учун кураш олиб боришмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Франция аҳолисининг тахминан 35 фоизи кашанда бўлиб, бу Европадаги (25%) ва жаҳондаги (21%) ўртача кўрсаткичлардан анча юқори. Мамлакатда ҳар йили 75 минг нафар одам тамаки билан боғлиқ касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмаётгани тахмин қилинади.

Сўнгги сўровномага кўра, французларнинг 62 фоизи жамоат жойларида чекишни тақиқлашни қўллаб-қувватлайди.
Франция ҳукумати томонидан 2023–2027 йилларга мўлжалланган Миллий анти-тамаки дастурида ҳам шундай тақиқ таклиф этилган ва мамлакат “2032 йилга келиб тамакисиз авлод” мақсадига интилмоқда. Бироқ айрим аксил-тамаки ташкилотлари ҳукуматни мазкур чораларни амалга оширишда сусткашлик қилишда айбламоқда.

Айни пайтга қадар Францияда 1500 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлар ўз ҳудудларида — хиёбонлар, соҳилбўйи ва ҳаттоки тошли қояларда ҳам чекишни тақиқлаб қўйган.
Вотреннинг айтишига кўра, ҳозирча сигарета нархларига қўшимча солиқ жорий этиш режалаштирилмаган, чунки аввалги солиқлар жорий этилгандан сўнг қора бозор сезиларли даражада ўсган.

                                                                                                                                                  Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар