Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 34 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозори яқинида шубҳали тарзда тўхтаб турган “Ласетти” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Аниқланишича, автомашинани Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқариб келган. Автомобилда, шунингдек, 1984 йилда Денов шаҳрида туғилган ва ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро ҳам бўлган.
Кўздан кечириш жараёнида автомашина салонидаги пластик идиш ичида жами 30 та ўрамга жойланган 34 килограмм 610 грамм оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган. Улардан 12 килограмм 960 граммини опий, 21 килограмм 650 граммини эса гашиш ташкил этган.
Мазкур гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакат ҳудудига хориждан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиши мумкин.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси иккинчи қисми ҳамда 25, 273-моддаси бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.






