АсосийДунё

Путин тинчлик музокараларига КХДРни ҳам қўшмоқчи

Украинадаги тинчлик жараёнида фақат АҚШ эмас, балки Россияга “дўст” бўлган давлатлар ҳам иштирок этиши мумкин.

'Путин тинчлик музокараларига КХДРни ҳам қўшмоқчи'ning rasmi

Украинадаги тинчлик жараёнида фақат АҚШ эмас, балки Россияга “дўст” бўлган давлатлар ҳам иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кеча, 27 март куни “Архангельск” атом сувости кемаси денгизчилари билан учрашувда маълум қилди.

“Бу – Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка – барча BRICS давлатлари. Ва яна бошқалар, масалан, Корея Халқ Демократик Республикаси”, деди Путин.

У Шимолий Корея Россиянинг “ҳамкори” эканини эслатиб ўтган. Шунингдек, ўтган йил охирида Москва ва Пхеньян ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома кучга кирганини қайд этган. Ҳужжатга кўра, ҳар икки давлатга ҳужум қилинган тақдирда, томонлар бир-бирига “мавжуд барча воситалар” билан ёрдам беришга мажбур.

Ғарб разведка маълумотларига кўра, КХДР Россияга камида 10 минг ҳарбий хизматчи ва 2 миллиондан ортиқ снаряд етказиб берган. Путиннинг сўзларига кўра, Шимолий Корея билан ҳамкорлик ҳарбий-техник ва ҳарбий соҳаларда давом этмоқда.

“Ғарб давлатларига келсак, улар Россияни алдаб келган. Европа давлатлари эса буни доимий равишда амалга оширишга уриняпти. Россия ҳар қандай низони тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлайди, фақат бизнинг ҳисобимиздан эмас”, деб шикоят қилган Россия етакчиси.

    Бошқа янгиликлар