Ўз навбатида бугун олим ва тадқиқотчиларимиз олдида тарихимизда яшаб ўтган кўплаб буюк шахслар, улуғ алломалар ва мутафаккирлар, ҳукмдорлар ва давлат арбоблари ҳақида ўтган асрда шаклланган тасаввурлар доирасидан чекка чиқиб, уларга нисбатан қарашларни яна бир бор жиддий кўриб чиқиш вазифаси турибди. Буюк темурийзода ҳукмдор Ҳусайн Бойқарони ана шундай тарихий шахслар қаторида зикр қилиш мумкин.
Барча бу исмни эшитиши билан кўпчиликнинг кўз олдига ҳозир ҳам Алишер Навоий билан бир замонда яшаган, маишатга, айш-ишратга муккасидан кетган, буюк шоирнинг муҳаббатига ва ўзининг зукко набираси Мўмин Мирзонинг ўлимига сабабчи бўлган ҳукмдор гавдаланади. Чунки аксарият одамларнинг мазкур давлат арбоби ҳақидаги тасаввури тарихий манбалар орқали эмас, телеэкранда тез-тез намойиш қилиб туриладиган машҳур спектакль ва бадиий фильм орқали шаклланган.
Тарихда салтанат ва шеъриятни ёнма-ён қўйиб, бир қўлида қилич, бир қўлида қалам тутган ҳукмдорлар кўп ўтган. Хусусан, Темурийлар тарихида таъби назмга эга бўлган тождорлар кўплаб учрайди. Ушбу сулола вакиллари орасидан кўплаб нозиктаб шоирлар етишиб чиққан. Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган Хуросон ҳукмдори, Темурийлар сулоласининг вакили Султон Ҳусайн Бойқаро ана шундай подшоҳлар қаторидан ўрин олган.
Султон Ҳусайн Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1438 йил июль (ҳижрий 842 йил, муҳаррам) ойида Ҳиротнинг Давлатхона саройида дунёга келган. Унинг шажараси ота томонидан Соҳибқироннинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзога (1356-1394), она тарафдан Мироншоҳ Мирзога (1366-1408) тақалади.
1452 йилда ёш Ҳусайн Ҳирот ҳукмдори Абулқосим Бобур саройига хизматга киради. 1457 йили унинг вафотидан сўнг, Ҳусайн Мирзо саройни тарк этиб, Марв ҳукмдори Санжар Мирзо Марвий саройига хизматга ўтади. Бироқ маълум сабабларга кўра, тез фурсатда саройдан кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг Ҳусайн Мирзо ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Хоразм, Хуросон, Астробод, Мозандарон ва Журжон оралиғида саргардонликда умр кечиради. Ҳирот ҳукмдори Султон Абусаид Мирзо (1424-1469) ҳалокатидан сўнг, 1469 йил 24 март куни Хуросон тахтини эгаллайди.
Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик қилган даврда Хуросон фуқаролари бир мунча осойишта ва фаровон ҳаёт кечирган, мамлакатда йирик сув иншоотлари, маъмурий ва маданий қурилишлар, мадраса, масжид, карвонсарой, работлар, кўприклар ва шу каби қурилиш ишлари кенг кўламда олиб борилган.
Шу боис Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳукмронлик даврида Ҳирот фан ва маданият марказига айланган. Бу даврда илму фаннинг барча жабҳаларида қалам тебратган билимдон олимлар, сўз усталари, адиблар, шоирлар, мусиқашунослар, ҳунарманд наққошлар ва мусаввирлар Ҳиротнинг довруғини жаҳонга машҳур қилганлар.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳусайн Бойқаро замонидаги олимлар, фозил ва шоирлар, хусусан мавлоно Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоий, Мулло Муҳаммад Бадахший, Юсуф Бадиий, Оҳий, Шоҳ Ҳусайн Коший, Ҳилолий Аҳлий ва бошқалар ҳакида тўхталиб ўтади.
Алишер Навоийнинг таъкидлашича, Ҳусайн Бойқаро эски ўзбек тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Ёзма туркий тилни ривожлантириш, шу тилда ижод қилишга доир махсус фармон чиқарган. Бу дадил қадам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани шубҳасиз.
Ҳусайн Бойқаро форсий ва туркий тилларида ғазал битиш иқтидорига эга бўлса-да, асосан туркийда "Ҳусайний" тахаллуси билан ижод этган.
Дарҳақиқат, Султон Ҳусайн Бойқаро Хуросон ҳудудини ички ва ташқи душмандан тозалагач, бир фурсат беғамликка берилади. Ҳукмдорнинг сўнгги йиллари мамлакат ичида вужудга келган исёнларни бостириш билан ўтади. Бу исёнлар ўз ўғиллари тарафидан мулк талашиб, кўтарилган низо ва можаролардан иборат эди.
Аммо шунга қарамай, у қўлидан келганича мамлакатда адолат ва осойишталикни, илм-маърифат ва маданиятни равнақ топтиришга ҳаракат қилган.
1506 йил баҳорида Султон Ҳусайн Бойқаро хасталигига қарамай Хуросон қўшинини йиғиб, Муҳаммад Шайбонийхонга қарши курашга отланади. Бобо Илоҳий мавзеига етганда, аҳволи оғирлашиб, қўшинни тўҳтатишга қарор қилади. 5 май, душанба куни кечқурун сактайи қалб (апоплексия) касали билан 69 ёшида оламдан ўтади.
Маълумки, собиқ тузум пайтида “буржуа жамияти”, “ҳукмрон табақа” вакили деб талқин этилган Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ўртасида сунъий зиддиятлар “яратилди”. Ҳозирги қадар томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинаётган экран ва саҳна асарларида ҳам шоҳ ва шоир ўртасидаги қарама-қаршилик ўта даражада бўрттириб кўрсатилди. Бу зиддиятни кучайтириш мақсадида халқ оғзаки ижодидаги Гули образи жонлантирилиб, ундан икки дўст ўртасида адоват манбаи сифатида фойдаланилди. Айниқса, валиаҳд шаҳзода Муъмин Мирзонинг ўлими сабабли Навоий ва Бойқаро муносабатлари батамом якун топгани акс эттирилди.
Рост, саройдаги фитналар, айрим амалдорларнинг, вазирларнинг қутқусидан ҳимоялаш мақсадида Ҳусайн Бойқаро ўз дўстини бир муддат саройдан узоқлаштирган, уни Астрободга ҳоким этиб тайинлаган бўлиши мумкин. Бироқ, ташқи таъсирлар, сарой аҳлининг қутқулари икки дўст орасига кучли нифоқ уруғини эка олмаган.
Навоий севгилисининг султон ҳарамига келтирилиши ҳам тарихий ҳақиқатга зид. Табиатан ўта нозиктаъб, покдомон бўлган Ҳазрат Навоий ўта нозик масаладаги бу зиддиятдан кейин ҳам Султон Ҳусайн Бойқаро билан умрбод дўст бўлиб қолмаган бўлардилар.
Навоий деяри ҳар бир асарида Ҳусайн Бойқаро васфига алоҳида ўрин ажратади. “Хамса” достонида, кўплаб қасида ва ғазалларида бу темурий ҳукмдорнинг инсоний хислатларини мадҳ этади. Жумладан, “Мажолис ун-нафоис” асарининг сўнгги саккизинчи мажлисини тўлиқ Ҳусайн Бойқаро ижодига бағишлайди. Мажлис ҳукмдор мадҳидаги ушбу сатрлар билан бошланади:
“Салтанат баҳрининг дурри яктоси ва хилофат сипеҳрининг хуршеди жаҳонороси, саховат ҳавосининг абри гуҳарбори ва шижоат бешасининг ҳузабр шикори, адолат чаманининг сарви сарбаланди ва мурувват маъданининг гавҳари аржуманди, кўшиш размгоҳининг Рустами достони ва бахшиш базмгоҳининг Ҳотами замони, фасоҳат илмининг нукта бирла сеҳрсози ва балоғат жаҳонининг диққат била муъжиза пардози - Султон ус-салотин Абдулғози Султон Ҳусайн Баҳодирхон...”
Шу биргина жумладан Ҳусайн Бойқаро Навоий томонидан “салтанат денгизининг нодир жавоҳири”, “подшоҳлик осмонининг порлоқ қуёши”, “саховат ҳавосининг гавҳар сочувчи булути”, “шижоат ўрмонининг йўлбарсмонанд овчиси”, “адолат боғининг баланд сарви” сингари шоирона ташбеҳлар билан таърифланади.
Бундай мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин. Навоий асарларини ўқиш асносида ул зотнинг буюк ҳукмдорга ҳурмати ва эҳтироми қанчалик юқори бўлганини кўриш мумкин. Ўз навбатида Ҳусайн Бойқаро ҳам ўз ижодида Алишер Навоий лирикасига таянгани аниқ кўзга ташланади:
Гар Ҳусайнийға бир ўтлуқ юз ғами ўт солмаса,
Бас нечук оламни куйдурди навоийвор ўти?
