Сурхондарё, Фарғона, Наманган ва Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда 22 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Cobalt автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Денов туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнида 9 килограмм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. Терговга қадар текширув давомида ушбу гиёҳвандлик воситаси келгусида сотиш мақсадида тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилгани маълум бўлди.
Шу билан бирга, Олтинсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1969 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ва унинг Денов туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган жиноий шериги ўзаро келишган ҳолда, Тожикистондан олиб келинган 1 килограмм 962 грамм “опий” моддасини харидорга 200 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинди.
Фарғона вилоятидаги ҳолатда эса, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1994 ва 1988 йилларда туғилган 2 фуқаро кетаётган автотранспорт воситаси шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб, текширилганда, уларнинг ёнида 5 килограмм 862 грамм “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан ушбу гиёҳвандлик воситасини ҳар бир килограммини 89 миллион сўмдан келишган ҳолда сотиб олмоқчи бўлган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди. Бундан ташқари, ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида наркосавдогардан олиб, Ўзбекистонга контрабанда йўли билан келтирган жиноий гуруҳ етакчиси – Сўх туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс ҳам процессуал тартибда ушланди.
Шунингдек, Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 3 килограмм 950 грамм “гашиш” моддасини харидорга 38 минг долларга сотган вақтида ушланди. Шунингдек, у билан бирга келган жиноий шериги – Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 1992 йилда туғилган шахснинг Фарғона туманидаги яшаш хонадонидан муқаддам Қирғизистондан келтирилган 868 грамм “гашиш” моддаси ҳам олинди.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда Фарғона вилоятида яшовчи, 1988 йилда туғилган ҳамда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи, 1969 йилда туғилган, муқаддам судланган икки фуқаро Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 943 грамм “опий” моддасини сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 22 килограмм 585 грамм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.