Жалолиддин Мангубердига тегишли Яда тоши бугунги кунда Британия музейида сақланмоқда. Ушбу тош ўймакорлик ва гравюрали ишланиш техникасида тайёрланган бўлиб, ислом маданиятига оиддир.
Унинг ўлчамлари қуйидагича келтирилган:
баландлиги - 29 см
Тош Эрон ҳудудидан топилган ва акцияда сотиб олинган. У музейда №1990.06.12.1 рақами билан қайд қилинган бўлиб, милодий 1230/1231 йилда ишлангани келтирилган.
Экспонатга “мазкур тош Жалолиддин Хоразмшоҳ умрининг охирги йилларидаги шарқий Туркия, шимоли-ғарбий Эрон ва Озарбайжондаги ҳарбий юришларидан хабар беради”, деган таъриф берилган.
Батафсил филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Матниязов мақоласида ўқишингиз мумкин.
ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ВА ЯДА ТОШИ
Яда тоши ҳақидаги илк маълумот Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғот ит-турк” (“Туркий тиллар луғати”) асарида келтирилади[1]. Муаллиф يت – jaт сўзини келтириб, уни “ёмғир, шамол ва бошқаларни талаб қилиш учун махсус тошлар (яда тоши) билан фол очиш одатидир”[2], - деб изоҳлайди. Қошғарий буни ўз кўзи билан кўрганлигини ҳам таъкидлайди: “Мен буни яғмолар шаҳрида ўз кўзим билан кўрдим. У ерда пайдо бўлган бир ёнғинни сўндириш учун шундай фол қилинган эди, худонинг амри билан ёзда қор ёғди. Кўз олдимда ёнғинни сўндирди”.
Ушбу одат ҳақида Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” номли асари Чингизхон тарихи баён қилинган қисмининг “Душманларнинг Ўнгхон ва Темучинни жоду қилганлари зикри”да шундай ёзади: “Буйруқ, Тойонхон найман, найман қавми ҳокими Нангхон улар билан душманлик муносабатида эди. Улар билан жанг қилмоқ ниятида лашкар тўплади. Жадачиларга жада қилмоқни буюрди. Турклар жада қилмоқни “ёй этар” дейишади. Назм (мазмуни):
Ёмон ниятли тақдирдан хабарсиз бўлганидан иши макру ҳийла бўлганди.
Шундай найранглар тузган эдиларки, тошларни дарёга ташлагандилар. Унинг хосияти қор билан бўрон; шоҳ лашкарининг макри ҳалок бўлгуси. Улар макридан шамолу қор пайдо бўлди. Саҳро қордан тубсиз денгизга айланди. Лекин кимки маккор бўлган бўлса, ўзининг ёмон феълидан гирифтор бўлган. Само, қор, бўронлар ўтди. Зеро, булар устидан найранглар қилган эдилар. Номдор Буйруқ билан бирга бўлган сипоҳийлар ўша жангда унга ҳамроҳ эдилар. Шамол, қор, бўрон қоронғулиғидан ҳамма саросима ва ҳайрон эдилар. Худонинг ғазаби бўлган қавмдан оёқ-қўлларини совуққа олдирганлар етиб келди. Ўша гуруҳдан кўп киши алданиб, тиғу тоғдан ҳалок бўлдилар. Тан бор эди, жанг майдони; ёмон ниятлининг иши шундай жанжалдир, дегил, тирик бўлганлар жойида қолдилар, кейин оёқ-қўлини совуқ уриб жўнашди. Бирор киши жанг қилмай қочиб кетишди. Улардан ҳеч ким хабар топмади”.
Бу тарихий маълумотлардан яда (жада) одати яда тоши иштирокида амалга оширилгани англашилади. Алишер Навоийнинг “Бадойиъ ул-бидоя” асарида يدا تاش яда тоши қуйидаги шаклда учрайди:
Яда тошиға қон етгач, ёғин ёққандек, эй соқий,
Ёғар ёмғурдек ашким чун бўлур лаълинг шароболуд.
