АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати–2026 гуруҳ босқичининг илк учрашувида Германия терма жамоаси Кюрасао устидан 7:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Немислар ҳисобни 6-дақиқадаёқ Феликс Нмеча голи билан очишди. Бироқ Кюрасао вакиллари таслим бўлмади ва 21-дақиқада Ливано Комененсия жамоа тарихидаги Жаҳон чемпионатларидаги илк голни урди.
Шундан кейин Германия майдонда тўлиқ устунликни қўлга олди. Биринчи бўлимда Нико Шлоттербек ҳамда пенальтидан аниқ зарба йўллаган Кай Ҳаверц рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Иккинчи таймда эса Жамал Мусиала, Натан Браун, Дениз Ундав ва яна бир бор Кай Ҳаверц ўз номини таблога ёздириб қўйди. Натижада Германия мусобақани йирик — 7:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади.
Қайд этиш жоиз, Кюрасао терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Комененсиянинг голи эса мамлакат футболи учун мундиаллардаги биринчи гол сифатида тарихга кирди.
Ушбу ғалабадан сўнг Германия Е гуруҳида пешқадамга айланди.






