Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратуранинг Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ходимлари томонидан “Ўзбекгидроэнегро” ва “Ўзтрансгаз” АЖларда коррупциявий ҳолатларни олдини олиш бўйича профилактик йиғилишлар ўтказилди.
Йиғилишда ходимлар томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишни олдини олиш, бу турдаги ғайриижтимоий қилмишларни келиб чиқишига имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф қилиш, тизим ходимлари томонидан ўтган даврда содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, комплаенс-назорат хизматининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, фаолиятини янада жадаллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
2025 йил 5 март куни Президентимиз раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи А.Мухиддинов томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Хидоятов билан бирга вазирликда йиғилиш ўтказилди.
Коррупцияни таг-томири билан қуритиш учун аввало инсон омили ва қоғозбозликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, соҳадан келиб чиқадиган бўлсак, “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилгач, тизимда очиқликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик бўйича ижобий ўзгаришларга эришилди.
Илгари инвестиция дастурига кирган объектларни қурадиган пудратчилар мингтага ҳам етмасди. Ўтган йили 13,5 мингта объект қурилишида 4 мингдан зиёд пудратчи иштирок этди.
Соҳа рақамлашгани ҳисобига ўтган 4 йилда 3,6 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
Вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда қурилиш ва коммунал соҳани вертикал тизим бўйича тўлиқ коррупциясиз соҳага айлантириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омиллар, сабаблар ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш топширилди.
Бунда биринчи навбатда соҳадаги рухсат бериш, лицензиялаш фаолиятини рақамлаштириш орқали инсон омилини қисқартиришга қаратилган платформаларни яратиш вазифалари қўйилди.
Шунингдек, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи У.Утаев томонидан экология соҳасида рухсатнома бериш ҳамда маъмурий чора кўриш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида санаб ўтилган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Унда юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича аниқ таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.
Бош прокуратура Ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича келгусида қилинадиган вазифалар муҳокама қилиниб, чора-тадбирлар белгиланди.