Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг "Ўзбекистон Республикасида тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинди.
Йўриқнома тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини бериш, қайд этиш, сақлаш ва қайтариш тартибини белгилайди.
Акциз маркалари билан маркаланадиган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни ишлаб чиқарувчи корхоналар "Давлат белгиси" ДУКга ушбу шаклга мувофиқ акциз маркаларини харид қилишга буюртманома билан мурожаат этади.
Импортчилар Божхона қўмитасининг ҳудудий органларига белгиланган шаклдаги буюртма билан мурожаат қилади.
Қуйидаги акциз товарларни маркалаш мажбурий эмас:
- республикадан ташқарига экспорт қилинаётган;
- божсиз савдо қилувчи дўконлар учун республика ҳудудига келтирилаётган;
- Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномаси бўлган тақдирда, кўргазмалар ўтказиш учун келтирилаётган;
- халқаро транзит бўйича Ўзбекистон олиб келинаётган ва олиб чиқишга мўлжалланган;
- жисмоний шахслар томонидан белгиланган акцизсиз олиб кириш меъёрлари доирасида келтирилаётган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01 ноябрдан кучга кирди.