“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида мажбурий овоз тўплангани аниқланган лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фуқароларга тегишли эслатма билан чиқди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува туманидаги 37-мактабда мажбурий овоз бериш ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқалди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг билдиришича, мазкур ҳолатлар тегишли ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам ушбу мактабда ходимлар мажбурий овоз беришга жалб этилгани тасдиқланди.
Шу муносабат билан вазирлик томонидан мазкур мактабда мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш юзасидан тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилинганини айтганди.
“Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш — мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган. Вазирлик овоз тўплашга мажбурлаш ҳолатларига дуч келган фуқаролардан зудлик билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч рақамига қўнғироқ қилишларини сўради.
“Ўз овозингизни қадрланг, уни фақат ўзингиз муносиб деб билган лойиҳага беринг”, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида.
“Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи 11 март куни бошланганди. Ушбу босқич 20 март соат 23:59 гача давом этади.