Бу тош тарихи ҳақидаги маълумотлар жуда қадим замонларга бориб тақалади. “Ёфас ибн Нуҳ алайҳиссалом Жуди тоғидан нузул этгач, Ҳазрати ҳақ Жалли ало амри билан Машриқ томон жўнади. Ўз падари бузрукворидан рухсат олиш ҳангомида, ундан дуо ўргатишларини сўради. То Ҳазрати Қодир ало алатлоқдан ёмғир ёғишни сўрагай. Нуҳ алайҳиссалом унга исми аъзамни ўргатди. У исми аъзамни бир тошга нақш қилиб Ёфас алайҳиссаломга топширди. Ёфас (в. 12б) алайҳиссаломул исми аъзам баракоти ва сирларин ўша Ҳазрати бори таолонинг буюк номи нақш қилинган тошни ҳар чоқ ёмғир ёғишини истаганларида келтирар эдилар. Бугунги кунда ҳам турклар орасида ёмғир ёғдирувчи тош мавжуд. Ул тошни Жада тоши, Яда тоши деб атайдилар. У арабчасига Ҳажар ул-мутур дейилади. ... Баъзиларнинг айтишича, Ҳазрати Ёфас алайҳиссалом ўз падари бузрукворидан Ҳазрати Нуҳ бохиюллоҳ ало набийино ва алайҳумуссаломдан рухсат олганлари ҳангомида илтимос қилган эдиларки, мени шундай жойга амр қилингки, у ерда ҳайвонот билан яшашим лозим бўлсин, ҳайвонларни ботиний ишлар вакили қилсангиз, ёмғирдан хабар берувчи.
Хуллас, меҳрибонлик дуосин айтдиларки, қачон ёмғир ёғишига ҳожат пайдо бўлса, ҳазрати қодири Зулжалол юборур.
Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом дуо қилдиларки, то ҳаққи субҳона ва таъоло хабар берурки, ё Нуҳ, Одам алайҳиссалом яратилмасдан бурун мавжудотни яратилгани тақдир қилинган. Тош маҳлуқдирки, қору ёмғир ёғдириш, шамол эсдириш, туман тушириш, булут пайдо қилдириш, у билан боғлиқ бўлгай: уни олам ашёлари орасида мухтафи қилган эдик. Илгарироқ уни ҳайвонот аъзосига ва вақтга (боғладик). Унинг зуҳури сенинг дуойингга боғлиқ эди. Энди ўшал тошни олгин ва ўз фарзандларингга бергин. Қачон ёмғир ё қор исташса, бизнинг исми аъзамни ўқийдилар ва у тошга дам урадилар, сувга ташлаб амал қиладилар. Худованд қудрати хазинасидан қанча хоҳласалар баҳравар қилинг. Хуллас, Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ёмғир дуосини Ёфас алайҳиссаломга таълим бердилар ва ўша тошни кўрсатдилар.
Машойихлар жумҳури кибор таворих арбобларига кўра, ривоят қилишича, Ҳазрати Ёфас алайҳиссалом пайғамбари мурсал бўлдилар (в. 13а). Ул ҳазратга нозил бўлган китобларда ўша орада яда илми ҳам зикр этилган эди. ... Ҳар тақдирда ҳам илми Яда моддасида Ҳазрати Ёфас ибн Нуҳ алайҳиссалом Машриқ мамлакатларида шитоб қилгандир”.
Жалолиддин Мангубердига мансуб яда тоши бугунги кунда Британия музейида сақланади[9]. Мазкур тош ўймакор ва гравюрали ишланиш техникасига эга бўлиб, сангтарошлик услубида тайёрланган. У ислом маданиятига оид меморий аҳамиятга эгадир. Бўйи 29,00 см, кенглиги 50,00 см, қалинлиги 32,00 см, оғирлиги 42,50 кг бўлган ушбу тош Эрон ҳудудидан топилган ва акцияда сотиб олинган. №1990.06.12.1 рақами билан қайд қилинган ушбу экспонат милодий 1230/1231 йилда ишланган деб қаралади. Экспонатга “мазкур тошнинг 1230/1231 йилларда, яъни Жалолиддин Хоразмшоҳ умрининг охирги кунларидаги шарқий Туркия, шимоли-ғарбий Эрон ва Озарбайжондаги ҳарбий юришларидан хабар беради”, - деган таъриф берилган[10]. Бу тошга сангтарош Маҳмуд бин Муҳаммад исмли Рашид номи билан машҳур бўлган муҳркан ва заргар ишлов берган. Рашид асли келиб чиқиши Шарқий Эроннинг узоқ Нишопур шаҳридан бўлиб, афтидан мўғуллар босқинидан Ғарбий Эронга қочиб келган бўлиши мумкин.