Бундан 8 йил аввал, яъни 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг қатор моддаларига асосан Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан эълон қилинган ҳукмга асосланган мақола нашримизда чоп этилган эди.
Мақолада Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ҳукмига кўра, Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли “Чирчиқ” ТИФ божхона пости собиқ мансабдорига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг қатор моддаларига асосан қўйилган айблов ва 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида ёритилган. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш орқали жиноят содир этганликда айбланган эди...
Мана, орадан 8 йил ўтиб, “Чирчиқ” ТИФ божхона пости собиқ мансабдори, қолаверса, айбсиз “айбдор”га айланган Мансур Мадраҳимовнинг ҳаётидаги доғ “ювилди”.
Қонунчилик талабларига кўра, ҳар қандай қилмишдан қатъи назар, шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда суд томонидан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланган.
Шахсни айбдор деб топишга фақат суд ваколатли. Бу эса айбсизлик презумпциясининг олтин қоидаларидан биридир. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан 2016 йил 4 июлда чиқарилган ҳукмнинг “Чирчиқ” ТИФ божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимида ишлаган Мансур Мадраҳимовга оид қисми билан боғлиқ суд жараёнлари, яъни унга нисбатан қўйилган айблов ва белгиланган жазо чоралари такрор-такрор турли босқичларда кўрилиб, унинг айбсизлиги ва оқлаш ҳақидаги адолатли қарор қабул қилингани ҳам айни шу тамойилларга асосланган, дейиш мумкин.
БИР НЕЧА ХОДИМЛАРГА НИСБАТАН АЙБЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН
Иш ҳужжатларида келтирилишича, 2015 йил 8 июнь куни “Чирчиқ” ТИФ божхона постида божхона кўриги инспектори Х.Ҳ. томонидан божхона кўригидан ўтказилиб расмийлаштирилган 2 та вагонга юкланган товарлар шу пост ходимлари ва бошқа орган ходимлари иштирокида қайта текширувдан ўтказилганда, юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ортиқча юкланган жами қиймати 1 млрд. 300 млн.га тенг бўлган 63 тонна товарлар борлиги аниқланган ва қонуний расмийлаштирилган. Аммо мазкур ҳолат юзасидан расмийлаштирилган жиноий иш материаллари собиқ МХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов учун олинган. 2015 йил 29 сентябрда М.Мадраҳимов бошчилигида пост ходимлари З.Исламов, О.Тўлаганов, Б.Машарипов, Р.Мираҳмедовлар ҳам ҳеч қандай асоссиз ҳибсга олинган. Тергов ҳибсхонасида барча ходимларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилиб, пост бошлиғи М.Мадраҳимовга қарши кўрсатма ёздиришган. Бу орқали терговчилар М.Мадраҳимовни ҳам божхона бошқармаси бошлиғига қарши ёлғон кўрсатма беришга ундашган. Аммо М.Мадраҳимов барча тазйиқларга бардош бериб, унга қўйилган айбловларни инкор этган ва адолат қарор топишига ишонган. Аммо ўша пайтлар катта ваколатга эга бўлган терговчи агар у билан ҳамкорлик қилмаса, жазонинг каттасини олишини, прокурор ҳам, судья ҳам ўзи эканлигини, қамалиши ёки чиқишини ҳам у белгилашини айтиб М.Мадраҳимовга тазйиқ ўтказган. Тергов ва суд жараёнлари 1 йил давом этиб, афсуски, натижа терговчи хоҳлаганидек бўлиб чиқди. Яъни 8 йил аввал Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 июлдаги ҳукмига асосан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг бир неча ходимларига нисбатан айблов эълон қилиниб, жазо чоралари белгиланган. Жумладан, “Чирчиқ” ТИФ божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимида ишлаган М.Мадраҳимовга ҳам, гарчи М.Мадраҳимов судда ҳам барча айбловларни инкор этиб, айбсизлигини қонуний исботласа ҳам, ҳаттоки қораловчи прокурор 12 йил жазо сўраганига қарамасдан, судья унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш орқали пост инспекторлари билан экспорт қилинаётган маҳсулотларни тўсиқсиз божхона текшируви ва расмийлаштирувидан ўтказиш эвазига экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг тури ва миқдоридан келиб чиқиб, пора талаб қилганлик каби, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисми “а, в, г”, 209-моддаси 2-қисми “а, б”, 210-моддаси 3-қисми “а, б”, 25, 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айблов эълон қилиб, энг катта жазо, яъни 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасини белгилаб ҳукм чиқарган.
АДОЛАТ ТАНТАНАСИ
Бу суд ишида келтирилган воқеаларга 9 йил бўлди. М.Мадраҳимов ҳатто мазкур айблов учун суд ҳукмига кўра тайинланган жазо сабаб умрининг қарийб 6 йили (5 йил 8 ой 4 кун)ни панжара ортида ўтказди.
М.Мадраҳимов ноқонуний жазо муддатини ўтаб чиққач, судларга мурожаатларини давом эттирди ва натижа бўлмагач, Олий суд раиси Б.Исламов қабулига кириб, бошидан ўтказганларини, ноқонуний қамалганлигини ва натижада салкам 6 йил умри қамоқда ўтганлигини, энг ачинарлиси, уни ўқитиб катта қилган онаси у қамалиб тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтда бу иснодга чидай олмай оламдан ўтганлигини сўзлаб берди. Натижада нафақат ўзи, балки барча оила аъзолари қийналди, турмуш ўртоғи ягона боқувчисидан айрилиб, 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан ёлғиз қолди. Олий суд раиси барчасини эшитиб, ушбу ҳолатни шахсан ўзи назоратга олишини ваъда берди. Шундан сўнг, Олий суд раиси ўринбосари И.Муслимов томонидан киритилган протест натижасида М.Мадраҳимов бошчилигида қамалган божхона органлари ходимларига қўйилган айблов бекор қилиниб, жиноий иш қайтадан кўриб чиқиш учун юборилди.
М.Мадраҳимовнинг уринишлари зое кетмади ва адолат қарор топди. Яъни унга нисбатан қўйилган айбловлар қайта кўриб чиқилиб, 2023 йилнинг 30 ноябрь кунги Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси ҳукми ҳамда 2024 йил 17 майдаги Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳукмига асосан айбсизлиги исботланди ва 9 йил давомида айбсиз “айбдор”га айланган М.Мадраҳимов оқланиб, реабилитация қилинди. Бу эса адолат тантанасидир.
Натижада М.Мадраҳимовга ноқонуний қамалганлиги натижасида етказилган моддий ва маънавий зарар давлат томонидан қопланиб, йўқотилган барча ҳуқуқларини тиклаш, жумладан, ишга тиклаш бўйича судларга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди. М.Мадраҳимов оқлангач, унинг қўл остидаги ходимлари З.Исламов, О.Тўлаганов, Р.Мираҳмедов, Б.Машариповлар ҳам оқланди.
М.Мадраҳимов адолатни қарор топтиришда унга ёрдам берган Олий суд раиси Б.Исламов, Олий суд раиси ўринбосари И.Муслимов ҳамда оқлов ҳукмини чиқаришда қатнашган барча одил судьялардан миннатдор. Бунинг барчаси ҳозирги кунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат ва судларга бўлган ишонч натижасидир.