Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида, М–39 халқаро автомобиль йўлининг 1326-километрида жойлашган "Дарбанд" мунтазам йўл-патруль постидаги юк автомобиллари оғирлигини ўлчаш учун ўрнатилган тарози гўёки вилоят ҳокимининг қариндошига тегишли экани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, "Дарбанд" постида ўрнатилган "Тенсо M VA–20P" русумли юк тарозиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ–қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарорига мувофиқ, Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг техник ускунаси ҳисобланади.
Яъни, мазкур тарози хусусий шахсга эмас, балки давлат корхонасига тегишли бўлиб, у вилоят ҳокимининг қариндошига алоқадор экани ҳақидаги маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилган.
“Дарбанд” постидаги юк оғирлигини ўлчаш тизими — йўл инфратузилмасини сақлаш, автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ортиқча юк ташиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида юқоридаги меъёрий ҳужжатлар асосида ўрнатилган”,— дейилади хабарда.
Ҳозир вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Автомобиль йўллари бош бошқармаси “Дарбанд” постидаги назорат жараёнларини 24/7 режимида кузатув ва таҳлил остига олган.
Вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган асоссиз маълумотларга ишонмасликни ҳамда фақат расмий манбаларга таянишни сўраган.