АсосийДунё

Хитой арзон ишлаб чиқариш пасайиши билан боғлиқ "Хитой шоки"га дуч келмоқда

Ҳозир ҳам Хитой жаҳондаги энг йирик пойабзал ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда, аммо сўнгги ўн йилликда унинг бу бозордаги улуши 10 фоизга камайди.

'Хитой арзон ишлаб чиқариш пасайиши билан боғлиқ "Хитой шоки"га дуч келмоқда'ning rasmi

Бир пайтлар жаҳон ишлаб чиқариш маркази бўлган Хитой ҳозирда ўзининг ҳукмронликка эришгани оқибатларини ҳис қилмоқда. Бу ҳолат "Хитой шоки" деб номланмоқда. 

Ўшанда бир неча йил аввал Хитойнинг гуллаб-яшнаётган ишлаб чиқариш сектори арзон ишчи кучи ва юқори самарали таъминот занжирлари ҳисобига жаҳон бозорида етакчи ўринни эгаллаган эди. Айниқса, пойабзал каби арзон маҳсулотларни ишлаб чиқаришда бу мамлакат етакчи рол ўйнаган. Бироқ сўнгги ўн йилликда вазият ўзгарди: Хитойнинг жаҳон экспортидаги улуши пасая бошлади, бир пайтлар муваффақиятли фаолият юритган заводлар эса янги шароитларга мослаша олмаяпти, деб ёзади The Financial Times газетаси.

Бу ўзгаришнинг ёрқин намунаси сифатида Гуандунда пойабзал фабрикасига эгалик қилган Чжоу Юшэнгни келтириш мумкин. Бир пайтлар унинг корхонасида 100 дан ортиқ ишчи меҳнат қилган бўлса, ҳозир бу рақам 20 нафардан ҳам кам. "Агар шундай давом эаверса, келажагимиз умидсиз ва ноаниқ", дейди Чжоу Гуанчжоудаги деярли бўшаб қолган улгуржи бозордаги шоурумида. Унинг фабрикаси барқарор бўлмаган меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқариш секторидаги умумий муаммоларни акс эттиради. Мамлакатда иш ҳақи ошган, Вьетнам ва Индонезия каби Жануби-Шарқий Осиё давлатлари эса рақобатни кучайтирмоқда.

Ҳозир ҳам Хитой жаҳондаги энг йирик пойабзал ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда, аммо сўнгги ўн йилликда унинг бу бозордаги улуши 10 фоизга камайди. Таҳлилчилар бу пасайишни Хитойга нисбатан арзонроқ ишлаб чиқариш марказларининг ривожланиши ва уларнинг таъминот занжирлари самарадорлигининг ортиши билан боғлайдилар. Бунинг натижасида кўплаб хитойлик ишлаб чиқарувчилар оғир танлов олдида қолмоқда: автоматлаштиришга инвестиция киритиш керакми ёки меҳнат талаб қиладиган усуллардан фойдаланишда давом этмоқ керакми? Биринчи вариант ишчи кучини камайтириб, самарадорликни оширади, иккинчиси эса рақобатда ортда қолиш хавфини келтириб чиқаради.

Меҳнат талаб қиладиган тармоқларнинг таназзули бошқа ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам кузатилмоқда. 2011-2019 йиллар орасида 12 та асосий меҳнат талаб қиладиган тармоқда иш билан таъминланганлар сони 14 фоизга, яъни тахминан 4 миллион кишига қисқарган. Хусусан, тўқимачилик саноатида иш ўринлари 40 фоизга камайган. 2019-2023 йиллар давомида ўша соҳаларда яна 3,4 миллион иш ўрни йўқолган.

HSBC'нинг Осиё бўйича бош иқтисодчиси Фредерик Нойманн Хитойнинг бугунги аҳволини қуйидагича изоҳлайди: "Хитой сўнгги ўн йилликларда ўзининг меҳнат ресурсларига бойлиги туфайли жаҳон бозорида меҳнат талаб қиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда етакчига айланди. Бироқ бу давр тугади".

Кузатилаётган ўзгаришлар Хитой учун иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ғарб давлатлари ўз вақтларида Хитойнинг ишлаб чиқариш ҳукмронлигига жавобан истеъмолга асосланган иқтисодиёт ва хизматлар секторини ривожлантирган эди. Бироқ Хитойнинг бундай сценарий бўйича ривожланиши ноаниқ. Президент Си Цзиньпин раҳбарлигида Хитой "янги сифатли ишлаб чиқариш кучлари", яъни юқори технологияли ишлаб чиқариш ва яшил технологияларни ривожлантиришга урғу бермоқда. Бироқ бу тармоқлар меҳнат талаб қилмайди ва меҳнатсевар қатлам учун етарли иш ўринларини яратиш эҳтимоли паст.

Нойманнинг фикрича, Хитойдаги мавжуд меҳнат ресурслари замонавий саноатга тўлиқ мос келмайди: "Айрим соҳаларда юқори технологияларга ўтиш меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни қоплай олмайди". Шунингдек, у Хитой ҳукумати 2025 йил учун белгиланган "тахминан 5 фоиз" иқтисодий ўсиш мақсадига эришишда қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини таъкидлайди. Бу мамлакатнинг анъанавий ишлаб чиқариш секторисиз амалга ошиши жуда мураккаб бўлади.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар