Ёзнинг иссиқ кунларида муздеккина тарвуз ёки қовунни севиб истеъмол қиламиз. Мана шундай маҳсулотларни етиштирадиган деҳқонларнинг ҳаёт тарзи қандай? Оддий ҳаётдан тубдан фарқ қилувчи мавсумий ҳаёт цикли қандай шароитлар ва қийинчиликларга эга. Darakchi.uz мана шундай деҳқон оиласининг ҳаётидан фотоҳикоя тайёрлади.
Республиканинг турли ҳудудлари Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Самарқанд каби бир қатор суғориш суви ва ерга эга вилоятларда асосан водийлик аҳоли деҳқончилик билан шуғулланади. Назиржон аканинг ҳам оиласи мана шундай Наманганлик узоқ йиллардан бери кўчманчи деҳқончилик билан шуғулланадиган оила. 50 ёшдан ошган бўлса ҳам у ҳали ҳам дала ишларида чаққонлиги, деҳқончилик у туғилиб ўсган Олмос ва ёндош Ахча қишлоқларига бобомерос эканлиги узоқ йиллардан бери деҳқончилик қишлоқ аҳолиси учун асосий пул топиш манбаси эканлигини таъкидлайди.
Одамлар ҳали баҳор келиб улгурмай суғориш учун сув манбаи етарли, ҳосилдор ерни турли вилоятлардан қидиришади. Сўнг эрта баҳордан қип-қизил даштга келиб аввал палатка сўнг ўрнашиб олгач пахса чайла қуришади. Электр токисиз иложи бўлса, кнопкали телефонлар билан яқин яқингача ҳосилни йиғиштириб уйга кўчиб кетгунга қадар яшашарди. Аммо деҳқонларнинг айтишича, замон ривожлангани сари улар ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Пахса чайла ўрнини тайёр фанер чайлалар, лойсупа ўрнини темир сўрилар, чироқ ёки фонарь ўрнини кичик қуёш панеллари кнопкали телефон ўрнига сенсор телефонлар эгаллаган. Ҳатто кўпчилик деҳқонлар агар иложи бўлса яқин атрофдан электр токини тортиб келаркан.
Назиржон аканинг чайласида электр токи йўқ. Телефонларни машинага зарядлантиришади. “Ҳар йили электр токи бор жойга кўчар эдик. Бу йил бу ерда рухсат йўқ экан. Иссиқда бола билан озроқ қийналамиз”- дейди Назиржон аканинг келини.
Деҳқонлар ер олаётганда оилада ишга яроқли одам бошига ва бу йил кузда режалаштирган ишларига кўра 3 гектардан, 10 ёки 15 гектаргача ижарага олишади. Назиржон аканинг уйи яхши, оилада иккита автомашина бор. Фақат бу йил кузда қизларини узатмоқчилар.
Кўчманчи деҳқонларнинг ҳаёти шундай йилнинг 6 ойи оғир меҳнатда сўнг куз-қиш мавсумида кимдир тўй қилади, кимдир уйини таъмирлайди. Янги уй қуради, машина олади. Ёзда бу қишлоқ кўчаларидан одам топиш қийин. Қишлоқда қолганлар ҳам асосан қариялар, бошқа иши борлар ёки уйига яқин атрофда деҳқончилик қилганлардир.
6 ой давомида виртуал ва медиа оламидан узоқлашиш бу албатта болаларнинг болалигини яшашга, дўстлари билан ўйнашга, телефон билан боғлиқ чиркин одатларидан қутулиш учун яхши имконият. Оқшомлари остига сув сепилган супа устида овқатланиб оила билан кўпроқ вақт ўтказишга ёрдам беради. Тўғри бутунлай узилиб қолишмайди. Аммо гаджетлар фақат алоқа ва зарур нарсалар учун ишлатилади.
Мана шу ҳудудда ўсган қиз сифатида менга бир нарса оғриқ беради. Бу ерда қизлар эсини танибдики, деҳқончилик ишларини яхши билиши талаб қилинади. Кимдир келин сифатида номзод қидирса, айнан мана шу ишлардаги чаққонлигига қаралади. Аммо йиллар дунёқарашларни ўзгартиради. Бугунги кунда аксарият аҳоли фарзандини ўқишига шароит яратиб ўзи каби деҳқон бўлиб қолмаслигини хоҳлайди. Айниқса оналар бу тақдирни қизига раво кўрмайди. Чунки сизнинг мавқеингиз даладаги ишларингга қараб белгиланганда мана шу ишлар билан бирга фарзанд катта қилиш нақадар қийин эканлигини билишади.
Бу ер Тошкент шаҳарга деярли узоқ бўлмаган ерда жойлашган. Ҳатто чайлалардан кўринарли масофадан метро ўтади. Аммо бу жой кундан кунга виртуаллашиб кетаётган ҳаётдан узилиб қолган носталгик ҳаёт. Шаҳар қурғоқчилиги-ю, шовқинидан ҳеч қанча узоқ бўлмаган жойда яратилган ям-яшил, ўзгача бир муҳит.
У ерда болаларнинг болалиги, одамларнинг бир-бирига кўпроқ вақти бор.
Фазилат Соиб