Жанубий Кореяда ўрмон ёнғинлари авжига чиқмоқда. Ҳаво кемалари пайшанба куни ёнғин авж олган ўрмонларга сув сепишда давом этмоқда. Ёнғин ўчириш гуруҳлари мамлакат тарихидаги энг йирик ёнғинларни назоратга олиш учун курашни давом эттирмоқда. Бу ёнғинлар ҳозиргача 28 кишининг ҳаётига зомин бўлди, камида 37 800 нафар одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, минглаб иншоотлар ва транспорт воситалари йўқ бўлди.
Ўтган жума кунидан бери кучли шамол ва қуруқ об-ҳаво сабаб жанубий-шарқий ҳудудларда бир нечта ёнғинлар тарқалди. Ҳукумат минглаб қутқарувчилар, ўнлаб вертолётлар ва бошқа техникаларни жалб этди, аммо қаттиқ шамол ёнғинни ўчириш ишларини қийинлаштирмоқда.
Гарчи ёмғир ёғиб штган бўлсада, аммо Корея ўрмон хўжалиги хизмати раҳбари Лим Сан-сопнинг таъкидлашича, тахминан 5 миллиметрдан (0,2 дюйм) кам бўлган ёғингарчилик ёнғинларни ўчиришда сезиларли ёрдам бермайди.
Ҳалок бўлганлар орасида чоршанба куни ёнғинни назорат қилиш пайтида вертолёти қулаган учувчи ва олдинроқ тез тарқалган аланга ичида қолиб ҳалок бўлган тўрт ўт ўчирувчи ҳамда бошқа ишчилар бор.
Ҳудуд маъмурияти фуқаролар орасида ҳалок бўлганлар ҳақида батафсил маълумот бермаган, фақат уларнинг кўпчилиги 60 ёшдан ошган ёки кексалар эканини маълум қилган. Улар тез эвакуация қилиниши қийин бўлган ёки ҳатто хавфсиз жойга кўчиш буйруғини рад этган шахслар бўлган. Ҳокимият бир нечта ёнғинлар инсон хатоси сабабли келиб чиққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Жумладан, одамлар оилавий қабрларнинг атрофида ўсиб кетган ўтларни тозалаш вақтида ёнғин чиқишга сабаб бўлган ёки пайвандлаш ишлари пайтида учқун тушган ҳолатлар ҳам қайд этилган.
Абдуллоҳ Саййид