АсосийSalomatlik

“Оқ олтин” ҳақида нималарни биласиз?

Ош тузи – бу хлорид натрий, NaCl демакдир. Шунингдек, уни хлорли натрий, ош қошиқли туз, тошли туз ҳам дейишади. Тузни тошли, майда, йодланган каби навларга ҳам бўлишади. Табиий ош тузи 39,4% натрийдан ва 60,0% хлордан ташкил топган.

Кунига 5 г. туз истеъмол қилиш киши учун физиологик меъёр ҳисобланади. Бироқ Европадаги ўрта ёшли кишилар кунига 10 г. туз ейишар экан. Айрим тадқиқотчилар эса туз истеъмол қилиш 20-25 г.дан ошиб кетмаслиги даркорлигини таъкидлайдилар. Туз инсон организмида икки функцияни бажаради. Биринчидан, танадаги сув балансини ушлаб туради. Иккинчидан, ошқозон учун кўмакчидир. Меъёридан ортиқ тузни биз асосан дудланган маҳсулотларда еб қўямиз. Масалан, пишлоқ, колбаса, дудланган маҳсулотларда, тузламаларда ва балиқ консерваси, чипсиларда ҳам. Агар бу егуликларсиз яшай олмасангиз, таомларга туз солишдан тийилганингиз маъқул.

Она сути билан озиқланадиган болалар тузга муҳтож бўлмайди. Чунки она сутида гўдак учун етарли туз бўлади.

Инсон тузсиз таомни 10 ёки 11 кун ейиши мумкин. Айрим кишилар озиш мақсадида тузсиз овқатларни баҳам кўришади. Аммо бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидай натижа бермайди. Организмга туз етишмаслиги – бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айнишини келтириб чиқаради. Шу боисдан ориқлашишни истаган кишилар парҳез қилмасдан аввал диетолог билан маслаҳатлашиши ўринли.

Тадқиқотларга кўра, тузни аёлларга қараганда эркаклар кўпроқ истеъмол қилар экан. Ош тузини кўп истеъмол қилиш зарар ҳисобланади. Хусусан, аёлларда терининг дағаллашиши ва тез қариш аломатларини кучайтиради. Барча ёшдаги одамлар учун эса ортиқча вазн тўплашга туртки ҳамдир.

Яна бир қизиқ маълумот, ўрта асрларда туз жуда ноёб саналиб, уни “оқ олтин” деб ҳам аташган.

Айтишларича, озиқ-овқат учун ош тузи жуда кам миқдорда ишлатилар, тузнинг катта миқдори қишнинг изғирин кунларида автоҳалокатларнинг одини олиш учун муз билан қопланган йўл устига сепилади.

Буйрак тоши ва гипертоник касалликлар билан оғриган инсонларга тузни истеъмол қилиш зудлик билан камайтирса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ош тузи тўрт хил навда бўлиши мумкин. Улар экстра, олий навли, биринчи ва иккинчи навдаги тузлардир. Ош тузини махсус қути ёки ўрамга жойлашади. Тузни бундай ўрамга 1000 г. миқдорда солиш мумкин. Транспорт воситаларини ҳалокатдан сақлаш учун ишлатиладиган тузни бошқа идишларга қадоқлашади. Ош тузини усти ёпиқ ва қуруқ жойда сақлаш лозим. У намликни ёқтирмайди. Катта миқдордаги тузни эса усти очиқ жойда сақлаган маъқул.

 

Туз ранги ва навидан қатъи назар, у шўр бўлиши лозим. Унга бошқа нордон таъмли ва турфа таъм берувчи моддалар қўшилмаслиги керак. Омма тилида йодланган туз деган тушунча бор. Бироқ бу каби туз оддий ош тузига йодли калий қўшилиши билан ҳосил қилинади. Йодланган туз организмдаги йод танқислигини бартараф этади. Аммо бошқа навли тузлардан фарқи шуки, вақт ўтиши билан йодланган туз ўз таъсир кучини йўқотади. Олти ойдан сўнг йодланган туз яроқсизланади, яъни ундаги йод миқдори камайиб, оддий ош тузига айланади-қолади. Шу боис йодланган тузни ҳам ўз вақтида истеъмол қилган маъқул. Уни қуруқ ва усти зич ёпиқ жойда сақлаш керак.

Икки қават ўралган туз 2,5 йилгача, ичида пакети йўқ қутили туз 1 йилга, полиэтилен қопламали туз 5 йилга, қоғоз қоплиси 1 йилга етади.

Зилола ЖАЛОЛОВА тайёрлади.

Бошқа янгиликлар