Ёки:
Эй Ҳусайний, эл саломат кўйидин бўлғай жало,
Гар Навоий янглиғ оҳанги Ҳижозимни десам.
сингари байтларда ҳам Ҳусайнийнинг қадрдон дўсти бўлган Навоийга ихлоси ва эътибори яққол сезилиб туради.
Бироқ собиқ тузум даврида яратилган асарларда икки тарихий шахс ўртасидаги буюк дўстлик, самимий муносабатлар атайин назардан четда қолдирилган. Ҳукмдор фаолияти давридаги нохуш ҳодисалар, хусусан шаҳзода Муъмин Мирзо фожиаси ва бунда Ҳусайн Бойқаронинг иштирокига алоҳида урғу берилган. Албатта шаҳзоданинг хоинларча ўлдирилиши, бу машъум қатл фармонига Ҳусайн Бойқаронинг мастлик ҳолатида муҳр босиши темурийлар сулоласи инқирозини янада тезлаштирганини ҳеч ким инкор этмайди. Бу фожиа Навоийни қаттиқ изтиробга солгани турган гап. Аммо, Муъмин Мирзонинг ўлими шоҳ ва шоирни бир-биридан батамом айиргани ёлғон. Ҳазрат Навоий бу машъум фожиада султоннинг айби йўқлигини яхши тушунарди. Султоннинг энг катта айби кейинги пайтларда ичкиликка қаттиқ берилгани эди.
Мўъмин Мирзонинг ўлими қанчалар қайғули бўлмасин, Навоий бу нохушликни тақдир тақозоси сифатида қабул қилди. Бизга таниш асарларда бўлгани каби ҳазрат бу фожиада султонни айблаб, унинг пушаймонликда адо бўлаёзган қалбига наштар урмади. Аксинча бу иш ҳақнинг иродаси эканини айтиб, султонга далда берди.
Навоийнинг “Муншаот” тўпламида ушбу воқеа муносабати билан шаҳзоданинг отаси Султон Бадиъуззамон Мирзога ҳамда Ҳусайн Бойқарога битган мактублари ҳам ўрин олган:
“Жигарсўз ҳодисаким, истимои кўзга мужиби хунборлиқ ва ғамандўз воқиаким, иттилои жонға боиси афгорлиғ эрди — етишти. Кўз ашк тўфонидин баҳор ёмғуридек сели андуҳ оқизиб, жон ғусса фиғонидин найсон булутидек ўкурмак оғоз қилди... Аммо «Кулли нафсун зойиқат ул—мавти» шарбатидин ҳеч мутанаффас маоф ва «кулли ман ал-айҳа фана» хилъатидин ҳеч кимарса халос эрмас. Сабрдин ўзга чора ва таҳаммулдин ўзга тадбир топилмас”.
Навоий қисқача мактубга ушбу рубоийни ҳам илова қилади:
Гул борди эса, чаман муаттар бўлсун,
Шамъ ўчти эса, қуёш мунаввар бўлсун,
Шаҳзодаға гар равза муяссар бўлди,
Султонға жаҳон мулки мусаххар бўлсун.
Бундан ташқари, Ҳазрат Навоийнинг сўнгги дамларда ҳам айнан Ҳусайн Бойқаронинг ёнида кечгани, ҳатто буюк шоир ўз дўстини олис сафардан қайтаётганида, хаста ҳолига қарамасдан кутиб олишга чиққани, шаҳар ташқарисида уни эҳтиром ила қарши олгани ва шу ерда тақдир тақозоси билан Ҳақ омонатини топширгани ишончли манбаларда зикр этилади.
Хуллас, Навоийнинг яқин дўсти, маслакдоши Ҳусайн Бойқарога бўлган ихлос ва эҳтироми то сўнгги дамгача уни тарк этмади. Бугун ана шу ҳаққоний муносабат, самимий дўстлик ва қадрдонлик ҳақидаги илмий ва бадиий асарларни кўпроқ яратиш, халқимиз шуурига атайин синглирилган сохта тасаввурларга барҳам бериш лозим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида темурийлар даври Ренессанси, жумладан, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий давридаги маданий муҳит, шу даврда яратилган бебаҳо маънавий дурдоналарга, улар ўртасидаги дўстона муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.
Фирдавс Абдухолиқов,
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори,
Рустам Жабборов,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори