Темир йўл транспорти соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун жорий йил 1 январдан кучга кирди.
Янги қонунга 17 янги тушунча киритилган. Бир-бирига номувофиқ ва ҳаволаки нормалар қайта кўриб чиқилди.
Қонунга янги моддалар ҳам киритилди. Хусусан, темир йўл транспорти ташувчисининг йўқотишлари ва зарарларини қоплаш тўғрисида (30-модда) меъёрлар киритилди. Чунки, амалда йўловчиларни темир йўл транспортида ташишдан кўрилган зарарлар ташкилотга ортиқча юклатилган бўлиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилмаган эди. Конституциянинг 19-моддасини таъминлаш мақсадида алоҳида тоифадаги йўловчиларга темир йўл транспортида йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи белгиланди.
Амалдаги қонунда ҳаволаки нормалар, шунингдек, “норматив ҳужжатлар” сўзлари ифодаланган моддалар мавжудлиги, темир йўл транспорти фаолияти нафақат меъёрий техник ҳужжатлар билан, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солиниши сабабли, ушбу нормаларнинг таҳририга ўзгартириш киритилди.
Қонун жорий йилда давлат томонидан тартибга солинадиган тарифларда йўловчиларни ташишдан вужудга келган зарарларни қоплаш учун Давлат бюджетидан қўшимча 1,7 триллион сўм харажатни талаб этади.
Қонун темир йўл транспорти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, темир йўл транспорти ва халқаро ташувлар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади