31 март куни Хўжандда чинакам тарихий воқеа – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича давлатлар раҳбарлари Давлат чегараларининг учрашиш нуқтаси тўғрисидаги битимни имзоладилар. Бу давлат чегараларини бутун минтақа хавфсизлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган тинчлик, барқарорлик ва умумий ривожланиш ҳудудига айлантиришга бўлган қатъийликдан далолатдир.
Фарғона водийсини иккига бўлиб турган учта мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши - ҳурмат, суверенитет, тенглик ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланган кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир. У учта мамлакат халқлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилган ҳолда, ҳар томонлама шерикликни ривожлантириш учун мутлақо янги истиқболларни очади.
Айни дамда, шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу жараёнда бутун минтақанинг бирлашуви катта роль ўйнади, бу эса моҳиятан, юзага келаётган муаммоларни фақат муросаа ва бир-бирининг манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш руҳида тартибга солиш учун асос яратди.
Кўпчилик экспертлар Марказий Осиё қисқа вақт ичида минтақа ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ижобий томонга ўзгартирди, деган якдил фикрни билдирадилар. Яқин ўтмишда ҳам мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар, у ҳоҳ чегара масалалари бўлсин, ҳоҳ сувдан фойдаланиш масаласи бўлсин, ҳал этилмаган муаммолар ва ўткир қарама-қаршиликлар билан тўла эди.
Бироқ яқиндагина иложсиз деб кўринган давлатлараро низолар бугун энди бемаъни сценарийдек кўринмоқда. Турли шубҳалар, скептицизм ва носоғлом рақобат ўрнини ишонч, ўзаро тушуниш ва минтақа олдидаги умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган интилиш эгаллади.
Бугун мамлакатлар раҳбарларининг сиёсий бирлашуви самарасида Марказий Осиё ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамколрик маконига айланди. Минтақа юзага келаётган муаммо ва таҳдидларни мустақил енггиб, янада барқарорлашди, иқтисодий ва инвестициявий фаоллик марказига айланган ҳолда, изчил ривожланиш траекториясига чиқди.
Марказий Осиё глобал кун тартибини шакллантиришда халқаро муносабатларнинг масъул ва ишончли субъекти сифатида тобора муҳим роль ўйнай бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташқи сиёсати минтақани яқинлаштириш жараёнларига муҳим ҳисса қўшди. Президент мамлакат раҳбари лавозимига киришган дастлабки кунларданоқ, Марказий Осиёминтақасини Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг муҳим устувор йўналиши сифатида белгилаб берган.
Яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни тартибга солиш, умумминтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро майдонда фаол ҳамкорлик қилиш минтақавий сиёсатнинг асосий вазифаларига айланди.
Ўзбекистон ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойи Самарқанд шаҳрида БМТ шафелиги остидаташкил этилган “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак” юқори даражадаги конференцияси минтақавий ҳамкорликнинг мутлақо янги форматини шакллантириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш учун келгуси ҳаракатларга замин яратди.
Бу эса, ўз навбатида, минтақада соғлом сиёсий муҳитни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратди, Марказий Осиёни янада бирлаштириш учун асослар яратган ҳолда, давлатлараро муносабатларни тубдан яхшилаш имконини берди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари механизмининг йўлга қўйилиши Марказий Осиё тарихида бурилиш бўлди. Маслаҳат учрашувлари стратегик масалаларни муҳокама қилиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун асосий платформага айланди. Сўнгги йилларда у Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ва институционал асосларини ривожлантирувчи ва мустаҳкамловчи амалий механизмга айланди.
Турли механизмлар ишга туширилди, жумладан ташқи сиёсий ва тармоқ вазирликлари раҳбаларининг учрашувлари ташкил этилди. Етакчи аёллар, ректорлар, олимлар, ёшлар учрашувлари, иқтисодий форум ва кўргазмалар, қатор маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам равшида ўтказиб келинмоқда.
Концептуал, жумладан узоқ муддатли ҳужжатларнинг қабул қилиниши мазкур формат доирасида олиб борилган кўп йиллик ўзаро ҳамкорлик натижаси бўлди. Хусусан, 2024 йилнинг август ойида бўлиб ўтган Остона саммитида “Марказий Осиё – 2040 минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси” қабул қилинди. Ҳужжатда мамлакатларнинг долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ва минтақада кооперация жараёнларини чуқурлаштиришга интилиши мустаҳкамланади.
Бундан ташқари, худди шу саммитда қабул қилинган 2025-2027 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"нинг қабул қилиниши минтақа мамлакатларининг фаол ҳаракат қилишга тайёрлигини намойиш этиб, қабул қилинаётган концептуал ҳужжатларни амалга оширишга интилишларини кўрсатади.
Шу билан бирга, сиёсий бирлашув ва юксак даражадаги ишонч фаол иқтисодий ўсишга ҳисса қўшди. 2016 йилдан буён минтақавий ЯИМ 80 фоиздан ошиб, 2024 йил якунида қарийб 500 млрддолларга яқинлашди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларисаноат кооперацияси, қўшма инвестициявий лойиҳалари ва юқори қўшимча қийматга эга ишлаб чиқаришларни ривожлантириб, анъанавий савдо чегараларидан чиқдилар. Бу транспорт ва энергетика тизими ҳамда янги логистика йўналишларига интеграция қилинган ягона минтақавий бозорни шакллантиришга олиб келади.
Бундан ташқари, минтақада чегара савдо-саноат зоналари ташкил этилмоқда. Йирик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида икки томонлама форматда Ўзбекистон-Қирғизистон ва Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция фондлари ишга туширилди.
Ушбу институтлар доирасида автомобилсозлик, электр-техника, тўқимачилик саноати, қишлоқхўжалиги каби соҳаларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Бу импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Марказий Осиё саноат инфратузилмасининг барқарорлигини таъминлаш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бошқача айтганда, минтақавий яқинлашувжараёнлари узоқ вақт давомида Марказий Осиёнинг айрим давлатлари учун мураккаб ва нозик бўлганчегара масалаларини тартибга солишда муҳим роль ўйнади.
Хусусан, минтақадаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара масаласида тўлиқ келишиб олди, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараларини делимитация қилди.
Шу билан бирга, виза режимлари соддалаштирилиб, ўтказиш пунктларининг ўтказувчанлик қобилияти яхшиланмоқда. Бу фуқароларнинг ўзаро саёҳатларининг кўпайишига ҳисса қўшммоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Туркманистондан бошқа барча мамлакатлари билан визасиз саёҳат режимини сақлаб қолган.
Бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари рўйхатга ўтмасдан туриб, 30 кунлик муддатга ўзаро саёҳат қилиш имконига эгалар. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 60 кунгача визасиз режим ўрнатилган, 2023 йилнинг 1 сентябрдан бошлаб эса, икки давлат фуқароларининг ўзаро саёҳатлари учун (чет эл паспортлари ўрнига) ID-карталардан фойдаланиш имкони яратилди. Ўз навбатида, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари виза расмийлаштирмасдан 30 кунгача мамлакат ҳудудида қолишлари мумкин.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши тугаб бораётган ойнинг муҳим воқеаси бўлди. Моҳиятан, икки мамлакат ўртасидаги узоқ вақтдан бери давом этаётган келишмовчиликлар ўтмишда қолди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Бундан ташқари, томонлар тўрт йил давомида ёпиқ бўлган иккита чегара назорат-ўтказиш пунктларининг ишини қайта очиб, авиаташувларни тиклаш тўғрисида келишиб олдилар.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган ва иқтисодий фаол ҳудудлардан бири – Фарғона водийсини ривожлантиришда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Унинг ҳудудида 16,5 млндан ортиқ аҳоли ёки бешта мамлакат умумий аҳолисининг 20 фоизи истиқомат қилади. Водийда аҳоли зичлиги бир квадарт метрга 200 кишини ташкил этади, бу Марказий Осиё бўйича умумий кўрсатгичдан 12 баробар кўпдир.
Чегара масалаларининг тартибга солиниши ва олдинги чекловларнинг бекор қилиниши савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт ўзаро боғлиқлиги ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратади. Чегарадан ўтиш режимининг соддалаштирилиши бизнес, трансчегаравий савдони ривожлантириш ҳамда савдо миграцияси учун имкониятларни кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Битим қўшма инфратузилма лойиҳалари, жумладан транспорт йўлакларини модернизация қилиш, логистика марказларини ташкил қилиш ва чегара савдо-саноат зоналарини ривожлантириш учун янги истиқболларни очади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ҳаётни фаоллаштиришга, инвестицияларнинг ошишига ва жадал ривожланаётган Фарғона водийси учун айниқса муҳим бўлган янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади.
Шундай қилиб, Хўжанддаги уч томонлама саммит минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг мантиқий давоми бўлибгина қолмай, бутун дунёга Марказий Осиё мураккаб масалаларни тинч йўл билан, мулоқот ва ўзаро келишувлар орқали мустақил ҳал қилишга тайёр эканини кўрсатувчи муҳим белги бўлади.
Азамат Сулиманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
Саидбек Маматкобилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими