Дунё бўйлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришлари қишлоқ хўжалигидаги суғориш тизимида ҳам янги ислоҳотларни жорий қилишни тақозо этмоқда. Қашқадарё вилоятида ҳам сув йўқотилиши юқори бўлган каналларни бетонлаштириш, суғориш тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишларига кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат дастури асосида жами 34 та ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, бетонлаштириш тадбирларига 251,82 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу олиб борилган тадбирлар натижасида 88,3 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ҳамда 18,8 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
– 2024 йилда сув хўжалиги соҳасида вилоятда бир қанча салмоқли лойиҳалар амалга оширилди, – дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш шўъбаси мудири Муродилла Аҳмедов. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ва Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан, вилоятда жами ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича 216 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди. 20 та ирригация ҳамда 2 та мелиорация объектлари бўйича қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Ушбу лойиҳалар доирасида жами 125,5 километр каналда бетонлаштириш ва реконструкция ишлари, 70 километр лотокларда реконструкция ишлари, 25,7 километр коллектор дренаж тармоқларида реконструкция ишлари олиб борилди. Мазкур бетонлаштириш ишлари жараёнида вилоятдаги сув йўқотилиши энг юқори бўлган каналлар танлаб олинди. Уларда фойдали иш коэффициенти 65-70 фоизни ташкил қилган. Бетонланиш жараёнида буларнинг фойдали иш коэффициенти 90 фоизгача кўтарилишига эришилди.
Вилоятда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобида 256 та магистрал ва хўжаликлараро каналлар бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 2 минг 476 километрга тенг шундан 1 минг 502 километр қисми бетонлаштирилган. Кластер ва фермерлар ҳисобида 20,4 минг километр ички каналлар мавжуд бўлиб, шундан 6,2 минг километр лоток, 2,2 минг километр бетон қопламали суғориш тармоқлари, 864 километр ёпиқ тармоқлар ва 11,1 минг километр қисми тупроқ ўзанли сув йўллари ҳисобланади.
– Шунингдек, Вазирлар маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги тегишли қарори ижроси доирасида мелиоратив объектларни таъмирлаш, тиклаш бўйича ҳам 34 миллиард 600 миллион сўм маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилди, – дейди М.Аҳмедов. – Жами 12 та мелиорация объектларида таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилди. Бу лойиҳа доирасида 642 километр очиқ коллектор, 80 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларида тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. 381 дона мелиоратив кузатув қудуқларда “Дайвер” қурилмалари ўрнатилди.
Жумладан, вилоятнинг Косон туманидан ўтувчи Р-26 канали 1985 йилда қурилган. Умумий узунлиги – 25,7 километр бўлиб, шундан 10,1 километри бетон ва 15,6 километр қисми тупроқ ўзанли. Сув ўтказиш қобилияти – 44,0 м3/с ташкил қилади. Ушбу канал орқали тумандаги Чироқчи, Сурхон, Жарқум, Майдаёби, Андабозор ҳудудларидаги 16 минг 875 гектар экин майдонлари суғорилади.
Муаммо шундаки, Р-26 канали қурилганидан бери капитал таъмирланмаганлиги эвазига каналнинг ПК0+00 дан ПК-156+00 гача 15,6 километр қисмининг бетон қопламалари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу сабабли каналга лойиҳа миқдоридаги сувни ўтказиш имконияти йўқолиб, каналнинг фойдали иш коэффициенти 65 фоизга тушиб қолган. Натижада ушбу каналга боғланган фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлашда муаммолар вужудга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатаётган эди.
Жорий йилда дастур асосида Р-26 каналининг ПК0+00 дан ПК156+00 гача 15,6 километр қисмининг бетон қопламасини реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Натижада каналнинг фойдали иш коэффициенти 65 фоиздан 90 фоизгача кўтарилиб, сувнинг тезлиги ошиши ҳисобига фильтрациянинг олди олиниши натижасида йилига ўртача 13,5 миллион м3 сув иқтисод қилиниб, фермер хўжаликлари ҳамда аҳолининг 16 минг 875 гектар ер майдонлари кафолатли сув билан таъминланишига эришилди.
Тумандаги Сурхон ҳудудининг раҳбари Музаффар Зоиров ҳудуддан ўтган Р26 каналининг таъмирдан аввалги ҳолати хусусида гапираркан, сувнинг асосий қисми ерга сингиб кетишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бетонлаштириш ишларидан сўнг аҳвол анчагина яхши томонга ўзгарганини қўшимча қилиб ўтди.
– Каналнинг бетонланиши оқибатида, сув етиб бормайдиган жойларимизга ҳам оқова сув етиб бормоқда, – дейди Сурхон ҳудуди МТП раиси Музаффар Зойиров. – Ҳудудимизда 3 минг гектар ер майдони мавжуд. Шундан жорий йилда 1 минг 465 гектар ерга ғалла экканмиз. Ҳаммаси униб чиққан. 127 та фермер хўжалиги бор. Улар ҳам жуда миннатдор. Канал сувининг барқарор келиши натижасида қишлоқ хўжалигида экиладиган экинларнинг ҳосилдорлиги ошишига замин яратилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларимиз томонидан аҳолини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга имкон яратилади.
Сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш табиийки қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, бетонлаштириш борасида бошланган ишлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Жорий йилда вилоятда ушбу тадбирлар натижасида ўртача 350 миллион куб метргача сув иқтисод қилингани эса фикрларимиз исботидир.
Вилоятда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, соҳага рақамли технологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса пировард натижада қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни ошириш ҳамда суғориладиган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини сақланиб қолишида муҳим аҳамият касб этади.