1

«Эримга машина, қайнонамга тилла, менга эса бахт керак!»

СУҒДИЁНА 19.12.2016, 11:52
Теглар: Аёл, Оила, Бахт, SUGDIYONA
«Эримга машина, қайнонамга тилла, менга эса бахт керак!»

«Ойингизга айтинг, қовурдоққа қўшиб, музлаткич ҳам олиб келсин», «Даданг машина олиб бермасмикан?..» «Фалончининг қудаси шундай депти, ноинсоф!» Одамлар орасида юрган ва қулоққа, афсуски, тез-тез чалинаётган бундай гапларнинг илдизи тамагирлик деб аталмиш бир иллатга бориб тақалади. Биз оила тинчлигига раҳна солувчи шу иллат муҳокамасига бел боғладик.

Тамагир қайнона

— Қайнонам совғаларни сўраб, бермасангиз, талаб қилиб, ҳатто керак бўлса, бунинг учун катта жанжални бошлаб ҳам, олади. Масалан, бир тақинчоқ ёқиб қолди унга. Аввалига «Фалончининг фарзанди жуда зўр-да, онасига олтин зирак олиб берибди», деб гап бошланади. Эртасига шу зиракни олиб бермаган ўғил қобил фарзанд эмаслиги айтилади. Агар ўғли дўкондан ўша буюмни олиб келса келгани, бўлмаса, кейинги кун коса товоққа урилган, қовоқдан қор ёққан, ўғилнинг саломига тил учида алик олингану бор зуғум келинга қилинган... Худога шукр, эримнинг топиш-тутиши яхши, аммо бир ўзининг зиммасида бутун оила ташвиши (қайнотам оламдан ўтган) — сингилларни узатиш, укасининг ўқишига пул тўлаш, икки фарзанди ва хотинини таъминлаш...

Манзура, Навоий вилояти

Маслаҳат! Қайнонангизнинг хатти-ҳаракатларига икки хил изоҳ бериш мумкин. Биринчиси, у ёшлигиданоқ истаган ҳамма нарсасига эришган, эрка аёл бўлган. Иккинчиси, қайнотангиз оламдан ўтгач, эътиборталаб бўлиб қолган. Яъни у совғалар орқали ўзига эътибор талаб қилаяпти. Агар биринчи ҳолат бўлса, «букрини гўр тузатади», яъни чидашдан бошқа чорангиз йўқ. Иккинчи ҳолатни эса амалласа бўлади. Бунинг учун озгина тадбиркорроқ бўласиз. Қайнонангиз катта совға талаб қилишигача кутиб ўтирмай, тез-тез уни кичик туҳфалар, концерт ёки кинога таклифлар, ширин таомлару меҳмондорчиликлар билан сийлаб турасиз. Шунда қайнонангиз ўзига нисбатан эътибор танқислигини сезмайди. Бир марта қилинадиган қимматбаҳо туҳфанинг пулини бўлиб-бўлиб, ўн марта совға қилишингиз мумкин ва бу борада анча фойда кўрасиз. Яна бир усул бор: қайнонангизга сўраган нарсасини ўрнига ўхшаш, аммо арзонроғини олиб беринг. Бир-икки марта совғага ўзи истамаган нарсани олса, бошқа сўрамай қўйиши ҳам мумкин.

Тамагир келин

— Келинимнинг дастидан янги кийим киёлмай қолдим. Кўзи олма-кесак теради, бирор янги нарсамга кўзи тушса, дарров эрига айтиб, ўзига ҳам олдириш пайига тушади. Сандиғимни очсам, тепамга келиб туради ва албатта, ниманидир ўзиники қилишнинг йўлини топади. Баъзида «Шу нарсангиз чиройли экан», деб ишора қилса, баъзан «Манавини менга беринг, ойижон», деб очиқ сўрайди. Бермасам, араз-гина, жанжал... Боламнинг қулоғи тинч бўлсин деб, олти йилдан бери чидаб келаяпман. Аммо баъзида фарзандларимнинг  шу келиндан беркитиб совғалар олиб келишаётганини кўриб, эзилиб кетаман.

Камола ая, Қўқон шаҳри

Маслаҳат! Келинингизнинг бу хатти-ҳаракати — нотўғри тарбия маҳсули. Аслида болаликда бу одат ҳаммада учрайди. Акаси ё синглисига нарса олсангиз, менга қани деб тўпалон қилмайдиган бола кам. Лекин вақт ўтиши билан ота-она фарзандидаги бу одатга қарши курашиши керак. Қудаларингиз эса қизини кўп талтайтиришган кўринади. Инсон баъзи нарсалардан маҳрумликка ёшликдан кўникиб бориши керак. Қолаверса, бировдан текинга ниманидир ундириб олишга интилиш келинингизда кучли. Бу инсонлараро соғлом муносабатга ўрганмаганидан далолат. Іамма нарсанинг ўз баҳоси бўлишини наҳотки шу ёшгача билмаган бўлса? Келинингиздаги бу иллат билан курашиш ё шунга кўниб яшаш сизнинг зиммангизда қолибди. Биринчидан, унга сўраган нарсасини бераверманг. Жанжал чиқмасин деб, ён бериш ярамайди, аслида, муаммони жанжалсиз ҳам ҳал қилиш мумкин. Сўрадими, эвазига беришни ҳам билсин. Шунда ўйлаб гапирадиган бўлади. Масалан, сандиғингиздаги бирор матога эгалик қилгиси келиб қолди дейлик. Айтингки, сизга ҳам бу нарса ёқади ва ўзингизга керак. Борди-ю сўраб қўймаса, «Майли, фақат ойлигингиздан ўрнини тўлдириб қўясиз», денг. Хуллас, қаттиққўлроқ бўлинг.

Тамагир қуда

— Қиз узатдим-у балога қолдим. Вой бу қудаларнинг нафсини... Іали ясси экранли телевизор, ҳали автомат кир ювиш машинаси, ҳали стол-стул. Бирор байрам ёки туғилган кун яқинлашса, безиллаб тураман бу сафар қудам нима тама қиларкан, деб. Тўйдан бир ярим йил ўтгач, турмуш ўртоғим қарзлар кўплигидан сиқилиб юрак хуружини бошдан ўтказди. У кишини авайлайман десам, қизим, қизимнинг турмушини асрайман десам, эрим... Икки ўт орасида қолдим.

Гулзода опа, Тошкент шаҳри

Маслаҳат! Тассуфки, бу жамиятимизда чуқур илдиз отаётган ва оилаларимизни ичдан емираётган жирканч иллатдир. Іозир маҳалла фаоллари, Хотин-қизлар қўмиталари бу иллат билан кураш йўлида ҳаракат қилишаяпти, аммо барибир юқоридаги ҳолатлар учраб турибди. Оила тинчлиги, фарзандлари бахтини нарса-буюмлар билан ўлчайдиган қайноналарга қарши бир неча кураш турлари бор, лекин оналар қизининг тинчини ўйлаб, кўпинча муроса йўлини тутишади. Уларни тушунса бўлади. Фақат муроса бошқа-ю, буткул бўйсуниш бошқа. Ёш оиланинг тотув ва бахтли ҳаётидан нафақат сиз, қудангиз ҳам манфаатдор. Буни унга англатиш керак. Балки эркак қудалар ўзаро гаплашиб, масалани ҳал этишар. Ёки куёвингиз билан гаплашиб кўрасизми? Хуллас, ишни «хўп-хўп» билан ҳал этиб бўлмаяптими, энди музокаралар вақти етди. Қуда-андачиликни янги босқичга кўтаринг, қудангиз билан дилдан гаплашиб кўринг. Имкониятингиз йўқлигини, турмуш ўртоғингизнинг саломатлиги ёмонлашганини тушунтиринг. Балки тушунар. Кўпинча қайноналарга ёши катта кайвони хотинлар, отинойиларнинг гапи ўтади. Уларга мурожаат этиш мумкин. Хуллас, оқим бўйлаб сузавермай, қудангизнинг онгига таъсир ўтказиш йўлларини изланг.

Тамагир куёв

— Қизим вилоятдан келган бир йигит билан севишиб турмуш қурди. Ичкуёв қилдим. Лекин куёвим жуда тамагир чиқди. Уйимда туриб, рўзғорга қарашмагани етмагандек, ҳали машина мингиси келади, ҳали данғиллама ҳовли истаб қолади. Бу истакларини қизим орқали қулоғимга шундай етказадики, гўё мен шуларнинг ҳаммасини олиб беришим керак. Гумон қилишимча, бу йигит қизимга кўнгил қўймаган, шунчаки моддий имкониятларимни чамалаб, ўзича бир режалар билан уйланган. Чунки иши йилдан-йилга ривожланаётган тадбиркор эканимни, қизим яккаю ёлғиз фарзандлигини у яхши билади.

Ойниса опа, Тошкент шаҳри

Маслаҳат! Куёвингиз чиндан ҳам шундай ниятда оила қурганига аминмисиз? Бу жиддий айблов. Уни тилга олиш учун тахминлар эмас, далиллар керак. Чунки қизингизнинг бахти шунга боғлиқ. Куёвингизнинг тамаларини жиддий қабул қилмаслигингиз мумкин. Лекин агар имконингиз кўтарса, ёш оилага алоҳида (майли, данғиллама ҳовли эмас, чоғроқ квартира) олиб, рўзғорини бўлак қилиб беринг. Куёвингиз оилани ўз кучи билан боқа оладими, сизнинг ёрдамингизсиз бирон нарсага эриша оладими — шуларнинг барига жавоб топасиз. Ажаб эмаски, гумонларингиз тарқаб, қизингиз бахтли бўлиб кетса.

Тажрибали қайнона Марғуба Комилова тавсиялари асосида Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрланди.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1